ВАҚТ – ЭНГ КАТТА ВА БЕБАҲО НЕЪМАТ
57

Вақт – бу Аллоҳ томонидан берилган энг катта неъматлардан биридир. Бу неъматдан тўғри ва Ҳақ йўлида фойдаланган инсон икки дунёда саодатига эришади, инша Аллоҳ. Инсон ҳаётининг ҳар бир лаҳзаси ўтиб борар эканки, бу унинг ўлими яқинлашиб келаётганидан даракдир. Ҳар бир кишининг бу дунёда ўз интиҳо вақти бўлади. Шундай экан, бизнинг ҳаётимизда ҳам ҳамма нарсанинг ўз вақти белгилаб қўйилган. Масалан, беш вақт намоз, Рамазон ойи рўзаси, Ҳаж мавсуми ёки дуолар қабул бўладиган вақтлар, илм олишдаги энг баракали вақтлар ва ҳоказо. Бу ҳақида Аллоҳ таоло Муқаддас Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади:
والقمر قدرناه منازل حتى عاد كالعرجون القديم
لا الشمس يمبغى لها أن تدرك القمر وبالليل سابق انهار وكل في فلك يسبحون
«Ой учун новдаларни белгилаб қўйдик, токи у (охирги манзилида) қуриган хурмо новдасига ўхшар. На қуёш ойга етиб олишга қодир, на тун юлдуздан илгарилаб кетади. Уларнинг ҳар бири ўз—ўз йўлида сузади».
Бу ояти Каримда Аллоҳ таоло Қуёш чиқиши-ю, тонг отиб, кун ботишининг ўз вақти борлигини билдирмоқда.
Ўтаётган ҳар лаҳза инсон ҳаётининг бир қисмидир. Бу лаҳзалар Қиёмат куни инсоннинг ё фойдасига ёки зарарига ишлайди. Вақт – оқар дарёдир. Вақт жуда тез ўтади. Аммо бизнинг бошимизга ғам-ташвиш тушса вақт секин, шод-ҳуррамлик пайтида эса тез ўтишига ёки вақтимиз борлигида илм-ибодат билан машғул бўлмай, илм олиш пайтида вақтимиз жуда тиғиз бўлишининг кўп гувоҳи бўламиз. Бежизга Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бўш вақтингизни банд бўлишингиздан олдин қадрига етинг» деб айтмаганлар. Агар бўш вақтдан самарали фойдаланилмаса, банд бўлганда бундай имконият бўлмаслиги мумкин.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам: «Икки неъмат борки, кўп инсонлар улардан бебаҳра қолишган. Соғлиқ ва бўш вақтдир». Бундан келиб чиқадики, вақт неъматидан жуда кўп кишилар фойдалана олмас эканлар. Улуғ мужтаҳид Ҳасан Басрий роҳматуллоҳ алайҳ шундай деганлар: «Эй инсон, мен янги кунингман, сенинг амалингга гувоҳман, мендан фойдаланиб қол, агар ўтиб кетсам, Қиёмат кунигача қайтмайман». Бунда Ҳасан Басрий роҳматуллоҳ алайҳ айтяптиларки, инсоннинг ўтказган бир куни охиратгача қайтиб келмайди. Лекин охират кунида биз ўтказган кунимизнинг дақиқаларигача сўраламиз.
Аллоҳ таоло ҳаммамизни ўзининг йўлида собит қадам қилсин, умримизнинг охиригача иймонда, ибодатда, илмда бўлмоқлигимизни насиб айласин.
Муҳаммаднур КУПАЙСИНОВ
Хожа Бухорий ислом таълим муассасаси талабаси
“Ёш илмий тадқиқотчи» аъзоси
