ҲАР БИР ИШДА МЕЪЁР БОР
52

Яратган бандаларига меҳрибон Зот, бизларни яратиб ўз ҳолимизга ташлаб қўймади, балки дунё ва охиратда ҳам бахтли ҳаёт кечиришимиз учун барча нарсаларни очиқ – ойдин баён қилувчи китобини ва у китобини бизларга етказувчи Расулини юборди. Аллоҳ таоло сизу биз мўминларга хитоб қилиб шундай марҳамат қилади:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا اسْتَجِيبُوا لِلَّهِ وَلِلرَّسُولِ إِذَا دَعَاكُمْ لِمَا يُحْيِيكُمْ
яъни: “Эй, имон келтирганлар! Сизларни тирилтирувчи нарса учун чорлаганларида, Аллоҳга ва Расулга (лаббай деб) жавоб қилингиз” (Анфол сураси, 24-оят).
Муфассир уламоларимиз ушбу ояти каримадаги “Сизларни тирилтирувчи нарса”дан мурод мусулмон кишининг руҳий тириклигини таъминловчи имон, эътиқод, шариатимизга мувофиқ ҳаёт тарзи эканини таъкидлаб ўтишган. Ҳа, динимиз инсоннинг қандай ҳаёт кечириши, нималарга амал қилиб, нималардан сақланиши кераклигини очиқ ойдин белгилаб берган.
Динимизга кўра инсон ҳам ички олами – қалбини ислоҳ қилишга, ҳам ташқи кўринишини тартибга келтиришга буюрилган.
Қалбини ислоҳ қилиши – унинг аввало имон эътиқоди, тақвосида, қолаверса, одоб ахлоқи ва инсонлар билан ўзаро муомаласида намоён бўлади. Нўмон ибн Башр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай марҳамат қилганлар:
“Огоҳ бўлингким! Албатта жасадда бир парча гўшт бордир. Қачон у солиҳ бўлса, жасаднинг ҳаммаси солиҳ бўлур. Қачон у бузуқ бўлса, жасаднинг ҳаммаси бузуқ бўлур. Огоҳ бўлингким ушбу нарса қалбдир”.
Кишининг ташқи олами эса, унинг кийими ва ташқи кўринишининг озода ва тартибли эканида кўринади. Динимиз мана шу икки жиҳатни тартибга солишга буюради.
Кийим – инсон зийнати. У киши маънавияти, маданияти, диди ва дунёқарашининг ёрқин кўзгусидир. Кийим инсонни иссиқ-совуқдан сақлайди, авратларини беркитади ва кишига зийнат бўлиб хизмат қилади. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:
“Эй, Одам авлоди! Сизларга авратларингизни беркитадиган либос ва патлар (зийнат кийимлари)ни туширдик. (Аммо) тақво либоси – бу, яхшироқдир. Бу(лар) Аллоҳнинг мўжизаларидандир. Шояд (буни) эслаб кўрсалар!” (Аъроф сураси, 26-оят).
“Аврат” сўзи арабча бўлиб, инсон ўз қадри ва ҳаёсини асраб қолиши учун баданининг бекитадиган аъзоларини англатади. Инсон танасининг кўздан яширилиши ва намозда ёпиқ туриши фарз қилинган, кўрсатиш ва қараш ҳаром бўлган қисми – авратдир.
Жоҳилият даврида одамлар нафси ҳаволаридан келиб чиқиб кийинишар эди. Ислом келиб кийиниш масаласини тартибга солди. Инсон эҳтироми ва жамоатчилик одобига зид бўлган либослардан қайтарди. Шу билан бирга кийиниш маданиятига риоя қилишга чақирди.
Ислом дини кўрсатмасига кўра аёл-қизлар балоғатга етганларидан кейин бегона (номаҳрам) эркаклардан тўсиш учун ўз аврат аъзоларини беркитиб юришларига буюрилганлар. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:
“Мўминаларга ҳам айтинг, кўзларини (номаҳрам эркаклардан) қуйи тутсинлар ва авратларини (зинодан) сақласинлар! Шунингдек, (одатда) кўриниб турадиганидан бошқа зийнатларини кўрсатмасинлар ва рўмолларини кўкраклари узра тушириб олсинлар! …” (Нур сураси, 59-оят).
Ушбу ояти каримадаги “кўриниб турадиганидан бошқа зийнатлари” жумласини шарҳлаб жумҳур уламолар аёлларнинг икки қўлининг кафти ва юзи аврат ҳисобланмайди, деганлар.
Мазкур ояти каримада муслима аёл-қизларга ташқаридан бўлиши мумкин бўлган салбий таъсир ва муомалалардан ўзларни сақлаш мақсадида бегона (номаҳрам) эркакларни олдида авратларини яшириб, ёпинчиқларини устиларига ташлаб юришларига буюрилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, исломда ибодат либоси йўқ. Асосий талаб эркак киши кийинишда ўзини аёлларга ўхшатиб олмаслиги ёки аксинча, аёл эркакча кийинмаслиги саналади. Ҳанафий мазҳабимизга кўра аёл киши ўранганида икки қўлининг кафти ва юзидан бошқа аъзоларини ёпиши вожибдир. Бунга Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг Асмо бинти Абу Бакр разияллоҳу анҳога қарата айтган қуйидаги ҳадислари ҳам далолат қилади:
يَا أَسْمَاءُ، إِنَّ الْمَرْأَةَ إِذَا بَلَغَتِ الْمَحِيضَ لَمْ يَصْلُحْ أَنْ يُرَى مِنْهَا إِلاَّ هَذَا وَهَذَا» وَأَشَارَ إِلَى وَجْهِهِ وَكَفَّيْهِ
яъни: “Эй Асмо, аёл киши вояга етганда ундан мана бу ва мана бу жойларидан бошқаси аъзоси кўриниши мумкин эмас”, деб юз ва икки кафтларига ишора қилдилар” (Имом Абу Довуд ривоят қилган).
Лекин ҳозирда айрим аёл-қизларимиз сохта ғоялар таъсирида, ўзгаларга тақлид қилиб мазҳабимизга хилоф ва миллий урф-одатларга зид равишда юз ва қўлларини тўсган ҳолда бурқа ва ниқоб тақиб олиш ҳолатлари учраб турибди. Аслида ҳар бир нарсада бўлгани каби, кийимда ҳам мўтадил бўлиш мақсадга мувофиқ саналади.
Исломда аёл-қизларнинг сатри авратда бўлиши талаб етилсада, бунда махсус кўринишдаги ёхуд махсус рангдаги кийим кийиш шарт қилинмаган. Яъни, ибодатли, диёнатли аёллар махсус ранг ёки кўринишдаги либосларни кийишлари фарз ёки вожиб деб белгиланмаган.
Мусулмон кишининг одоби унинг қуруқ даъвосида эмас, балки, юриш-туриши, ҳаракату саканотида намоён бўлиши лозим.
Дунёда илм-фан шиддат билан ривожланмоқда, ҳар куни кашфиётлар қилинмоқда. Лекин шу кашфиётларнинг қанча қисми мусулмонлар ҳиссасига тўғри келмоқда? Афсуски, бу нисбат жуда кам бўлиб, бизни огоҳликка, илм-фан билан жиддийроқ шуғулланишга ундайди. Тарихда мусулмон олимлари дунё халқларига кўплаб кашфиётларни тақдим етганлар. Кашфиётларнинг кўпи аниқ фанларга тўғри келган, яъни математика, геометрия, астрономия, физика, кимё ҳамда тиббиёт фанлари ривожланган.
Лекин воқеълигимизнинг аксар ҳолатларида бекорчи тортишувлар, диний ҳис-туйғуларни қўзғатиш билан гиж-гижлаш ҳолатлари ҳалигача давом етмоқда. Маърифатпарвар аждодларимиздан Мунавварқори Абдурашидхонов бундан бир аср олдин таассуф билан шундай деган эдилар: “Бугунгача Оврупо халқи осмонга учар экан, бизда соч ва соқол низолари, овруполилар денгиз остида сузар экан, бизда узун ва қисқа кийим жанжаллари, Оврупо шаҳарлари бутун электрик билан иситилур ва ёритилур экан, бизда мактабларда жўғрофия ва табиёт ўқитиш, ўқитмаслик ихтилофлари давом этади”.
Кўриб турганимиздек, бу сўзлар ҳозиргача ўз қийматини йўқотмаган. У киши зикр қилган тортишувларнинг аксарияти ҳали ҳам учрамоқда. Мусулмончиликни эркаклар фақат узун соқол қўйишда, аёллар эса юз қўлларини ўраб олишларидан иборат деб ўйлашлари нодонликдир.
Аслида, фарзандларимизни жамият учун манфаатли қилиб тарбиялаш бугунги кунда барчамизнинг мақсадимиз бўлиши лозим. Зеро, Ибн Умар разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллалоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:
أَحَبُّ النَّاسِ إِلَى اللهِ أَنْفَعُهُمْ لِلنَّاسِ
яъни: “Одамларнинг Аллоҳга энг севимлиси – бошқаларга фойдаси кўпроқ тегадиганидир” (Имом Табароний ривояти).
Аллоҳ таоло ёшларимизни камолотга эриштириб, аждодларига муносиб авлод бўлишини насиб қилсин. Омин!
Оллоёр ОМОНОВ
“Хожа Бухорий” ўрта махсус таълим муассасаси
ўқитувчиси
