Бомдод ва шом намозларидан сўнг жамоат бўлиб Қуръондан бир қисм қироат қилиш бидъати
15

Намоздан кейин жамоат бўлиб, бир кишини қироат қилиши Пайғамбар алайҳиссалом замонларида мавжуд бўлмаган, демак у ҳам бидъатдир. Лекин ҳаром эмас, ким буни ҳаром деб, даъво қилса, Аллоҳга қарши ёлғон айтибди. Чунки ундай одам Китоб ва сунндатда ҳаром деб келмаган нарсани ҳаром деган бўлади. Қандай қилиб ҳаром бўлсин, ахир Қуръон тиловати умумий ҳолатда матлуб ишку?
Имом Аҳмаднинг шогирди Ҳофиз Ҳарб Кирмоний айтади: “Дамашқ, Ҳимс, Макка ва Басра аҳли бомдод намозидан сўнг Қуръон тиловатига жамланаётганларини кўрдим. Лекин Шомликлар Қуръони каримни ҳаммалари баробар сурама-сура тўлиқ ҳолда жамоат бўлиб баланд овозда ўқир, Басра ва Маккаликлар эса, жамланиб ҳар бир киши ўн оятдан ўқир, қолганлар жим эшитиб турар сўнгра бошқаси ўн оят ўқиган ҳолда охириргача шундай тугатарди”. Ҳофиз Ҳарб бунга хулоса қилиб, бу ишлар жуда гўзал иш, деб айтади.
Имом Молик Шомликларнинг Қуръонни ҳамма киши баробар тарзда баланд овозда ўқишини инкор қиладилар. Абу Бакр Найсабурий имом Моликнинг маноқиблари[1] ҳақидаги китобда Зайд ибн Убайд Дамашқийдан шундай ривоят қиладилар: “Менга Молик ибн Анас шундай деди: “Менга келган хабарга кўра сизлар ҳалқа бўлиб Қуръон қироат қилар экансизлар”, деди. Мен у кишига, бизнинг асҳобларимиз қиладиган ишлар ҳақида хабар бердим. Шунда Молик: “Бизнинг ичимизда муҳожир ва ансорлар бўлатуриб, бу ишни билмаймизку (яъни, агар бу иш яхши иш бўлганида улар қилишар эди, демоқчилар)”, дедилар. Зайд айтади: “Мен (Моликга) бу яхши гўзал ишку”, дедим. Молик эса: “Ажойиб иш, бир киши Қуръон ўқиб, қолганлар атрофида тўпланиб (эшитиб) туришларидир”, деди. Яъни, ҳамма баробар баланд овозда ўқиши яхши эмас, балки, бир киши ўқиса, қолганлар эшитиб турса, ана шунда гўзал бўлади, дедилар.
Абу Бакр Найсабурий Исъҳоқ ибн Муҳаммад Ғиравийдан қилган ривоятда шундай деганлар: “Молик ибн Анасдан шундай деганларини эшитганмиз: “Тонг вақтида Бомдод намозидан сўнг Қуръон қироати учун жамланиш бидъатдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари ва улардан кейинги уламолар бундай қилмаганлар. Улар агар намоз ўқиб бўлсалар, ҳар бирлари холи бўлиб Қуръон ўқир ва Аллоҳни зикрини қилар сўнгра бир-бирлари билан гаплашмай тарқалиб кетар эдилар, чунки гаплашиб қолиш Аллоҳнинг зикридан машғул қилади дейишарди. Демак, улардан кейин пайдо бўлган, жамланиб туриб қироат қилишлар, янги пайдо бўлган ишлардир”.
Найсабурий Ибн Ваҳбдан қилган ривоятда эса қуйидагича келади: “Моликни шундай деганини эшитдим: “Масжидда тўпланиб қироат қилиш, илгариги одамларнинг ишларидан эмас эди. Бу ишни илк бор пайдо қилган киши Ҳажжож ибн Юсуфдир”. Имом Моликнинг ушбу ишни кариҳ кўриши, Қуръонни мусъҳафга қараб ўқиш сабабидан бўлган. Чунки ёддан ўқиш масаласида ундай эмас, демоқчилар.
Аммо имом Муслимнинг Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан қилган ривоятда шундай деганлар: “Бир қавм Аллоҳнинг уйларидан бир уйда жамланиб, Аллоҳнинг китобини тиловат қилиб ва уни ўзаро дарс қилар эканлар, уларга сакинат тушиб, раҳмат ўраб олади ва фаришталар уларнинг атрофига тўпланадилар ҳамда Аллоҳ таоло уларни Ўз ҳузуридаги зотлар (буюк фаришталар) олдида зикр қилади”[2].
Ушбу ҳадис масжидларда жамланиб Қуръон тиловат қилишни шариатда бор иш эканини ифода этади. Шунинг учун уни пайдо қилган киши Ҳажжож ёки бошқаси деб айтиш яхши иш эмас. Чунки буни шариат пайдо қилган ва унга тарғиб қилган.
Имом Байҳақий Абу Саъид Худрий (розияллоҳу анҳу)дан қилган ривоятда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Роббим қиёмат куни шундай дейди: “Мана бугун карам аҳлидан иборат аҳли жамоа (тўпланган зотлар) маълум қилинади”. “Карам аҳли ким? деб сўралди. “Масжидларда зикр мажлисларида тўпланувчилар, деди[3].
Байҳақийнинг Зайд ибн Асламдан қилган ривоятида эса шундай деганлар, Меҳжан ибн Адраъ айтади: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга бир кеча йўлга чиқдик. Масжидда овозини кўтариб (Қуръон ўқиётган) киши олдидан ўтдилар. Шунда мен айдимки: “Эй Аллоҳнинг Росули, бу кишининг иши риё бўлиб қоладику”. У зот: “Йўқ, у холис қилувчидир”, дедилар.
Имом Муслимнинг “Саҳиҳи”да Абу Мусо Ашъарий (розияллоҳу анҳу)дан қилинган ривоятда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Қуръонни маҳкам ушланглар, (эсдан чиқариб қўйманг) Муҳаммаднинг жони Унинг измида бўлган Зотга қасамки, у (Қуръон) боғланган туяданда тез қочувчидир”[4]. Намоздан кейин Қуръон қироати, айнан Қуръонни маҳкам ушлаш ва ҳифзи учун яхши усуллардан биридир, бу нарса ҳадис билан ҳам собит бўлгандир.
Демак, Қуръонни доим такрор қилиб турилмаса, у тезда ҳатто боғланган туя ечилиб кетиб қочганидан ҳам тез қочиб, ёддан чиқиб қолар экан. Уни сақлаш учун ҳар қандай усулларни қилиш мумкин экан, шулардан бири намоздан сўнг қироат қилиш. Қироат қилиш бир киши ўқиб, қолганлар эшитиб туриш биланми ёки ҳар ким ўзи ичида ўқиш билан бўладими, фарқи йўқ. Унинг шариъатга зид жойи йўқ экан.
Саид -Муҳаммад МУҲИБУЛЛОЕВ
Хожа Бухорий ислом таълим муассасаси PhD ўқитувчиси
[1] Manoqib deganda bir kishining hayoti, uning go’zal sifatlari, qilgan xayrli ishlari haqida gapiruvchi asarlar hisoblanadi.
[2] Imom Muslim “Sahih to’plamlari”ning “zikr va duo” bobi 2699-hadis.
[3] Hadisning isnodi zaif. Imom Ahmad “Musnad”ida 3/76-hadis. Imom Bayhaqiy “Shua’b”ida 535-hadis.
[4] Imom Muslim. “Musofirning namozi” bobi, 231 va 791-hadislar.
