ҚАЕРДА БЎЛСАНГ ҲАМ АЛЛОҲГА ТАҚВО ҚИЛ!
33

Абу Зарр Жундаб ибн Жунодадан ривоят қилинади: “Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Қаерда бўлсанг ҳам, Аллоҳга тақво қил ва ёмонликка яхшиликни эргаштир (ўша яхшилик) ёмонликни ўчиради ва инсонларга чиройли хулқ билан муомала қил”, дедилар”. Имом Термизий ривояти.
Ҳадис ровийси Абу Зарр Жундаб ибн Жунода Бани Ғаффор қабиласидан бўлиб, пайғамбаримизнинг саҳобалари орасидан танлаб олинган, аввалги пешқадамлардан бири бўлган. Ислом динини бешинчи бўлиб қабул қилган ва пайғамбаримизнинг буйруқларига биноан ўз қавмига қайтиб, уларни исломга даъват этган. У пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам билан ҳижрат қилган ҳамда Абу Бакр, Умар ва Усмон розияллоҳу анҳумларнинг даврида фатво берадиган саҳобалардан бири бўлган. Бу кишининг тўғри сўзлиги зарбул масал бўлган ҳамда Росулуллоҳ алайҳиссаломга исломий салом билан тўлиқ салом берган биринчи кишидир. Бу кишидан имом Бухорий ва Муслим 281 та ҳадис ривоят қилган. Абу Зарр Жундаб ибн Жунода розияллоҳу анҳу ҳижрий 31 санада Рабоза минтақасида вафот этганлар.
Ҳадиснинг даражаси:
Ибн Ҳажар ал-Ҳайтамий раҳматуллоҳи алайҳи айтадилар: “Ушбу ҳадис шариат ҳукмларини ўзида жамловчидир. Чунончи шариат ҳукмлари яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтаришдан бошқа нарса эмас. Мазкур ҳадис иймон, ислом ва эҳсонни ўз ичига қамраб олгандир”.
Муновий раҳматуллоҳи алайҳи айтадилар: “Бу ҳадис икки дунё яхшилигини ўзида мужассам қилгандир. Мўмин инсонга Ҳақ ва халқнинг ҳақига риоя қилишни ўргатади”.
Ибн Аллон Содиқий раҳматуллоҳи алайҳи айтадилар: “Бу ҳадис Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг сўзларини жамловчидир. Чунки “тақво” лафзи оз бўлсада, Аллоҳ таолонинг ҳақини жамловчидир. Чунки Аллоҳ таоло буюрган ҳар бир нарсани қилиш ва ман этган ҳар бир нарсадан четда бўлиш тақводир. Ким ушбу ишни қилса ёки тақво билан сифатланса, Аллоҳ таоло Ўз китобида (Қуръони каримда) турли сўзлар билан шарафлаганлардан бўлади”.
Ҳадисдаги нозик нуқталар:
“Аллоҳга тақво қил” яъни, Аллоҳнинг азобидан ва ғазабидан сени сақлайдиган нарсаларни маҳкам тут.
“Қаерда бўлсанг” яъни, қайси замон ва маконда бўлсанг ҳам.
“Эргаштир” яъни, ортидан яхши амални тезда бажар.
“Ёмонлик” яъни, сендан содир бўлган гуноҳ.
“Ўчиради” яъни, ёмонликни кетқазади.
“Хулқлан” яъни, инсонлар билан муомала қилишда чиройли хулқларни лозим тут ва нафсингни шунга одатлантир.
Ҳадиснинг шарҳи:
Мўмин киши кўпчилик орасида ўзини қандай тутса ва тақво қилса, ёлғиз қолганида ҳам худди шундай бўлиши керак. Турли макон ва замонларда ҳам тақвони лозим тутиши керак. Аллоҳ таоло банданинг барча ҳолатларидан хабардор эканлигини билиш тақвога ёрдам берадиган нарсалардан биридир. Аллоҳ таоло Мужодала сурасида: “Уч кишининг ўзаро шивирлаши бўлса, албатта Аллоҳ уларнинг тўртинчисидир” деган. Тақво, бажарилиши лозим бўлган ва қайтарилган ишларни тарк қилишни ўзида жамловчи калимадир. Умар ибн Абдулазиз роҳматуллоҳи алайҳи: “Аллоҳга тақво қилиш, кундузлари рўзадор ва кечалари қоим бўлиш билан эмас, балки, Аллоҳ таоло ҳаром қилган ишларни тарк қилиш ва фарз қилган амалларни адо этиш билан бўлади. Кимда ушбу сифатлар бўлса, бундай киши яхшилик устида бўлади”, деганлар.
Агар кишидан ёмонлик, гуноҳ содир бўлса, уни намоз, садақа ва истиғфор каби яхши амаллар билан кетқазишга буюрилмоқда. Чунки яхшиликлар ёмонликларни ўчиради. Ҳадисда инсонларга гўзал, чиройли, яхши кўрилган ва лутфу карам билан муомала қилиш талаб қилинмоқда. Ким одамлар билан гўзал муомала қилса, дунёда нажот топиши ва охиратда ютуқ ва зафарларга эришиши таъкидланмоқда.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Мўминлар ичида иймони комилроғи уларнинг хулқи чиройли бўлганидир”, деганлар”.
Оиша розияллоҳу анҳо айтадилар: “Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта мўмин чиройли хулқи билан рўзадорнинг ва кечаси билан бедор бўлганнинг даражасини топади”, дедилар”.
Ҳадисдан олинадиган фойдалар:
- Аллоҳга тақво қилишга амр борлиги, зеро, тақво Аллоҳ таолонинг барча халойиққа васияти эканлиги;
- Тоат ва ибодатларга қизиқтириш ҳамда қайтарилган ишлардан четланишга ундаш борлиги;
- Яхшиликлар ёмонликларни ўчириши;
- Гўзал ахлоққа тарғиб қилиш ва шу амал қиёмат куни мўмин банданинг мезонида энг оғир амал бўлиши.
Ўткирхон Маҳмудов
“Хожа Бухорий” ислом таълим муассасаси ўқитувчиси
