ИЛМ ВА ИЛМ ОЛИШНИНГ ФАЗИЛАТИ ВА БУ БОРАДА УСТОЗЛАРНИНГ ТАВСИЯЛАРИ
35

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим, бизга ҳидоят йўлини равшан қилиб қўйган ва кўзларимиздан гумроҳлик пардасини кетқазган буюк Роббимизга битмас туганмас ҳамд бўлсин. Ҳуш хабар бергувчи ва огоҳлантиргувчи қилиб юборган ўзининг ҳабиби ва росули бўлган маҳбуб байғамбаримиз Муҳаммад ﷺга ва у зотнинг аҳли оилаларига ва саҳобаларига ва тобеин ва табаъ тобеънларга ҳамда мазҳаб бошимиз Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳга ва мужтаҳид уломоларга саловат ва саломлар бўлсин.
“Дунёда илмдан бошқа нажот йўқ, ва ҳечқачон бўлмагай” Имом Бухорий.
“Илм” сўзи луғатда “билиш, англаш, тушунча ҳосил қилиш, бир нарсанинг ҳақиқатини, моҳиятини билиш” каби маъноларни англатади. Шунинг учун Ислом уламолари илмга “ҳақиқатни худди воқеликдагидек идрок қилиш илмдир” деб таъриф беришган. Бунинг маъноси шуки, олинган маълумот бир нарсанинг асл моҳиятини тўғри англатсагина, ундан дунё ва охиратимизга манфаат ҳосил бўлсагина чинакам илм ҳисобланади.
Инсон ҳаётини илмсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Зеро, илм инсонни хорлик ботқоғидан сақловчи бир омил ҳисобланади. Қуръони каримда илм сўзи ва унинг шаклдошлари 811 жойда зикр қилинган. Бу эса Аллоҳ таолонинг назлида илмнинг нақадар муҳимлигини кўрсатади.
Шундай оятлардан бири:
“Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур” (Мужодала сураси, 11 оят)
Илм – энг фазилатли амалдир, чунки у икки дунё саодатининг калитидир. Инсон илм ва маърифат билангина чинакам ҳаётдир. Инсоннинг ҳаётини тўғри йўлга солмаган, унинг феъл-атворида, амалида таъсири билинмаган, тўғри йўлга етакламаган илмда яхшилик, хайр-барака йўқдир. Шунинг учун ўрганилган эмас, амал қилинган илм ҳақиқий илм саналади. Ўқиган, билганига амал қилмаган одам бундай илмнинг ҳаммоли бўлади, холос. Аллоҳ таоло берадиган нематларнинг энг олуғи бу илмдир. Ҳаттоки ваҳийнинг илк нозил бўлишида ҳам яъни, илк Қуръон оятлари нозил бўлганида ҳам, ўқишликка илм олишликка тарғиб қилинган. Бу оятлар “Алақ”сурасининг биринчи беш оятлари эди.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ ﷺ: “Илм талаб қилиш ҳар бир мусулмонга фарздир”, дедилар”.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган бошқа ҳадисда у зот шундай дедилар. Росулуллоҳ ﷺ: “Ким илим излаб (уйидан) чиқса то ортига қайтиб келгунига қадар у Аллоҳ йўлида юрган киши бўлади”-дедилар.
Бу ҳадисдан қуйидаги нарсалар назарда тутилади:
- Мусулмон кишининг илм олишига ҳарис бўлиши.
- Илм олиш учун бирор жойга бориб таълим олиш буюк мақом эканлиги (зеро толиби илм Аллоҳ йўлида юрган кишидир).
- То ўз юртига қайтиб келгунга қадар мана шу мақомда туриши.
Аллоҳ таоло Қуръону карим Тоҳа сураси 114-оятда марҳамат қилади: “Роббим илмимни зиёда қилгин”.
Аллоҳ яратган бандалари (инсонлар) ичида энг афзали ва энг билимдони Росуллуллоҳ ﷺ бўлишларига қарамасдан Аллоҳ ўз ҳабибига илмини зиёда қилишлигини сўрашлигини амир қилмоқда. Мана бу ҳам илм қанақанги улуғ неъматлигини яққол далили бўлади.
Толиби илмлик шундай буюк даражаки, унга фақат Аллоҳ таолонинг суюкли бандалари сазовор бўлишади. Илим йўлига шайланган киши жидди жаҳд ва бардавомликни тутишлиги лозим бўлади. Бир шаҳарга илм талаб қилиб борар экан аввало ўша шаҳарда бир муддат яшаши ва бир устознинг ҳалқасига кириши ва илмга ҳарис устозга муҳаббатли бўлиши ва яна устознинг меҳрини қозониши лозимдир. Толиби илмни юксалишига сабаб бўладиган яна бир омил шуки, ота-онаси унинг ҳаққига дуо қилишлиги ва молиявий рағбатлантириб туришлигидир. Биз кўпинча илм ўрганишга тарғиб қилишда бир қанча хатоларга йўл қўямиз яъни, Агар ўқисанг яхши яшайсан, қийналмайсан дея ниятни бошқа томонга буриб қўямиз. Зеро, ҳақиқатданда илмли инсонни Аллоҳ хор қилмайди лекин, ният хатодир. Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда “Албатта амаллар ниятларга боғлидир” дейилган.
Бундан кўринадики, аввало ниятни тўғирлаш яъни, соф қилиш илмнинг ажру мукофотини Аллоҳдан умид қилиш ва шу йўлда бардавом бўлиш толиби илмликнинг асосий шартларидандир. Шайх Имом Марғиноний ҳазратлари илм аҳли борасида шундай деганлар: Жоҳил ўлмасдан олдин ўликдир Олим агар ўлса тирикдир.
Шайх Марғиноний ҳазратлари “жоҳилнинг ўлишликдан олдин ўликдир” деган гаплари инсонлар орасида илм билан шуғулланмаган инсонлар ўликлар билан тенг эканлиги уларни тириклик чоғидаҳам ўлганидан кейин ҳам биров эсга олмаслиги назарда тутилган, “олим агар ўлса тирикдир” деган гаплари эса, агар олим ўлса у олимни қолдирган китоблари ва шогирдлари билан унинг номи боқий қолишлиги назарда тутилади.
Яна шуни айтиш лозимки, “албатта инсонда балғам кўп бўлади, балғам кўпайиши кўп сув ичишликдан ҳосил бўлади, кўп сув ичишлик кўп ейишликдан келиб чиқади. Бу эса талабада дангасалик, хорғинликни келтириб чиқаради. Балғамни кетқазишлик учун қотган (суви қочган ) нон ейишлик тавфсия қилинади. Ушбу фикрда 70 табиб ижмоъ қилган.
Илм шундай бир суви ўта лаззатли бўлган булоқки, ундан бир маротаба татиб кўрган инсон унинг лаззатидан маст бўлади гўё, яна ва яна такрор ичишликни хоҳлаб қолади. Юқорида айтганимиздек, албатта илм ўз соҳибини икки дунёда азиз қилади ва мартабасини улуғ қилади.
Минг йиллик қадрятимизга айланиб улгурган устоз-шогирд муносабатлари, устозларга бўлган ҳурмат ва эҳтиром биз марказий Осиё халқлари, хусусан, ўзбек миллатининг қон-қонига сингиб кетгандир. Ҳар соҳада таълим олувчи, касб-ҳунар ўрганувчи бўладими, илм ўрганувчи бўладими, тил ўрганувчими, оддий ҳаётий маслаҳат олувчи бўладими, барчасига мураббийлик қилувчи, ўргатувчи устоз ҳисобланади.
Илм руҳнинг озуқасидир. Инсоният илм билангина Аллоҳни танийди, ҳақиқий саодатни қўлга киритади, унинг шарофати билан юксалади. Илм эса устознинг сай-ҳаракати, тинимсиз меҳнати, ғайрати ва матонати билан эгалланади. Бунда, шогирд доимо устозининг панд-насиҳатларига қулоқ солмоғи зарурдир.
Устозни танлаш борасида, энг илмли, энг тақводор ва улуғ ёшли устозни танлаш лозимдир. Худди, Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ узоқ тафаккур ва тааммул қилгандан сўнг, Ҳаммод ибн Абу Сулаймон раҳматуллоҳи алайҳини танлагани каби. У киши устозлари ҳақида: “Устозимни кекса ҳолида виқорли, ҳалим ва барча ишларида сабрли ҳолатда учратдим. Ҳаммод ибн Абу Сулаймоннинг ҳузурида ўқиб, униб ўсдим”, деган эдилар. Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Самарқанднинг ҳаким зотларидан эшитганман. У: “Бир толиби илм менга қандай илм олиш мумкинлиги борасида маслаҳат солди. Шундан сўнг, илм талабида Бухорога боришни қасд қилди. Агар Бухорога борсанг, уламоларга ихтилоф қилишга ошиқма. У ерда икки ой яшаб, яхшилаб ўйлаб кўр ва бир устозни танлаб ол. Борди-ю сен бир олимнинг ҳузурига борсанг ва ундан сабоқ олишни бошласанг, кўп ўтмай унинг дарслари сени қониқтирмай қўйса ва сен уни ташлаб бошқа бирига кетсанг илмингда барака бўлмайди”, – деган эди.
Устознинг фарзандлари ва унга тааллуқли кишиларнинг ҳурматини жойига қўйиш ҳам устозга ҳурматнинг бир кўринишидир. Шайхул ислом Бурҳониддин Марғиноний бир ҳикоя айтиб берган эдилар. Бухоронинг йирик олимларидан бири дарс бериб ўтирар экан ора-сира ўрнидан бир туриб қўяр эди. Бунинг сабабини сўраганларга: «Устозимнинг ўғли кўчада болалар билан ўйнаб юрибди. Баъзан масжиднинг эшиги олдига келиб қолмоқда. Қачон унга кўзим тушса устозимнинг ҳурмати учун ўрнимдан бир туриб қўяман», — деб жавоб берган экан.
Дарҳақиқат, кимдир сизга қайси соҳада бўлмасин, эҳтиёжингиз тушадиган бир масалани ўргатиб қўйса, у сизнинг устозингиздир. Шайх, имом Садидуддин Шеърозий доим айтар эдилар:
Машойихларимиз: «Ким фарзанди олим бўлишини истаса ғариб фақиҳларнинг риоясини қилиб юрсин. Уларни эъзозлаб, бирор нарса икром қилиб ҳам турсин. Борди-ю ўғли бўлмаса ҳам, набираси олим бўлиб етишади», ва яна “Кимки илм аҳли ёки устозларга беҳурматлик қилиб уларга маломат тошларини отса унинг етти авлодидан олим чиқмайди”дейишган.
Хулоса ўрнида шуни таъкидлашимиз зарурки, кимки илм йўлини қасд қиларган аввало, Аллоҳга тақво қилсин, ниятини соф қилсин, жидди жаҳдини оширсин, устозларни ҳурмат қилсин, вақтни ғанимат билсин, луқмасига хушёр бўлсин, кўзини номаҳрамдан тийилсин, илмга муҳаббат қўйсин ва собитликни ва содиқликни махкам тутсин. Бу хислатларнинг барчаси илм йўлидаги асосий шартлардандир.
Хафизулло НОРБОЕВ
Хожа Бухорий ислом таълим муассасаси талабаси
“Ёш илмий тадқиқотчи” аъзоси
