ИСЛОМДА МУОМАЛА МАДАНИЯТИ
57

Ислом дини жуда мукаммал дин бўлиб, инсон ҳаётининг барча жабҳаларини эгаллаб олган. Шу жумладан инсоннинг яшаш тарзини, хаёт кечиришини, инсонлар билан ўзаро алоқасини ва ўзаро муносабатини ва ҳаттоки, жамиятдаги ўрнини ҳам белгилаб беради, тартибга солиб туради. Инсонлар ислом динида кўрсатилган қонун қоидаларга риоя қилишлиги билан уларда муомала маданияти шаклланади. Лекин минг афсуслар бўлсинки, ҳозирги кунда кўпчиллик ёшлар оммавий маданият тасирига тушиб қолмоқдалар, бунинг натижасида ўзларининг беҳаё одатларини маданият дея аташмоқда. Бундай ёшлар оммавий ахборот воситаларида жуда ҳам кўпчилликни ташкил қилади. Шу ўринда оммавий маданиятнинг жамиятга бўлган таъсири ҳақида мулоҳаза қилсак. Ғарбдан кириб келаётган бу маданият инсонларнинг кўпчиллигини ўз таъсири остида қамраб олмоқда. Уларнинг аксарини ёшлар ташкил қилади. Улар орасида исломга исломий маданиятга зид бўлган ғоялар тарғиб қилинмоқда. Интернет тармоғларида муқаддас динимиз белгилаб қўйган мезонларни ўзгартиришга ва ўзларининг қабих ниятларини амалга оширишга зўр бериб интилишмоқда. Бу эса ёшларимизни юксалишига, униб ўсишлигига ҳам ақлан, ҳам жисмонан камол топишлигига бевосита тўсқинлиқ қилмоқда. Қўштирноқ ичидаги «оммавий маданият»ни авж олишининг олдини олиш ва ундан қутилишнинг йўли, исломий маданиятга амал қилишлик билан бўлади. Бунинг учун Қуръони Карим оятлари ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифларини ўрганишимиз зарур.
Динимизда одоб ва ҳаё инсонийликнинг энг фазилатли хислатларидандир. Мусулмон киши доимо бузуқ ва нопок ишлардан узоқ бўлиши лозим. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади:
«Эй иймон келтирганлар! Шайтоннинг изидан эргашмангиз! Ким шайтоннинг изидан эргашса, бас, албатта, (шайтон) бузуқлик ва ёвузликка буюрур.» (Нур сураси, 21-оят).
Биз мусулмонлар муомала маданиятини исломдан ўрганамиз яъни Росулимиз саллоллоҳу аълайҳи васалламнинг сийратларидан ўрганамиз. Зеро Росулимиз саллолоҳу аълайҳи васалламнинг хулқлари Қуръон бўлган.
Пайғамбаримизнинг хулқлари борасида Оиша онамиздан сўрашганларида, хулқлари Қуръон бўлган деган эканлар.
Росулуллоҳ саллолоҳу аълайҳи васаллам саҳобаларни гўзал хулқли бўлишга чақирардилар ва мен гўзал хулқларни тамомига етказишлик учун юборилганман дер эдилар.
Абу Ҳурайра розияллоҳу аънҳу Набий саллолоҳу аълайҳи васалламдан ривоят қилади: Росулуллоҳ саллолоҳу аълайҳи васаллам “мен гўзал хулқларни тамомига етказиишлик учун юборилганман” дедилар.
Аллоҳ таоло Қуръон карим “Қолам” сураси 4-оятда:
“Ва албатта, сен улкан хулқ узрадурсан”
Албатта бу ояти карима ва ҳадису шарифда Росулуллоҳнинг хулқларининг гўзаллиги ва бу хулқлар исломий хулқ эканлигига далолатдир. Зеро, гўзал хулқ исломнинг муомала маданиятидир.
Яна бир оятда эса: “Аллоҳнинг раҳмати ила уларга мулойим бўлдинг. Агар қўпол, қалби қаттиқ бўлганингда, атрофингдан тарқаб кетар эдилар. Бас, уларни афв эт. Уларга истиғфор айт ва улар билан ишларда машварат қил. Азму қарор қилганингдан сўнг Аллоҳга таваккал қил. Албатта, Аллоҳ таваккал қилгувчиларни севади”. (Оли Имрон сураси 159-оят)
Мазкур ояти каримада эса яқин биродар, дўст, яқинлар учун Аллоҳ талога дуо қилиш уларга истиғфор сўраш ҳамда бир ишни бошлашда аввало яқинлар билан маслахат қилиб сўнгра Аллоҳ таолога таваккал қилиб бошлашга даъват қилинган. Бир ўйлаб кўрайлик бундай амаллар исломдан бошқа яна қайси динда бор, йўқ албатта. Исломда ота- онага, дўст биродарларга, қариндош-уруғларга муҳаббатли бўлишга уларни ҳурмат иззат қилишга кенг тарғиб қилинади. Мана шулар исломнинг гўзаллиги ва муомала маданиятини етук эканлигига далолат эмасми? Ёшларнинг катталарга салом беришлиги, оммавий таранспорт воситаларида уларга жой беришликлари, қўлларидаги оғир юкларини кўтаришга ёрдам беришликлари ва доимо хуш муомалада бўлишликлари исломдан бошқа яна қаерда бор?
Устозларга бўлган мухаббатни айтмасак ҳам бўлади.
Ҳозирги кунда оммавий маданиятга кириб ва шу йўлни тўғри дегувчилар анчагинадир. Уларда муомала маданияти ҳам шу тарзда ривожланмоқда, яъни исломга зид ўлароқ.
Ибн Умар розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: «Ким ўзини қайси қавмга ўхшатса, бас, у ўшалардандир». Абу Довуд, Аҳмад, Тобароний ва Баззор ривоят қилганлар.
Ушбу ҳадис шарифда, ҳар ким ўзи ёқтирган ва интилган ҳатто касб қилиб олган ишида кимга эргашса бас, у ўшалардандир. Ҳар биримизнинг қилаётган ишимиз ёки ўртамиздаги муносабатларимиз соф ислом маданиятига мувофиқ келишига эътибор қаратишимиз зарурдир.
Хафизулло НОРБОЕВ
Хожа Бухорий ислом таълим муассасаси талабаси
“Ёш илмий тадқиқотчи”аъзоси
