АГАР ОГОҲСАН СЕН ШОҲСАН СЕН
23

Диний қадриятларнинг, эзгуликнинг, инсониятнинг душмани бўлган ёт ғояларнинг асл моҳиятини очиб бериш, бузғунчи оқимларни жиловлаш, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш, мана шундай тинч, мусаффо осмон остида бунёдкорлик меҳнати билан банд бўлиб, шукрона келтириб яшаш ҳамда тинч ҳаётимизни ҳар қандай ёмон иллатлардан асрашга ҳар ким ўз ҳиссасини қўшиш – бугунги куннинг энг долзарб вазифаси бўлиши керак. Мамлакатимизда ёш авлодни она Ватанга муҳаббат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат-эҳтиром руҳида камол топтириш, уларни маънавиятимизга ёт зарарли ғоялар таъсиридан ҳимоялашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ҳозирги оммавий коммуникация технологияларининг шиддат билан ривожланиб, интернет тармоқларидаги xизматлардан фойдаланувчилар орасида ёшларнинг тобора ортиб бориши, бу борада ҳар биримизни янада ҳушёрроқ ва огоҳ бўлишимизни талаб этмоқда. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Ҳар бирингиз нозир (бошлиқ) ва қўл остингиздагилар хусусида масъулдирсиз» (Муттафақун алайҳ). Ҳар бир нарсани ижобий ва салбий томони бўлганидек, ижтимоий тармоқлар ҳам яхшиликка ёки ёмонликка хизмат қилиши мумкин. Бизнинг вазифамиз уни эзгу йўлда хизмат қилдириш чораларини кўриш, унинг зарарларидан чеклашга ҳаракат қилишдир. Бугунги юртимизда ва узоқ-яқин минтақаларда юз бераётган воқеаларни инобатга оладиган бўлсак, ҳали онги, ҳаётий қарашлари шаклланиб улгурмаган ёшларни чалғитишга қаратилган ғаразли кучлар ҳам интернет имкониятларидан ўз манфаатлари йўлида фойдаланишга уринаётгани ва бундай интилишларнинг қандай салбий оқибатларга олиб келиши мумкинлигини эътибордан четда қолдириб бўлмайди. Ушбу масала юзасидан ота-оналарга ва устозларга катта масъулият юкланади.
Дарҳақиқат, ижтимоий тармоқларни кузатар эканмиз, ахлоқ нормаларига тўғри келмайдиган турли бузғунчи ғоялар билан бир қаторда динни нотўғри тарғиб қилувчи ва у орқали жамиятда тинчлик ва барқарорликни издан чиқаришга, ўзаро адоват ва тўқнашувларга сабаб бўладиган ғояларни сингдиришга мойил бўлган миссионерлик ва прозелитизм каби салбий ҳолатларни кўришимиз мумкин. Бу каби салбий қарашларга фақат илмий асосда жавоб бермоқ ва жаҳолатга қарши маърифат ила курашмоқ керак.
Ҳозирги глобаллашув даврида инсон онги ва қалби учун жиддий кураш кетмоқда. Турли манфаатлар тўқнаш келган ва шунга хизмат қиладиган ахборот хуружлари кўпайган бир шароитда бундай жараёнлар салбий таъсиридан ҳимояланишнинг бирдан-бир йўли бу соғлом фикр юритиш, ҳамиша ҳушёр ва огоҳ бўлишдир. Айниқса, ёшлар онгида ватанпарварлик ва юрт тақдирига дахлдорлик туйғуларини юксалтириш, уларнинг билимини ошириш турли таҳдидларига тўсиқ қўйиш муҳим аҳамиятга эга. Бундан ташқари ёшларимизнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш, китоб мутолааси ёки бирор бир ҳунарга қизиқтириш лозимдир.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, бугунги кунда энг муҳим вазифа ўсиб келаётган ёш авлодни диний-миллий қадриятлар асосида тарбиялаш, улар қалбида ўз ҳалқи, ватанига меҳр- садоқат туйғусини кучайтириш, уларни ҳар хил бузғунчи кучларнинг ахборот хуружларидан огоҳ этиш ва муносиб ҳимоя қилиш ҳар биримизнинг устувор вазифамиз бўлиши даркор.
Ўткир Маҳмудов
Хожа Бухoрий ислом таълим муассасаси ўқитувчиси
