Оятул курсий фазилати

106

Қуръони карим суралари ва оятларининг фазилатлари борасида ниҳоятда кўп ҳадислар, ривоятлар ворид бўлган. Шулар ичида «Бақара» сурасининг 255-ояти бўлмиш оятул курсийнинг фазли ҳақида ҳам бир қанча асарлар бор.

 

اللَّهُ لا إِلَٰهَ إِلَّا هُوَ الْحَيُّ الْقَيُّومُ ۞ لا تَأْخُذُهُ سِنَةٌ وَلا نَوْمٌ ۞ لَهُ مَا فِي السَّمَاوَاتِ وَمَا فِي الْأَرْضِ ۞ مَن ذَا الَّذِي يَشْفَعُ عِندَهُ إِلَّا بِإِذْنِهِ ۞ يَعْلَمُ مَا بَيْنَ أَيْدِيهِمْ وَمَا خَلْفَهُمْ ۞ وَلَا يُحِيطُونَ بِشَيْءٍ مِّنْ عِلْمِهِ إِلَّا بِمَا شَاءَ ۞ وَسِعَ كُرْسِيُّهُ السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضَ ۞ وَلَا يَئُودُهُ حِفْظُهُمَا ۞ وَهُوَ الْعَلِيُّ الْعَظِيمُ.

 

«Аллоҳ — Ундан ўзга илоҳ йўқ зотдир. У тирик ва қайюмдир. Уни мудроқ ҳам, уйқу ҳам олмас. Осмонлару ердаги нарсалар Уникидир. Унинг ҳузурида Ўзининг изнисиз ҳеч ким шафоат қила олмас. У уларнинг олдиларидаги нарсани ҳам, ортларидаги нарсани ҳам билур. Унинг илмидан ҳеч нарсани иҳота қила олмаслар, магар Ўзи хоҳлаганини, халос. Унинг курсиси осмонлару йерни қамраган. Уларни муҳофаза қилиш Уни чарчатмас. Ва У Олий ва Азим зотдир».

 

“Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам менга: “Эй Абу Мунзир! Аллоҳнинг китобидаги энг улуғ оят қайси эканини биласанми?” дедилар. “Аллоҳ ва Унинг Расули билувчироқ”, дедим. У зот яна: “Эй Абу Мунзир! Аллоҳнинг китобидаги энг улуғ оят қайси эканини биласанми?” дедилар. Мен “Аллоҳу лаа илаҳа илла ҳувал Ҳайюл Қойюм”, дедим. Шунда У зот кўксимга уриб: “Аллоҳга қасам, эй Абу Мунзир, сенга илм муборак бўлсин”, дедилар”. Имом Муслим ва Абу Довуд ривоят қилганлар.

 

Абу Умома Боҳилийдан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким ҳар бир фарз намозидан кейин Оятул Курсийни ўқиса, унинг жаннатга киришидан фақат ўлим тўсиб туради” дедилар (Имом Насоий ривояти).

 

“Оятул Курсий”нинг фазли ҳақида келган баъзи ривоятлар:

  1. “Оятул Курсий”ни уйидан чиқаётганда ўқиган одам қайтиб келгунча Аллоҳ таолонинг ҳимоясида бўлади.
  2. “Оятул Курсий”ни ҳовлисида ўқиган одамникига ўттиз кунгача шайтонлар, қирқ кунгача сеҳргарлар кирмайди.
  3. “Оятул Курсий”ни уйқуга ётганда ўқиган одамни Аллоҳ таоло ўзини ҳам, қўшнисини ҳам, қўшнисининг қўшнисини ҳам омонда сақлайди.

Оятал курсининг хосиятлари жуда кўп. Ҳадиси шарифларда шундай дейилади:

“Оятал курси оятларнинг саййиди. Бир жойда ўқилса, шайтон у ерда тура олмайди, албатта, қочади.”  (Ҳаким)

“Оятал курси Қуръони каримнинг тўртдан бири.” (Абушшайх)

“Фотиҳа билан Оятал курсини ўқиган одамга шу куни жин ва шайтон зарар етказа олмайди, кўз тегмайди.”  (Дайламий)

“Ётар маҳали оятал курсини ўқиган кишига шайтон яқин келолмайди.”  (Шавоҳид-ун-нубувва)

“Ҳар бир фарз намозидан кейин Оятал курсини ўқиган одам учун Жаннатга киришига ҳеч қандай тўсиқ йўқ.”  (Насоий, Ибн Хиббан, Байҳақий, Табароний)

“Уйидан чиқаётганида Оятал курси ўқиган кимсага уйига қайтгунича етмиш фаришта истиғфор ва дуо айтади.”

 

Ҳикматуллохон ҲОМИДОВ

Хожа Бухорий ислом таълим муассасаси ўқитувчиси