ГЛОБАЛЛАШУВ ЖАРАЁНИ

24

Маълумки, замонавий XXI асрда “Глобаллашув” атамаси оммалашиб бормоқда. Глобаллашув – давлатларнинг иқтисодий, сиёсий ва маданий муносабатлар орқали боғланиши ҳисобланади. Бир сўз билан айтганда, глобаллашув жаҳон иқтисодиёти ва маданиятининг бир-бирига яқинлашиши ҳамда тизимлашувидир.

Глобаллашув жараёнинг ўзига хос ижобий ва салбий жиҳатлари бор.  Иқтисодий глобаллашув фойдали ва манфаатлидир, чунки глобаллашув орқали мамлакатлар иқтисодиёти барқарорлиги таъминланади. Экспорт-импорт, технологик ихтиролар ва ишчилар алмашинуви, валюта айланмаси, логистика, барқарор инвестицияларнинг доимий жалб қилиниши, саноатни хом-ашё билан узлуксиз таъминланиш жараёни айнан давлатлар иқтисодий муносабатларининг яқинлашуви яъни, глобаллашув орқали шаклланади.

Маданий глобаллашув глобаллашувнинг салбий жиҳатидир. XXI аср — ахборот асрида миллатлар маданияти ва менталитетининг аралашуви кўплаб ижтимоий, сиёсий ва диний муаммоларни келтириб чиқармоқда. Шунингдек, бир маданиятнинг иккинчи бир маданиятга тескари ёндашуви туфайли миллатлар ўз миллий қиёфасини йўқотмоқда ва буни бажаришда ахборот асосий ишни бажармоқда. Замонавий дунёда қайсики, давлат “ахборот саноати”га эга бўлса, ўша давлатнинг қарашлари  инсон тафаккурига кўпроқ таъсир қила олаяпти. Аксар Ғарб давлатларида оддий ҳолга айланган ота-онани қариганда ўз ҳолига ташлаб кетишлик, фаҳш ишларнинг очиқ-ойдин қилиниши, инсон хилқатига тўғри келмайдиган бир жинслик никоҳга хайрихоҳлик ҳар миллат, ҳар минтақада учрайдиган ҳолатга айланиб бормоқда ва буни салбий оқибатларини ўша жойларда жиноят ҳолатларининг ошиб бораётгани, инсонларининг хулқ-атвори бузилишидан билишимиз мумкин.

Афсуски, “оммавий маданият” деб аталмиш бу кўз илғамас душман мусулмон оламини, хусусан Ўзбекистонни ҳам четлаб ўтгани йўқ. Азалий қадриятларимиз, миллий менталитетимиз ва динимиз исломга бўлаётган ақлий ҳужумлардан мақсад бизни ўз дунёқарашимиз, маданиятимиздан мосуво қилиш эканлигини ақл юритган инсон билади ва кўра олади. Ушбу юқорида келтирилган ақлий ҳужумларни олдини олиш учун биз, аввало, ахборот асрида яшаётганлигимизни ҳис қилган ҳолда ғояга ғоя билан, онгли хуружларга ақл билан жавоб қайтаришимиз зарур.

Хулоса қилиб айтганда, маданий глобаллашув жамиятимиз учун кўз  илғамас хатардир. Маданий глобаллашув миллатимиз маданий қиёфасига ва минг йиллик азалий қадриятларимизга салбий таъсир кўрсатади. Бунга қарши туриш, аждодларимизнинг бизга қолдирган маданият ва қадриятларини келажак авлодга соф ҳолатда етказиш ҳар биримизнинг бурчимиздир.

 

Саидов Иброҳим

Хожа Бухорий ислом таълим муассасаси талабаси

“Ёш илмий тадқиқодчи” аъзоси