Дин ўзи нима…!

58

Бандалари учун Ислом динини сўнгги илоҳий таълимот қилган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин.

Ислом динининг моҳиятини умматларига очиб берган суюкли пайғамбаримиз Муҳаммад мустафога мукаммал саловат ва саломлар бўлсин.

Яқин шарқда “араб баҳори” номи остида бошланган қонли тўс-тўполонлар ҳали ҳануз тингани йўқ. Жиҳод тушунчасининг нотўғри талқин қилиниши оқибатида қанчадан-қанча ёш ва навқирон йигитлар завол топди. Уларнинг орасида минг афсуски, ўзимизнинг қора кўз ўзбеклар ҳам талайгина. Интернетга ин қуриб олган, қилар иши бузғунчиликдан нарига ўтмайдиган “олимчалар” ҳалигача уруш майдонларига одамларни жалб қилиш устида иш олиб бормоқда. Дин ниқоби остида гўё ёшларга ҳақиқий исломга амал қилиш ва шу орқали жаннатга кириш имконини таклиф этишмоқда. Ана шундай нобакор кимсалар ижтимоий тармоқларда  фаоллашиб  турли бузғунчи ғоялари билан кўзга ташланиб қолмоқда.

Ушбу мақолада оят ва ҳадислар асосида уларнинг баъзи  иддаоларига жавоб берамиз.

Бузғунчилар ижтимоий тармоқлар орқали: “Биз доим айтамиз,  Дубайми ёки Малайзиями, уларнинг осмонўпар бинолари биз учун исломнинг рамзи эмас. Ҳов анави ривожланган исломий шаҳарлар, демаймиз. Балки ҳалокат бу. Ҳар қандай бино эгаси учун дунё ва охиратда ҳалокатдир. Дунёдагиси шулки, бир кун ер қимирласа, шу бино устингизга қулаб, сизнинг тобутингизга айланади ёки сизни ҳақдан тўсилишингизга ана шу қасрингиз сабаб бўлади, уй-жойим дейсиз ва бир жойдан бошқа жойга ҳижрат қила олмайсиз, кейин ҳижрат қилганларни ҳам ёмон кўрасиз, жиҳод деса, уйингизга бомба тушишини ўйлаб юрагингиз ёрилиб кетади, шу сабабли диндан ва ҳақдан тўсиласиз” деб даъво қилади.

Аввало уларнинг “…Дубайми ёки Малайзиями, уларнинг осмонўпар бинолари биз учун исломнинг рамзи эмас” деган гапига тўхталсак. Тўғри баланд иморатлар исломнинг рамзи эмас. Бироқ ислом баланд бино қуришга қарши ҳам эмас. Чунончи Али разияллоҳу анҳу фарзандларингизга замонасининг илмини ўргатинглар деган. Шунга кўра ҳар бир даврнинг ўзига хос ва ўзига мос илми ва яшаш тарзи бўлади. Бугун осмонўпар бинолар қуриш давр талабига айланди.

Уларнинг “…Ҳов анави ривожланган исломий шаҳарлар, демаймиз” деган жумласига келсак, аҳолиси ислом динига эътиқод қиладиган ҳар қандай шаҳарни исломий шаҳар дейилади. уларга қолса, шу шаҳардаги мусулмонларни ҳам кофирликда айблаб, қонини ҳалол қилиб юборади.

Энди уларнинг “…ёки сизни ҳақдан тўсилишингизга ана шу қасрингиз сабаб бўлади. Уй-жойим дейсиз ва бир жойдан бошқа жойга ҳижрат қила олмайсиз, кейин ҳижрат қилганларни ҳам ёмон кўрасиз” деган гапларига тўхталсак. Гапни узоқдан олиб келишини кўринг буни! Охири мақсадга ўтиб, ҳижрат мавзусига ўтади. Ваҳоланки, пайғамбар алайҳиссалом Макка фатҳидан сўнг ҳижрат қилиш йўқ деганлар. Бу нобакорлар яна қандай ҳижрат ҳақида лоф уряпти экан. Ишқилиб одамларни ўз юртидан “ҳижрат” йўли билан чиқариб олса бўлгани. Кейинги босқичда жиҳода масаласини кўтаради. Мана “…жиҳод деса, уйингизга бомба тушишини ўйлаб юрагингиз ёрилиб кетади” деган гапи сизга исбот-далил бўлади.

Уларнинг “…шу сабабли диндан ва ҳақдан тўсиласиз” деган гапи ер юзида унга эргашмаган мусулмонлар диндан ва ҳақдан тўсилган мусулмонлар деган маънони билдиради.

Аслида дин нима деган саволга Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган Жаброил ҳадисида келган маълумотларни келтириш орқали жавоб топиш мумкин.

У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “…Албатта, у Жаброилдир. Сизларга динларингиздан таълим бергани келибди”, дедилар.

Яъни, унинг саволлари одамларга динларини ўргатиш мақсадида берилган эди, дедилар. Шундан, бу саволларда зикр қилинган масалаларнинг мажмуаси “дин” экани тушунилади.

Хўш! Ўша саволлар қандай саволлар эди. Келинг бир кўздан кечирайлик.

  • “Эй Муҳаммад, менга Ислом ҳақида хабар бер”
  • “Менга иймон ҳақида хабар бер”
  • “Менга эҳсон ҳақида хабар бер”

Гувоҳи бўлганингиз каби дин ушбу саволларнинг жавобида мужассам.

Ҳа, сиз-у биз билган ўша Ислом, иймон ва эҳсоннинг йиғиндисидан дин ташкил топади. Демак динга амал қилмоқчи бўлган мусулмоннинг ҳижрат қилиш ёки жиҳод қилишга эҳтиёжи йўқ. Бу билан исломда ҳижрат ва жиҳод мутлақо йўқ демоқчи эмасмиз. Лекин  аллақандай “даъватчилар”нинг сохта чақириқларига алданиб қолмаслик керак.

 

 Ў. Ғузаров