Ислом дини билан боғлиқ урф-одатлар

58

Ўрта Осиёга ислом дини кириб келганидан кейин халқимизнинг миллий урф-одатлари қаторига бевосита ислом дини билан боғлиқ бўлган одатлар ҳам қўшилади.

Булар жумласига халқимизнинг ислом динини қабул қилишлиги билан қон – қонигача чуқур сингиб кетган одатлар киради. Жумладан:

  1. Никоҳ тўйи;
  2. Азон айтиш;
  3. Ақиқа қилиш;
  4. Танглай кўтариш;
  5. Суннат тўйи;
  6. Мавлид маросими;
  7. Пайғамбар оши ва бошқалар.

Ҳар-бир йигит ва қиз вақти келиб, вояга етганида, ўғил болани тенгини топиб, уйлантириб қўйиш, қиз болани эса ўзига муносиб хонадондан совчи келса, турмушга бериш ота-онанинг бурчи ҳисобланади.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади.

فَٱنكِحُواْ مَا طَابَ لَكُم مِّنَ ٱلنِّسَآءِ مَثۡنَىٰ وَثُلَٰثَ وَرُبَٰعَۖ فَإِنۡ خِفۡتُمۡ أَلَّا تَعۡدِلُواْ فَوَٰحِدَةً

“Сизлар учун (никоҳи) ҳалол бўлган аёлларга, иккита, учта, тўрттадан уйланаверингиз. Борди-ю, (улар ўртасида) одил бўла олмасликдан қўрқсангиз, бир аёлга (уйланинг)…” (Нисо сураси, 3-оят)

Маълумки, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам пайғамбар бўлиб келмасларидан олдинги жоҳилият даврида аёллар ҳуқуқи поймол қилинар эди. Бир эрга ўнлаб аёллар чўридек тутқин эди. Бунинг устига тез-тез бўлиб турадиган жангларда эркаклар қурбон бўлиб кетар, тул аёллар сони эса ортиб борар эди. Ислом дини ўша даврнинг ижтимоий ҳаётидаги бу муаммони  одилона ҳал этиш йўлини кўрсатиб берди. Кўпхотинликка берилган бу рухсат муаммони ҳал қилиш йўлларидан бири эди. Яъни  моддий жиҳатдан имконияти етарли бўлишининг ўзи кўпхотинлик учун асосий шарт ўрнини боса олмайди. Балки бу ерда биринчи оила аъзоларининг моддий ва маънавий жиҳатларига салбий таъсир кўрсатмаслигини ва ўзи яшаб турган жамиятдаги шарт-шароитларни ҳам эътиборга олиш керак бўлади.

عَنْ أَنَسٍ أَنَّ النَّبِيَّ ? كَانَ يَأْمُرُ بِالْبَاءَةِ وَيَنْهَى عَنْ التَّبَتُّلِ نَهْيًا شَدِيدًا وَيَقُولُ : « تَزَوَّجُوا الْوَدُودَ الْوَلُودَ فَإِنِّي مُكَاثِرٌ بِكُمْ الأَنْبِيَاءَ يَوْمَ الْقِيَامَةِ  .

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Уйланинглар, кўпайинглар чунки мен қиёматда пайғамбарлар ўртасида умматимнинг кўплиги билан фахрланаман”  деб, марҳамат қилганлар.

Никоҳ тўйи (қиз узатиш) маросимида мўътабар онахонлар, келиннинг қариндош-уруғлари ва яқин қўшнилари қатнашадилар. Маслаҳатчи никоҳ оқшомида иштирок этиб, муқаддас бурч — никоҳни эъзозлаш, оила, қайнона–келиннинг бурч ва вазифалари ҳақида зарур маслаҳат ва тавсиялар беради. Шундан кейин келиннинг ота-онасининг хонадонидан бошқа бир хонадонга ҳам келин, ҳам қиз сифатидаги ҳаёт тарзи бошланади.

Янги чақолоқ туғилиши  муносабати билан ўтказиладиган удумлардан бири унинг қулоғига азон (чап қулоғига такбир айтилади) айтишдир. Бу одат гўдакнинг покиза шуурига Аллоҳ таолонинг номини муҳрлаш мазмунида талқин этилган.

Ақиқа — чақалоқ туғилганидан кейин 7, 14, 21- кунларининг  бирида қўй сўйиб, гўштини учга тақсимлаб, бир қисмини ҳомиладан бўшаган онанинг қайта куч қувватини тиклаши учун олиб қўйилса, бир қисмини ёш гўдакнинг ҳақига дуо қилишлари учун муҳтож оилаларга тарқатилади ва яна бир қисми эса, зиёфатга ишлатилади. Чақалоқнинг сочига қайчи уриш, қулоғига азон айтиш, хатна амалларини шу куни ўтказиб олса бўлади. Янги фарзанд кўрган ҳар-бир мусулмонга ақиқа қилиш суннатдир.

Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам неваралари Ҳасан ва Ҳусан розияллоҳу анҳумолар туғилганларида иккита қўй сўйиб ақиқа қилганлар.

Танглай кўтариш, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ворид бўлган амал — хурмонинг ширасини қўлларига суриб чақалоқнинг танглайига теккизганлар. Буни ҳозирги пайтда нуроний отахон ва онахонлар табаррукан адо этадилар.

Яна халқимизнинг бевосита ислом дини билан боғлаб ўтказиладиган  одатлардан бири — Мавлиддир.

Мавлид Пайғамбаримиз  соллаллоҳу алайҳи васалламнинг туғилган кунлари бўлиб, уни ўтказиш уломаларимиз томонидан маъқул топилган. Бу маросимда ихчам тарзда зиёфат уюштирилиб, унда йиғилганларга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тавсифлари битилган китоблардан, хусусан Имом Барзанжий раҳматуллоҳи алайҳининг “Мавлид ан-Набий” китобидан парча ўқиб, таржима қилиб берилади. Расулуллоҳ  соллаллоҳу алайҳи васалламга жамоа бўлиб дуруду-саловатлар айтилади. У кишиниг сийратлари хақида маълумотлар олинади.

Пайғамбар оши маросим гарчи шариат буюрмаган амал бўлсада, одатда  олтмиш уч ёшга кирган отахон ва онахонлар “мен пайғамбар ёшига етдим, қолган умримни Аллоҳнинг ибодатига, пайғамбарнинг суннатига амал қилиб ўтказишга сарфлайман” деган, мақсадда ош берадилар.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, соф ислом таълимотлари негизида шаклланган ана шундай урф-одатларда ҳаддан ошиб, исрофгарчиликка йўл қўймаслик, дабдаба ва манманликка берилмаслик лозим. Акс ҳолда бундай маросимлардан кўзланган асосий мақсад ҳосил бўлмай қолади.

 

Омон ҚОДИРОВ

Хожа Бухорий ислом таълим муассасаси

ўқитувчиси