Сабр ва шукрнинг аҳамияти

29

Исломий ҳаётда сабр ва шукр асосий фазилатлар ҳисобланади. Қуръон ва Ҳадисларда бу иккала сифатнинг банданинг руҳий ва жисмоний ривожи учун нақадар муҳимлиги қайта-қайта таъкидланади. Сабр – синовларга чидаш ва Аллоҳга тўлиқ ишониш билан тавсифланган бўлса, шукр – банданинг Аллоҳнинг неъматларига миннатдорчилик билдириб, ҳамд айтиши билан боғлиқ. Бу мақолада сабр ва шукрнинг диний аҳамияти, Қуръон ва ҳадислардан келтирилган далиллар орқали тушунтирилади.

 

Сабрнинг аҳамияти

Сабр араб тилидан “тўсмоқ”, “ушлаб турмоқ” деган маъноларни англатади. Исломда сабр сабоқлари Қуръонда ва Пайғамбаримиз Муҳаммад ﷺ ҳадисларида тез-тез таъкидланади. Бунда, инсон Аллоҳ таоло берган синов ва қийинчиликларга қарши матонат билан туриб бериши керак. Сабр фақат қийинчиликларда эмас, балки банданинг иймонида ҳам изчил бўлишни англатади.

Қуръонда Аллоҳ таоло сабр қилувчиларни яхши кўришини билдирган:

“Шубҳасиз, Аллоҳ сабр қилувчиларни севади.” (Қуръон, Али Имрон сураси, 146-оят)

Бу оятдан кўриш мумкинки, Аллоҳ сабр қилувчиларни яхши кўради ва уларни мукофотлайди. Сабр қилганлар фақат дунё синовларидан эмас, балки шайтоннинг васвасаларидан ҳам ҳимояланади.

Расулуллоҳ ﷺ ҳам сабр ҳақида кўп ҳадисларида таъкидлаб ўтганлар. Шулардан бири:

“Сабр – нурдир.” (Муслим, Иймон, 58)

Бу ҳадисда сабр инсоннинг ҳаётига йўл кўрсатувчи нур сифатида тасвирланган. Бу шуни англатадики, ҳаётдаги қийинчиликларга сабр қилган киши, Аллоҳнинг раҳматига еришади ва охиратда мукофотланади.

 

Шукрнинг аҳамияти

Шукр – Аллоҳнинг бандага берган неъматларини тан олиш ва унга миннатдорчилик билдиришдир. Исломда шукр қилиш фақат тилда “Алҳамдулиллаҳ” дейиш билан чеклан майди, балки амалларимиз ва қалбдаги эътиқод билан тасдиқланиши керак.

Қуръонда Аллоҳ таоло шукр қилган бандаларни янада кўпроқ неъматлар билан сийлашини ваъда қилади:

“Агар шукр қилсангизлар, албатта, Мен (неъматларимни) сизларга кўпайтириб бераман.”  (Қуръон, Иброҳим сураси, 7-оят)

Бу оят бизга шуни кўрсатадики, шукр қилиш инсонни Аллоҳга янада яқинлаштиради ва унинг ризқини кўпайтиради. Аллоҳнинг неъматларига шукр қилиш – бу нафақат банданинг миннатдорлиги, балки неъматларнинг давомийлиги ва кўпайиши учун ҳам бир калитдир.

 

Пайғамбаримиз Муҳаммад ﷺ ҳам шукрнинг аҳамиятини қуйидаги ҳадис орқали таъкидлаб ўтганлар:

“Кимки одамлар миннатдорчилигига сазовор бўлмаса, Аллоҳга ҳам шукр қила олмайди.” (Тирмизий, Бирр, 35)

Бу ҳадис шуни англатадики, банданинг Аллоҳга шукр қилишига одамлар ўртасидаги муносабатлар ҳам таъсир қилади. Одамлар орасида миннатдорчилик ва эҳтиром сақланадиган жамият, Аллоҳнинг ризосига эришиш учун муҳим қадамдир.

 

Сабр ва шукрнинг ўзаро боғлиқлиги

Сабр ва шукр бир-бири билан чамбарчас боғлиқдир. Аллоҳ таоло баъзида бандаларига қийинчилик ва синовларни берар экан, бу синовлар орқали инсоннинг сабри синовдан ўтади. Бошқа ҳолларда эса неъматлар беради, шунда банда бу неъматларга шукр қилишга чақирилади. Сабр қийинчиликларга тоқат қилишда ёрдам берса, шукр Аллоҳнинг неъматларини қадрлаш ва қадрига етишга ўргатади.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, исломда сабр ва шукр банданинг руҳий ва ахлоқий ривожланиши учун муҳим фазилатлардир. Сабр, инсонни қийинчиликлар олдида матонатли қилиш билан бирга, Аллоҳга бўлган ишончини мустаҳкамлайди. Шукр эса, Аллоҳнинг чексиз неъматларини тан олиш ва уларга миннатдорчилик билдириш орқали бандани Аллоҳга янада яқинлаштиради. Қуръон ва Ҳадисларда сабр ва шукрнинг муҳим ўрни тасдиқланади ва бандаларга бу фазилатларни ҳаётларида татбиқ қилиш тавсия этилади.

 

Турсунпулатов Азизбек

Хожа Бухорий ислом таълим муассасаси ўқитувчиси