Исломда ризқнинг моҳияти ва тақдирга бўлган эътиқод

34

Исломий эътиқодда ризқ ва тақдир масаласи инсон ҳаётининг ажралмас қисми сифатида алоҳида аҳамиятга эга. Ризқ — Аллоҳ томонидан бандага тақдим этиладиган моддий ва маънавий неъматлар, тақдир эса Аллоҳ томонидан аввалдан белгиланиб қўйилган ва инсоннинг ҳаётида рўй берадиган барча воқеалардир. Ушбу мақолада ризқ ва тақдирнинг Исломдаги ўрни, улар ўртасидаги боғлиқлик, шунингдек, Қуръон ва ҳадисдан мисоллар орқали бу тушунчаларнинг моҳияти тушунтирилади.

Ризқнинг Моҳияти Ризқ — инсоннинг тирикчилиги учун зарур бўлган барча моддий ва руҳий неъматлар мажмуи. Ризқ нафақат бойлик ёки мол-мулк, балки соғлик, илм, оилавий бахт, дўстлик, барака каби маънавий ва ахлоқий неъматларни ҳам ўз ичига олади. Исломга кўра, ҳар бир инсоннинг ризқи Аллоҳ томонидан тақсимланади ва уни орттириш ёки камайтириш фақат Унинг иродасига боғлиқдир.

Қуръонда Аллоҳ таоло ризқни фақат Ўзи яратиши ва тақсимлаши ҳақида шундай деган:

“Ер юзида ўрмалаган нарса борки, Уларнинг ризқи Аллоҳнинг зиммасидадир…” (Ҳуд сураси, 6-оят)

Бу оятда Аллоҳ ризқнинг фақат Унинг иродаси билан тақсимланишини очиқ-ойдин баён қилади. Ҳар бир жонли мавжудот учун ризқ Аллоҳ томонидан тайин қилинган бўлиб, уни бошқа ҳеч ким таъминлай олмайди. Бунинг маъноси шуки, инсон ўз ризқини топиш учун ҳаракат қилиши керак, лекин ризқни берувчи фақат Аллоҳдир.

Ҳадисда Пайғамбаримиз Муҳаммад ﷺ ризқ масаласига аниқлик киритиб, шундай деганлар:

“Сизлардан биронтангиз ризқи тўлиқ бўлмагунича ўлмайди. Ризқингиз кечикиб келса, уни Аллоҳга итоацизлик қилиб топишга уринманг. Аллоҳдан қўрқинг ва ризқни ҳалол йўллар билан изланг.”  (Ибн Можа, Тижорат, 2)

Бу ҳадис инсон ризқи Аллоҳ томонидан белгиланганини ва уни топиш учун ҳалол йўллар билан ҳаракат қилиш лозимлигини урғулайди. Инсон ризқи қандай бўлмасин, у ҳалол йўллар орқали олиниши керак, ҳаром йўллар билан ризқ орттиришга уринмаслик тавсия этилади.

Тақдир ва Ризқнинг Ўзаро Боғлиқлиги

Исломий таълимотда тақдир – Аллоҳнинг илм ва ҳикмати билан банданинг ҳаёти давомида содир бўладиган барча воқеаларни аввалдан белгилаб қўйиши, яъни инсоннинг ҳаёти ва ўлими, бойлиги ва фақирлиги, бахти ва бахтсизлиги Аллоҳ томонидан тайин этилган. Тақдирни тушунишда Аллоҳнинг адолати ва ҳикмати катта аҳамиятга эга.

Ризқ ва тақдир ўзаро боғлиқ тушунчалар. Аллоҳ бандаларнинг ризқини тақдирда белгилаб қўйган ва у қанча ризқ олиши, қандай шаклда унга этиши фақат Аллоҳнинг иродаси билан содир бўлади. Қуръонда бу ҳақида Аллоҳ таоло шундай деган:

“Улар Аллоҳ ўзи хоҳлаган кишисига ризқни кэнг ёки тор қилишини билмайдиларми…” (Қуръон, Рум сураси, 37-оят)

Бу оят Аллоҳнинг ҳикмати билан кимнинг ризқи кўп, кимнинг ризқи оз бўлиши ҳам тақдирга боғлиқлигини кўрсатади. Ҳар бир инсоннинг ризқи Аллоҳ томонидан унга энг тўғри ва зарур шаклда тақсимланади. Банда ризқни топишда ҳаракат қилиши, лекин унинг қандай ва қанчалик бўлишини Аллоҳнинг иродасига ҳавола қилиши керак.

Ҳадисда Расулуллоҳ ﷺ тақдирнинг ўзига хослиги ҳақида шундай деганлар:

“Агар бутун дунё аҳли бирлашиб, сенга бир фойда йетказмоқчи бўлса, Аллоҳ ёзмаган нарсани сенга етказа олмайди. Агар улар бирор зарар етказмоқчи бўлишса, Аллоҳ ёзмаган зарар етказишларига қодир эмаслар.”

(Термизий, Қадр, 2516)

Бу ҳадисдан кўриниб турибдики, инсоннинг ризқи, бойлиги ёки қашшоқлиги, муваффақияти ёки омадсизлиги – барчаси Аллоҳ томонидан тақдир этилган. Ҳеч ким бу тақдирни ўзгартира олмайди.

Инсоннинг Ҳаракати ва Ризқ

Исломда инсон ўз ризқини топиш учун ҳаракат қилиши талаб этилади. Аллоҳ ҳар бир инсоннинг ризқини тақдирда белгилаган бўлса-да, инсон уни олиш учун саъй-ҳаракат қилиши лозим. Қуръонда бу ҳақда шундай дейилади:

“У сизларга ерни бўйсундириб қўйган зотдир. Бас унинг турли жойларида юринг ва унинг ризқидан энг ва қабрдан чиқиб бориш ҳам унинг ҳузурига бўладир.” (Қуръон, Мулк сураси, 15-оят)

Бу оятда Аллоҳ ер юзини инсонлар учун ризқ манбаси қилиб яратгани ва улар ўз ризқини топиш учун ҳаракат қилишлари кераклиги кўрсатилади. Инсон меҳнат қилиши, ҳалол йўл билан тирикчилик қилишга интилиши керак. Ризқнинг тақдир этилганлиги, инсонни ҳаракациз ва пассив бўлишга чақирмайди. Аксинча, инсон ўз ризқи учун Аллоҳга таваккул қилиб, лекин меҳнат билан интилиши лозим.

Расулуллоҳ ﷺ ризқ излаш ва меҳнат қилишнинг аҳамияти ҳақида шундай деганлар:

“Ҳеч ким ўз қўли билан меҳнат қилиб топган нарсадан яхшироқ ризқ емаган.”  (Бухорий, Биротиъл-Амал, 2072)

Бу ҳадисда ризқни меҳнат билан топишнинг қадри баланд эканлиги баён этилади. Ҳалол меҳнат ризқнинг энг баракали ва афзал йўли сифатида эътироф этилади.

Тақдирга бўлган эътиқоднинг банданинг ҳаётига таъсири

Тақдирга бўлган эътиқод инсоннинг ҳаётига катта таъсир қилади. Исломий нуқтаи назардан, тақдирга ишониш бандани сабр ва таваккулга ундайди. Инсон ҳаётда рўй берадиган барча воқеаларни Аллоҳнинг иродасига боғлаб, Унга тўлиқ суяниши керак. Қийинчиликларга сабр қилиш ва неъматлар учун шукр қилиш – бу тақдирга ишончнинг асосий жиҳатларидир.

Аллоҳ таоло Қуръонда шундай деган:

“Бирор мусибатни пайдо қилмасимиздан олдин у китобда битилган бўлур…” (Ҳадид сураси, 22-оят)

Бу оят тақдирнинг Аллоҳнинг ҳикмати билан яратилганини ва барча нарсалар Унинг олдиндан белгиланган режасига мувофиқ содир бўлишини тасдиқлайди. Бу эътиқод инсонни дунё ташвишлари ва ноҳақликларидан ҳимоя қилади, ҳаётдаги ҳар қандай воқеага, шу жумладан ризққа ҳам хотиржамлик билан муносабатда бўлишга ундайди.

Хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, исломда ризқ ва тақдир ўзаро боғлиқ ва муҳим тушунчалар бўлиб, улар Аллоҳнинг бандаларига берадиган неъматлари ва уларга бўлган синовларини акс эттиради. Ризқ Аллоҳ томонидан тақсимланади, лекин инсон уни топиш учун ҳалол йўллар билан ҳаракат қилиши лозим. Тақдирга бўлган ишонч эса банданинг Аллоҳга бўлган тўлиқ таваккулини мустаҳкамлайди ва уни сабрли ҳамда миннатдор бўлишга ўргатади. Қуръон ва ҳадислар бу тушунчаларнинг Исломдаги ўрнини янада чуқурроқ тушунтириб, инсоннинг дунёдаги вазифаси ва бурчини белгилаб беради.

 

Турсунпулатов Азизбек

Хожа Бухорий ислом таълим муассасаси ўитувчиси