ҚУРЪОНИ КАРИМНИНГ ФАЗИЛАТИ
33

Қуръон ва у унинг аҳли борасида кўп шаръий хабарлар келган.
Ибн Баррий р.а. “Порловчи марваридлар” китобларида айтдилар: Қуръоннинг фазли борасида кўплаб нақллар ўтди, бу нақлларни сиғдиришликка китоблар қодир бўлмас.
Аллоҳ таолонинг бу сўзи мана шу нақллардандир: “Эй одамлар! сизга ўз Роббингиздан мавъиза кўксингиздаги нарсага шифо мўминларга ҳидоят ва раҳмат келди” (Юнус сураси 17.)
“Сэнга китобни ҳар бир нарсани баён қилувчи етиб мусулмонларга ҳидоят, раҳмат ва ҳушхабар қилиб нозил қилдик” (Наҳл сураси 89.)
“Албатта бу Қуръон энг тўғри йўлга ҳидоят қилур ва яхши амалларни қилувчи мўминларга албатта ўшаларга улуғ ажр борлигининг ҳушхабарини берур” (Исро сураси 9.)
“Албатта, Аллоҳнинг китобини тиловат қиладиганлар намозни тўкис адо этиб биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан махфий ва ошкор инфоқ қиладиганлар ҳаргиз касодга учрамайдиган тижоратдан умидвор бўлурлар. Чунки, у зот уларга ажрларини тўлиқ қилиб берур ва Ўз фазлидан зиёда ҳам қилур. Албатта, у ўта мағфиратли ва Шакур (оз амал учун кўп савоб берувчи)дир. (Фотир сураси 29-30.)
“Биз сенга нозил қилган китоб муборакдир. Ақл эгалари унинг оятларини тадаббур қилишлари ва эслашлари учундир. (Сод 29.)
“Албатта, ўзларига зикр келганда унга куфр келтирганлар… албатта, у азиз китобдир. Унинг олдидан ҳам ортидан ҳам ботил келмас. У ўта ҳикматли ва ўта мақталган зотнинг туширганидир”. (Фуссилат 41-42.)
“Ана шунга ўхшаш биз сенга Ўз амримиздан бир руҳни ваҳий қилдик. Сен китоб нималигини ҳам иймон нималигини ҳам идрок қилмас эдинг. Лекин биз уни бир нур қилдикки, у билан бандаларимиздан кимни хоҳласак ҳидоят қилурмиз. Албатта сен тўғри йўлга ҳидоят қилурсан”. (Шуро 52.)
Қуръони каримнинг фазилатларига далолат қилувчи оятлар кўпдир.
Усмон р.а.дан ривоят қилинадики: “Набий ﷺ айтдилар: Албатта сизларнинг афзалингиз Қуръонни ўрганган ва уни ўргатганларингиздир.”
Абу Ҳурайро р.а.дан ривоят қилинади: “Росулуллоҳ ﷺ айтдилар: Модомики бир қавм Аллоҳнинг уйларидан бир уйда Қуръонни тиловат қилар эканлар ва биргаликда ўрганар эканлар уларга сакийнат тушади ва уларни раҳмат ва фаришталар ўраб олади ва Аллоҳ таоло ўзининг ҳузуридагиларнинг ичида уларни зикр қилади.” Муслим ривояти.
Оиша розиаллоҳу анҳодан ривоят қилинадики: “Росулуллоҳ ﷺ айтдилар: “Қуръонда моҳир бўлган киши итоаткор фаришталар билан биргадир, Қуръон ўқиганда қийналадиган кимсага икки ажр бордир.””
Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розиаллоҳу анҳумолардан ривоят қилинади: “Росулуллоҳ ﷺ айтдилар: “Қуръон соҳибига ўқи ва кўтарил ва дунёда қироат билан ўқиганинг каби ўқи. Албатта сенинг манзилинг оҳирги ўқиган оятингдир.””
Шотибий р.а. “Шотибийя” китобларида айтдиларки: “Қуръон кимнинг тилини машғул қилиб қўйса, зикр қилувчилар ажрининг энг яхшисига мукаммал ҳолатда етади.”
Анас р.а.дан ривоят қилинади: “Росулуллоҳ ﷺ айтдилар: “Албатта Аллоҳ таоло учун инсонлардан бўлган аҳил инсонлар бор. Саҳобалар айтдилар: “Я Росулуллоҳ ﷺ улар кимлар? Росулуллоҳ ﷺ айтдилар: “Улар Қуръон аҳлидир. Қуръон аҳиллари Аллоҳнинг аҳлидир ва Аллоҳнинг хос бандаларидир.””
Абу Умома Баҳилий р.а.дан ривоят қилинади: “Мен Росулуллоҳ ﷺ ни Қуръон ўқинглар, албатта у қиёмат кунида ўз соҳибига шафоатчи ҳолида келади деганларини эшитдим дедилар.” Муслим ривояти.
Солимдан у киши отасидан у киши Набиий ﷺ дан ривоят қиладилар: “У киши Албатта икки кишига ҳасад қилса бўлади, биринчи киши Аллоҳ унга Қуръон берган ва у Қуръонни кечалари-ю кундузлари қироат қиладиган кишидир. Иккинчи киши Аллоҳ унга бойлик берган, ва у бойликни кечалари-ю кундузлари Аллоҳнинг ризолиги учун инфоқ қиладиган кишидир.” Бухорий ривояти.
Акбар АСҚАРОВ
Хожа Бухорий ислом таълим муассасаси ўқитувчиси
