Ислом дини бирликка чақиради
21

Ўзининг муқаддаси каломида “Ва барчангиз Аллоҳнинг арқони (Қуръон)га боғланингиз ва (фирқаларга) бўлинмангиз!..” деб марҳамат қилган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин.
Ҳадиси шарифларида “Менинг умматим бирлашмайди…” деган суюкли пайғамбаримиз Муҳаммад мустафога мукаммал саловат ва саломлар бўлсин.
Минг афсуслар бўлсинки, 100 йилдан кўпроқ давом этган истибдод тузуми жамиятимизда боқимандалик кайфиятини ўрнатиб қўйди. Энг ачинарлиси, мафкура, ақида масалаларида ҳам айтилган фикрга танқидий нуқтаи назар билан қараш одамларимизга ёт кўринишга айланиб қолди. Ҳолбуки, Мовароуннаҳр ўлкаси азал-азалдан илму-маърифат ва дину диёнат ўчоғи, олимлар ва фозиллар диёри эканлигини ёдимиздан чиқариб қўйдик. Миллий ва маънавий илдизларимиздан айро қилиш, динни жамият ҳаётидан сиқиб чиқаришга қаратилган сиёсий ҳаракат оқибатида асрлар бўйи ислом динини илм даражасига олиб чиққан буюк алломаларнинг фарзандларига дахрийликка асосланган мафкурани уқтиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Оқибатда эса маънавият ва маърифат ўрнини жаҳолат эгаллаб, ҳамюртларимиз тафсир, ҳадис, фиқҳ ва тасаввуф каби илмлар ҳақида лоақал умумий тушунчага ҳам эга бўлмай қолдилар. Ҳатто ислом дини, мусулмончилик нима? деган саволларга жўяли жавоб бера оладиганларнинг сони ҳам озчиликни ташкил этадиган ҳолга келди.
Ана шундай оғир вазиятда минтақада, хусусан Ўзбекистонда, ўз таъсирини ўтказишга интилган кучлар миллатимиз табиатини ҳисобга олган ҳолда ва дунё тажрибасида “ўзини оқлаган” усул-ислом омилидан ғаразли мақсадларда фойдаланишга ўтдилар. Ислом ниқоби остида сиёсий ҳокимиятни эгаллашга ҳаракат қилдилар. Бунинг учун улар “Аллоҳ”, “Ислом”, “жиҳод” ва “ҳижрат” каби сўзлардан фойдаланиб, “Ислом уйғониш партияси”, “Ҳизбуллоҳ”, “Ҳизбут-таҳрир ал-исломий” каби эшитилиши жарангдор партия ва ташкилотлар тузиб, мавжуд тузумни ағдариб, яхлит жуғрофий ҳудудда ислом давлати қуриш, халифаликни қайта тиклашга ҳаракат қилдилар.
Юқорида тилга олинган диний оқимларнинг номлари турлича бўлсада, аслида уларнинг мақсадлари ва ғоялари битта – динни ниқоб қилиб, ҳокимиятга интилиш, халқ орасига нифоқ сочиб ихтилоф чиқариш.
Бу оқимлар ҳали онги шаклланиб улгурмаган, тажрибасиз, ғўр ёшларни ўз тузоғига илинтириб, улардан ўзларининг ғаразли мақсадлари йўлида фойдаланмоқдалар.
Муқаддас ислом динида ҳизб-партиялар тузишининг ўзи ман этилган:
“Ва барчангиз Аллоҳнинг арқони (Қуръон)га боғланингиз ва (фирқаларга) бўлинмангиз!..” (Оли Имрон сураси, 103-оят).
Демак, Исломда партиялар тузиб, гуруҳ-гуруҳларга ажралиб ҳаракат қилиш қатиян ман этилганлиги, балки мусулмон уммати учун ақидавий манба Қуръони карим эканлиги аниқ равшан билдирилмоқда.
Дарҳақиқат, муборак номларини бутун ислом дунёси чексиз эҳтиром билан тилга оладиган Имом ал-Бухорий, Имом ат-Термизий, Хожа Баҳоуддин Нақшбанд, Аҳмад Яссавий, Абдухолиқ Ғиждувоний, Замахшарий каби буюк алломаларни етиштириб чиқарган замин фарзандларини ҳеч қандай куч ҳеч қачон ҳидоятдан залолатга буриб юборишига йўл қўймаслик лозим.
Хулоса қилиб айтганда, жамиятда қабул қилинган қонун-қоидаларга мос келмайдиган ва уларга зид бўлган ғоялар “экстремистик” ғоялар ҳисобланади. Диндаги қандайдир бир йўналишни бузиб талқин этишдан асосий мақсад жангари гуруҳларни шакллантиришдан иборат.
Омон ҚОДИРОВ
Хожа Бухорий ўрта махсус ислом таълим муассасаси
ўқитувчиси
