ЯНА МАВЛИДИ ШАРИФ ҲАҚИДА
18

Фитначилар фитна чиқариш, тирноқ остидан кир қидиришдан тўхтамас экан биз ҳам уларга қарши илмий асосда курашишдан тўхтамаймиз.
Фитначилар: “Масалан, мавлид қилаётган бидъатчи ўзича: “бу мавлидим билан Расулуллоҳга муҳаббат изҳор қилаяпман” дейди. Буни бидъат десангиз “уялмайсанми. Сени Расулуллоҳга эҳтироминг йўқми” дейди. Аслида у Расулуллоҳ қилмаган ишни қилади, Расулуллоҳ кўрсатиб бермаган нарсани “йўқ Расулуллоҳ бу нарсани кўрсатиб бериши керак эди, кўрсатмай кетди. Ё яширди ё билмаган. Ўша билмаган нарсасини биз топдик. Дин комил деб айтганди, комиил эмас экан” дейди. Бу нарсалар Расулуллоҳни қадрини ерга уришми?! Қадрини ерга уришдир, агар у муҳаббат даъво қилса ҳам” деган пуч даъво билан ижтимоий тармоқларда чиқиш қилиб, ўз вақтини бекорга кетказмоқда.
Фитначиларга жавоб: Ҳақиқатдан мавлид қилаётган мусулмон бу иши билан Расулуллоҳга муҳаббат изҳор этади, чунки бу иши билан мўминларга Расулуллоҳнинг таваллуд кунларидан шодлигини намоён қилиб, зиёфат беради, зеро зиёфат бериш ва зиёфатда Ҳабибимиз ҳақларида суҳбат қилиб, саловотлар айтишда на шаръий ва на ақлий монелик бор, ҳеч қандай зарар йўқ.
Сиз “Аслида у Расулуллоҳ қилмаган ишни қилади, Расулуллоҳ кўрсатиб бермаган нарсани “йўқ Расулуллоҳ бу нарсани кўрсатиб бериши керак эди, кўрсатмай кетди. Ё яширди ё билмаган. Ўша билмаган нарсасини биз топдик. Дин комил деб айтганди, комиил эмас экан” дейди”, деб ёлғон гапиришдан уялинг ёки шу гапинга исбот борми? Албатта йўқ. Бу каби гапларни ҳеч ким айтмаган, айтмайди ҳам шунинг учун сиз мусулмонларни йўқ нарса билан чалғитманг.
Аслида Ҳабибимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни кенг қамровли бир гўзал ҳадиси шарифлари бор: Жарир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда Пайғамбар Соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:
فقالَ رَسولُ اللهِ ﷺ: مَن سَنَّ في الإسْلامِ سُنَّةً حَسَنَةً، فَعُمِلَ بها بَعْدَهُ، كُتِبَ له مِثْلُ أَجْرِ مَن عَمِلَ بها، وَلا يَنْقُصُ مِن أُجُورِهِمْ شيءٌ…
“Ким Исломда гўзал бир суннатни жорий қилса, бас, ундан кейин шунга амал қилинса, у учун унга амал қилган кишининг ажрича ажр ёзилади, уларнинг ажридан бирор нарса камаймайди ҳам”. (Саҳиҳи Муслим. 1018-ҳадис. Саҳиҳ ҳадис). Мавлиди шариф ўтказиб, бутун оламга раҳмат бўлган зотнинг кунларини нишонлашда қандай ёмон иш бор, агар шундай бўлса, бу кунни шодлик билан байрам қилиш ёмон, деб айтинг. Нима, мавлиди шарифни нишонлаётганлар Пайғамбар алайҳиссаломнинг бошқа суннатларига эргашмаяптиларми, суннат амалларни адо қилмаяптиларми?.
Истасангиз мавлиди шариф кунини шодлик ила ўтказишга оятдан ҳам далил келтиришимиз мумкин.
Қуръони каримда мавлиди шарифни нишонлашни шаръий иш эканига ишора келган. Аллоҳ таоло Иброҳим сураси 5-оятида:
وَذَكِّرۡهُم بِأَيَّىٰمِ ٱللَّهِۚ
“..Уларга Аллоҳнинг кунларини эслат!”, деб марҳамат қилган. Шубҳасиз, Аллоҳнинг кунларини қадр жиҳатдан улуғроғи Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таваллуд кунларидир. Яна Қуръони каримдан далил қилиб Юнус сураси 58-оятини келтиришимиз мукин. Унда Аллоҳ таоло қуйидагича марҳамат қилади:
قُلۡ بِفَضۡلِ ٱللَّهِ وَبِرَحۡمَتِهِۦ فَبِذَٰلِكَ فَلۡيَفۡرَحُواْ هُوَ خَيۡرٞ مِّمَّا يَجۡمَعُونَ٥٨
“Сен: “Аллоҳнинг фазли ила ва Унинг раҳмати ила. Бас, ана шу билан ҳурсанд бўлсинлар..,деб айт”. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумо ушбу оятнинг тафсирида шундай деганлар: “Аллоҳнинг фазли бу – илм, Унинг раҳмати эса, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдирлар. Зеро Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:
وَمَآ أَرۡسَلۡنَٰكَ إِلَّا رَحۡمَةٗ لِّلۡعَٰلَمِينَ١٠٧
“Биз сени оламларга фақат раҳмат қилиб юбордик”. (Анбиё сураси 107-оят).
Аллоҳ таоло пайғамбарлар таваллуд топган кунларни мукаррам айлади ва у кунларни саломатлик куни қилди. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Марям сураси 15-оятида шундай марҳамат қилган:
وَسَلَٰمٌ عَلَيۡهِ يَوۡمَ وُلِدَ وَيَوۡمَ يَمُوتُ وَيَوۡمَ يُبۡعَثُ حَيّٗا١٥
“Унга туғилган кунида ҳам, ўладиган кунида ҳам, қайта тириладиган кунида ҳам саломлар бўлсин”. Маълумки, таваллуд кунида шу зотларни яратиш неъмати бўлиб, бу эса ундан кейин келадиган ҳар бир неъматга сабабчидир. Шубҳасиз, Набиййимиз алайҳиссаломнинг таваллуд кунлари дунё ва охиратдаги барча неъматлар сабабчисидир.
Энди Оламларга раҳмат бўлган, биз учун жонларини фидо қилган зот Муҳаммад алайҳиссаломнинг таваллуд кунларини шодлик ила ўтқазувчиларга қаршилик қилишдан тўхтайсизлар фитначилар!
“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом таълим
муассасаси мудири Ў. Ғузаров
