УЧ НАРСАДАН САҚЛАНИНГ ЁХУД МУСУЛМОННИ КУФРДА АЙБЛАШ
16

Сохта салафийлар ва уларнинг тарафдорлари орасида ҳозирдаги кенг тарқалган ваболардан бири мусулмонни куфрда айблашдир. Бу масала ўта хатарли ва аянчли масаладир. Бундай қарашдагилар бир неча ҳадислар орқали жавоб берамиз.
عن أَبي هُرَيرَةَ: قَال رَسُول الله صَلى الله عليه وسلم:
أُمِرْتُ أنْ أُقاتِلُ النَّاسَ حتَّى يَشْهَدُوا أنْ لا إلَهَ إلَّا اللَّهُ، ويُؤْمِنُوا بي، وبِما جِئْتُ به، فإذا فَعَلُوا ذلكَ، عَصَمُوا مِنِّي دِماءَهُمْ، وأَمْوالَهُمْ إلَّا بحَقِّها.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Инсонлар «Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ » деб гувоҳлик бериб, менга ва мен келтирган нарсага иймон келтирмагунларича улар билан жанг қилишга буюрилганман. Агар одамлар шундай (иймон келтирсалар) қилсалар, мендан қонлари ва молларини омон сақлаган бўладилар. Фақат (Ислом) ҳаққи бундан мустасно», дедилар. (Саҳиҳи Муслим. 1/53).
حديث بريدة بن الحصيب عن النبي صلى الله عليه وسلم إذا بَعَثَ جَيشًا وذَكَر الحديثَ فِيهِ:
«إذا حَاصَرتُم أَهلَ مَدِينَة أو أهلَ حِصن، فإِن شَهِدُوا ان لَّا إلَهَ إلَّا الله، فَلَهُم ما لَكُم وَعَلَيهِم مَا عَلَيكُم». الحديث رواه مسلم.
Бурайда ибн Ҳусайб розияллоҳу анҳу айтадилар, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қачонки бир (аскарий) қўшинни юборсалар, шундай дердилар: “Шаҳар ёки қўрғон аҳлини қамал қилганингизда улар Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқлигига гувоҳлик беришса, сизларга ҳалол бўлган нарсалар уларга ҳам ҳалол, сизларга ҳаром бўлгани уларга ҳам ҳаромдир”. (Имом муслим ривояти).
Бу икки ҳадисдан маълум бўлмоқдаки, Аллоҳ якка ва Муҳаммад Унинг росули деб, ўзини мусулмонлигини эълон қилса, ҳеч кимнинг унга қарши чиқишга ҳаққи йўқ, у ҳоҳ душман тараф бўлсин ёки бошқа, буни аҳамияти бўлмас экан. Муҳими унинг зоҳиридир. Қалбидаги ишлар Аллоҳга аён ва қалбидаги иш учун ўзи жавоб беради.
عن عبد الله بن عمر: كُفُّوا عن أهلِ لا إلهَ إلّا اللهُ لا تُكفِّروهم بذنبٍ مَن أكفَر أهلَ لا إلهَ إلّا اللهُ فهو إلى الكفرِ أقربُ.
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ла илаҳа илла Аллоҳ” аҳлидан қўлни (унга қарши уруш қилиш учун) тийинглар. Бирор гуноҳ сабабли уларни кофирга чиқарманглар. Кимки “Ла илаҳа илла Аллоҳ” деган кишини кофирга чиқарса, бас, унинг ўзи куфрга яқинроқдир”, дедилар. (Табароний. Мўжамул кабир. 12/13089-ҳадис).
Ушбу ҳадислар бекорга айтилмаган, мусулмон орасида фитна чиқмаслиги, ҳар ким тилига келганини айтавермаслигини таъкидлаш учун айтилган. Ақлли киши буларга аҳамият бериши зарур, акс ҳолда дунёда бугунги кундаги каби ўзга мусулмоннинг қони, моли ва обрўсини поймол қилишга эшиклар котта очилади.
Музаффар Қосимов,
“Хожа Бухорий”ўрта махсус ислом таълим муассасаси
маънавий-маърифий ишлар бўйича мудир ўринбосари
