АЛЛОҲ МАКОНГА МУҲТОЖ ЭМАС
16

Ўзининг муқаддас каломида “У улуғ аршнинг Роббисидир” деб марҳамат қилган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин.
Суюкли пайғамбаримиз Муҳаммад мустафога мукаммал саловат ва саломлар бўлсин.
Сўнги вақтларда ижтимоий тармоқда аҳли сунна вал жамоанинг эътиқодий қарашларига зид, турли хил ақидавий масалалар ҳақида кўп сўз юритиладиган бўлиб қолди. Айниқса “салафийлар” номи билан машҳур бўлган бир тоифа бу борада жонбозлик кўрсатмоқда.
Яқинда “YouTube” тармоғида улардан бирининг ана шундай маърузаларидан бирини эшитиб қолдим. Маърузада қуйидагича гаплар бор.
“Махлуқотларнинг энг тепаси Арш бўлса, Аллоҳ Аршдан юқорида.
Энди “Аллоҳни юқоридамас, дейиш керак, Аршдан тепада, дейиш Аллоҳга макон нисбати бўлади, Аллоҳга макон бериб бўлмайди, У Зот ломаконда”, дейдиган одам ўзича Аллоҳни улуғлайман деб, Аллоҳга жой нисбат бермайин, деб, Аллоҳни йўққа чиқариб қўяяпти.
Ломакон дегани йўқ, ҳеч жойда йўқ, деганидир.
Нега Аллоҳ осмонда бўлмаса, осмонга қараб дуо қилаяпти?! Осмонда дегани, осмонни ичида дегани эмас. Осмонда дегани Аллоҳ юқорида дегани. Энг юқориси Арш бўлса, Аллоҳ Аршдан юқорида дегани”
Гувоҳи бўлганингиздек, бу маърузада очиқдан-очиқ Аллоҳнинг қандайдир макони бор дейилмоқда. Аллоҳга макон нисбат бермайдиганларни Аллоҳ йўқ дейдиган кишилар сифатида талқин қилинмоқда. Унинг “Ломакон дегани йўқ, ҳеч жойда йўқ, деганидир” деган гапи шунга ишора қилади.
Мазкур масала ақида китобларимизда қандай муолажа қилинганига бир разм солсак, мақсадга мувофиқ бўлади.
Имом Таҳовий раҳматуллоҳи алайҳи томонидан ақида илми бобида таълиф қилинган “Ақидатут Таҳовий” асарида шундай матн бор.
هو مستغن عن العرش
“У аршдан беҳожатдир…”
Имом Таҳовийнинг ушбу асарини шарҳлаган олимлардан бири Абу Ҳафс Сирожиддин Ғазнавий раҳматуллоҳи алайҳи, юқоридаги матнни қуйидагича шарҳлаган.
وإنما قال: «هو مستغن عن العرش…» نفيا لتوهم الحاجة إلى التمكن على العرش والتحيز في الجهة كما قاله المجسمة فإن العرش حادث بإحداثه فقبل خلقه كان مستغنيا عن المكان فلو تمكن عليه بعده لصار مفتقرا إليه وهو أمارة النقص تعالى الله عن ذلك علوا كبيرا
Яъни, Имом Таҳовий Аллоҳ таолонинг арш устидан макон олишга ва маълум бир жиҳатда жойлашишга эҳтиёжи бор деган тушунчаларни рад этиш учун “У аршдан беҳожатдир…” деб айтди. Зеро, Аллоҳ таоло Аршни йўқдан бор қилган. У зот Аршни яратишдан олдин ҳам макондан беҳожат эди. Агар Аршни яратгандан кейин ундан макон олганда, Аршга муҳтож бўлиб қолар эди. Бу эса нуқсон аломати бўлиб, Аллоҳ таоло бундан тамоман олийдир.
Хулоса ўрнида хулафои рошидинларнинг бири, улуғ саҳоба Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳунинг қуйидаги сўзларини келтирамиз.
كان الله و لا مكان و هو الآن على ما كان
“Макон йўқ бўлганда ҳам, Аллоҳ бор эди. Ҳозир У аввал бўлганидекдир”
Ўткир Ғузаров,
“Хожа Бухорий” ўрта махсус
ислом таълим муассасаси мудири
