Бутун борлиқни ҳеч бир эҳтиёжсиз йўқдан бор қилган, яратганидан сўнг ҳам бутун борлиқдан беҳожат бўлган Аллоҳга чексиз ҳамд-у санолар бўлсин. Аллоҳни бутун борлиқдан беҳожат, бутун борлиқ Аллоҳга муҳтож дея эътиқод қилган Аллоҳнинг Росули Муҳаммад алайҳиссаломга ва у зотнинг оила аъзолари ва саҳобаларига саловат ва саломлар бўлсин.

Аллоҳ бутун инсониятни ўзини яккалигига, барча нарсадан беҳожатлигига, барча унга муҳтожлигига, махлуқотларидан бирор кимса Аллоҳга ўхшамаслигига иқрор бўлиб, иймон келтириши учун яратди. Сўнг уларни синаш учун синов дунёсига келтирди.

Мана шу синовлардан бири, Қуръони каримдаги муташобиҳ оятлардир. Аллоҳ мусулмон бандаларини синаш учун муташобиҳ оятларни нозил қилди. Муташобиҳ оятлар деб бир нечта таъвилларга тенг далолат қилиб турадиган, бу оятдан нима мақсад қилинганини Аллоҳдан ўзга ҳеч ким билмайдиган оятларга айтилади.

Аллоҳ таоло ўзининг каломи шарифининг Оли Имрон сураси 7-оятида муташобиҳ оятларнинг ҳукми ҳақида шундай марҳамат қилади:

وَمَا یَعۡلَمُ تَأۡوِیلَهُۥۤ إِلَّا ٱللَّهُۗ وَٱلرَّ ٰ⁠سِخُونَ فِی ٱلۡعِلۡمِ یَقُولُونَ ءَامَنَّا بِهِۦ كُلࣱّ مِّنۡ عِندِ رَبِّنَاۗ

Маъноси: «Муташобиҳ оятларнинг таъвилини Аллоҳдан ўзга ҳеч ким билмас. Илмда собит бўлганлар «унга иймон келтирдик, барчаси Роббимиз ҳузуридан» дейдилар.»

Бу оятдан кўриниб турибдики муташобиҳ оятларнинг таъвили бор. Агар таъвили бўлмаганида, «бу оятларнинг таъвилини фақат Аллоҳ билади» деган оят нозил бўлмаган бўларди.

Баъзи тоифалар муташобиҳ оятларнинг таъвили йўқ, зоҳирига эргашамиз дейишади. Аммо, ўзлари ҳам у оятларнинг зоҳирига эргашмайдилар.

Мисол учун Мулк сураси 16-оятини олайлик:

{ءَأَمِنتُم مَّن فِی ٱلسَّمَاۤءِ أَن یَخۡسِفَ بِكُمُ ٱلۡأَرۡضَ فَإِذَا هِیَ تَمُورُ}

Оятнинг маъноси:

 «Осмондаги зот сизларни ерга юттириб юборишидан омонда бўлдингизми? У (ер) эса изтиробда ҳаракатланиб туради.»

Сохта салафийлар бу оятдаги «осмондаги Зот» деган жумлани «осмонда дегани юқорида дегани, осмонда дегани осмонни устида, аршни тепасида дегани, мана шу оятнинг зоҳири» деб айтишади.

Энди оятга назар соламиз. Оятда من فى السماء осмондаги деганда «фий» калимаси ишлатилган. Араб тили қоидасига кўра «фий» калимасининг зоҳирий маъноси «ичида» дегани, ҳеч қандай «устида» дегани эмас. Улар араб тилини билмайдиган инсонларни ўзбек тилига оятни таржима қилишда алдаб, фитна чиқаришмоқда. Ўзлари айтган зоҳирга ўзлари ҳам эргашмайди.

Шу билан бирга улар, ўзлари даъво қилган «зоҳир»га доим ҳам эргашмайдилар.

Мисол учун Анʼом сураси 3-оятини олайлик:

{وَهُوَ ٱللَّهُ فِی ٱلسَّمَـٰوَ ٰ⁠تِ وَفِی ٱلۡأَرۡضِ}

Бу оятнинг зоҳирий маъноси: «Аллоҳ осмонларда ва ердадир» дегани.

Улар “Аллоҳ ердан макон тутган, Аллоҳ ернинг устида” деб ҳаргиз айтмайдилар. Уламолар “Аллоҳ ерда” деб айтган кишининг кофир бўлишига иттифоқ қилганлар.

Зоҳирга қарасак, юқоридаги «осмондаги зот» дейилганда Аллоҳ лафзи йўқ. “Зот” дегани “Аллоҳ” дегани дейиш учун ҳам, ўзлари даъво қилганидек, оят ёки ҳадисдан далил керак. Зеро, осмонда фаришталар ҳам бор.

Аммо кейин келтирилган оятда «Аллоҳ осмонлар ва ердадир» деган зоҳирий маъно чиқиб турибди. Бу оятда Аллоҳ лафзи очиқ ишлатилган.

Демак, уларнинг “фақат зоҳирга эргашамиз” деган даъвоси ботил. Ўзлари ҳам бу даъволарига эргашмайдилар.

Хулоса шуки, бундай муташобиҳ оятларнинг маъносини Аллоҳнинг ўзига топширишимиз керак. Бу оятлардан ақидавий ҳукмлар олиш дуруст эмас. Бу оятларни муфассирларимиз инсонларни нотўғри эътиқодлардан сақлаш учун гўзал таъвил қилганлар. Ана шу таъвилларни ўрганиш фойдали бўлади.

«Аллоҳ осмонлар ва ердадир» оятини муфассирларимиз «Аллоҳ осмонлардаги зотларнинг ҳам ердаги зотларнинг ҳам илоҳидир» деб таъвил қилганлар. «Осмондаги зот сизларни ерга юттириб юборишидан омонда бўлдингизми?» оятини эса “осмону ерларни яратиб, уларни ҳаракатлантириб, бўйсундирган зот, сизларни ерга юттириб юборишидан омондамисизлар» деб таъвил қилганлар. Ва бу Аллоҳга ҳақиқий улуғликни исбот қилишдир.

 

“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом таълим

муассасаси мудири  Ў. Ғузаров