СИЗ УЧУН УСТОЗ КИМ…!
64

Бугунги кунда юртимизда минглаб мактаб, лицей, коллеж, диний мадрасалар, диний олийгоҳлар дунё стандартларига жавоб берадиган қилиб бунёд қилинди, қайта таъмирланди. Узоқ қишлоқ ва тоғли ҳудудларда ҳам мана шундай гўзал илм даргоҳларини кўриб кўзинг қувонади. Айниқса, турли-туман китобларнинг чоп этилиши, бизни хурсанд қилади. Эрта тонгдан мактабга тўп-тўп бўлиб бораётган ёшларни кўриб кўзинг қувонади. Уларнинг мурғак қалблари, узоқни кўзлаган орзулари, шоду хуррамликларини кўриб, болаликка қайтгинг келади. Бугун чет тилларида равон сўзлашаётган, дунё
ўқувчилари орасида биринчи ўринни эгаллаб келаётган ёшларни кўрганда: “Асли ибн Синолар, Беруний ва Бухорийларнинг авлодлари-да, асли-насли тоза ёшлар-да!”, деб фахрланамиз. Бугун касбга қизиқиб уни мукаммал эгаллаган ёшлар, дунёнинг турли шаҳарларида ўз қобилиятини кўрсатаётганларини кузатиб:
“Устозингга, отангга балли”, деймиз. Буларнинг ҳаммаси истиқлол, ҳуррият ва албатта тинчлик сабабидандир. Бу эса давлатимиз раҳбарияти ёш авлод ва фарзандларни илм олишлари учун кўрсатаётган жонбозликлар бизни янада билмимизни кучайтиришга ундайди. Бугунги кунда дунёнинг кўп жойларида содир бўлаётган келишмовчиликлар, уруш-жанжаллар, турли тўфонлар боис миллионлаб ёшлар илмсиз, бахт нималигини, болалик сурурини кўрмасдан, қалбларида қўрқув, кўзларида ёш билан умр ўтказишмоқда. Шу боис Аллоҳ берган тинчликнинг қадрига етиб, илм чўққиларини забт этайлик.
Устозсиз ҳеч нарсага эришиб бўлмайди. Дунёда устознинг меҳнатидан оғир меҳнат йўқ. Ҳеч нарсани билмайдиган ёш болага ўқиш-ёзишни ўргатгунча чекиладиган машаққатни гапирмасак ҳам бўлади. Эндигина спорт сари қадам қўйган спортчини дунё миқёсига кўтаргунча чекиладиган меҳнатлар ёки бор маҳоратини ёш болага ўргатадиган ҳунарманднинг меҳнати, сабр-қаноатини кўз олдингизга келтириб кўринг. Ўзим ҳам мадрасада дарс берганман, бу касбнинг нақадар шарафли ва машаққатли эканини яхши биламан. Ўйлаб кўринг, ўзингиз билган нарсани бировдан ҳар куни сўраш, ўргатиш, онгига жойлаш осонми? Бу меҳнатнинг шарафли томони – шогирдларнинг, бир марта устоз деб чақиришларидан ортиқ бахт ва олқиш оламда йўқ. Бунинг савобини айтмайсизми, ҳисобсиз!? Ўйлаб кўрсак, бир одамни илмсизлик, жоҳиллик ва иймонсизликдан сақлаб қоламиз. Гуноҳ ва маъсият ботқоғига тушиб, ҳаётда қоқилмасин деб, қўлимиздан келган, ўзимизда бўлган бор илмни уларга берамиз. Гоҳида ўқувчи ва шогирдларга қаттиқ танбеҳлар берилади. Мақсадимиз эса уларнинг хатоларини тўғрилаб, ислоҳ қилиш.
Фақат бир шартни айтибдиларки, устоз риё ва таъмагирлик қилмаса, устоз ва талаба Аллоҳ таоло, элу юртим манфаати учун холис хизмат қиламан деган ниятда ўқисалар ва таълим берсалар ажру мукофоти каттадир. Бу шарафли масъулиятга азалдан катта аҳамият бериб келинган. Ниятни биринчи ўринга кўтаришган. Устознинг нияти холис бўлиб, талабаларга ўрнак бўладиган амални қилсин. Шогирдларини гуноҳ ишлардан қайтариб турсин, бунинг учун ўзи амал қилсин. Айтганига амал қилмаса, шогирдларга сўзининг таъсири бўлмайди. Имом Аъзам раҳматуллоҳи алайҳнинг олдига бир одам ўғилчасини етаклаб келди ва: “Ҳурматли устоз! Ўғлим жуда кўп асал ейди. Унга камроқ егин десам, сўзимга қулоқ солмайди, шунга бир насиҳат қилиб қўйсангиз”, деди. Имом Аъзам ҳазратлари бир ҳафтадан кейин келишларини таъйинлади. Бир ҳафта ўтгач яна у зотнинг олдига боласини етаклаб келди: Имом Аъзам раҳматуллоҳи алайҳ болани бошини силаб: “Ўғлим, кўп асал емагин! Асални кўп емоғинг соғлигингга зарардир”, дедилар. Бола: “Хўп бўлади”, деди. Шунда унинг отаси ниҳоятда гўзал одоб билан, қўлини кўксига қўйиб (Улуғ инсонлардан савол сўралганда, кўзига тик боқилмайди, овоз кўтарилмайди, бироз бош эгилиб, қўл кўксига қўйилиб, тавозеъ билан сўралади): “Ҳазрат, шу гапингизни нимагадир аввал келганимизда айтмадингиз?”, деди паст овозда. “Чунки ўша куни ўзим, асал егандим, ўзим асал еб болага асал емагин, десам гапимнинг таъсири бўлмасди”, дебдилар.
Устоз бағрикенг ва кечиримли, шогирдларининг ҳаққига дуо қилувчи бўлади. Арзимас нарсаларга жаҳли чиқмаслиги, шогирдларидан кўнгли қолмаслиги, айниқса, уларни дуоибад, қарғашдан ўзини тиймоқлиги зарур. Зеро, ота-она каби устознинг дуоси ҳам радсиз қабул бўлади.
Шогирд устознинг ғазабини келтирадиган, ранжитадиган ишлардан ўзини тийсин. Устоз томонидан берилган вазифаларни аъло даражада тайёрлаб, устозни хурсанд қилсин, чунки устозлар шогирдларининг зукколиги, вазифаларини ўз вақтида бажариши ва одобини кўриб хурсанд бўладилар. Устоз шогирдининг жоҳиллик ботқоғидан, олимлик даражасига кўтарилаётганидан мамнун бўлади. Шогирдлар илм даргоҳини битириб кетсаларда, ўз устозларининг аҳволидан хабар олиб, уларнинг яхшилиги, устозлар сабаб етган мартабаларини изҳор қилиб, устозлар фоний дунёни тарк этган бўлсалар, уларнинг ҳаққига дуо қилиб турсинлар.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Билганлар билан билмаганлар баробар бўладиларми?”, деб марҳамат қилган. Олим билан жоҳил, ҳунарли билан ҳунарсиз, тенг келадими? Шу боис олимлари билан дунёга донг таратган юртимиз ёшларидан ақлли, одобли ва албатта бахтли ёшлар етишиб чиқади. Ёшларимизнинг бахти ва саодати учун жон куйдириб, меҳнат қилиб, бор илм ва иқтидорини ишга солаётган устозларга омад тилаймиз. Бундай улкан ишларни қилишда Парвардигори олам барчамизга куч-қувват берсин. Жаннатмакон юртимизга кўз тегмасин, тинчлик ва хотиржамлик неъмати бундан-да зиёда бўлсин. Яна бир бор барча устозларни касб байрами, устозлар ва мураббийлар куни билан муборакбод этиб, уларга соғлик-саломатлик, ишларида ривож тилаймиз. Илм талабида юрган барча ўқувчи ва талабаларимизга бахт саодат, узоқ умр, илмли, ҳаёли ва албатта бахтли бўлишини тилаймиз.
Албатта юртимизда кенг нишонланаётган устоз ва мураббийлар кунида, ўтган устозларимизни эслаб ҳақларига дуо қилишимиз уларнинг руҳини шод қилади.
Оллоёр ОМОНОВ
“Хожа Бухорий” ўрта махсус таълим муассасаси
ўқитувчиси
