ОРТИМИЗДАН БОҒ ҚОЛСИН, ДОҒ ЭМАС!

12

Яхшилик — энг муҳим фазилат бўлиб, инсон фаолиятининг асл ва азалий моҳиятини англатади. У инсонга кучли руҳий лаззат бағишлаши баробарида, уни шахсга айлантирадиган ҳақиқий бахтга олиб боради. Шунинг учун ҳам яхшилик тушунчаси барча муқаддас китобларда етакчи ўрин эгаллаган. Яхшилик инсоннинг ахлоқий ва амалий фаолиятида юзага чиқиб, унда камтарлик, очиқкўнгиллилик, мардлик, ҳалоллик, инсофлилик, адолат, ростгўйлик каби фазилатлар мужассам бўлади.

Ёмонлик — яхшиликнинг зидди, шахс ва жамият тараққиётига тўсқинлик қилувчи иллат. Ёлғончилик, пасткашлик, мунофиқлик, беҳаёлик, раҳмсизлик, номардлик, хиёнат каби тушунчаларда намоён бўлади. Одамлар бу дунёдаги яхши ишлари учун охиратда мукофотини олади, яьни ҳузур-ҳаловатга муяссар бўлади, ёмон ишлари учун  азобга дучор этилади. Бу тўғрисида Қуръони каримда яхшилик қилиш инсоннинг табиий бурчи экани, Аллоҳ инсонга ўзининг неьматлари билан эҳсон қилганидек, инсон ҳам бошқаларга яхшилик қилиши лозимлиги таькидланади. Аллоҳ таоло ўз каломида “Агар чиройли амаллар қилсангизлар — ўзларингизга яхшилик қилган бўлурсизлар. Агар ёмон, гуноҳ амаллар қилсангизлар ҳам ўзларингиз учундир”, дейилади (Исро сураси, 7-оят).

Аллоҳ таоло бошқа бир оятда: “Ўзингиз суйган нарсадан нафақа қилмагунингизча, ҳаргиз яхшиликка эриша олмайсиз. Нимани нафақа қиганингизни Аллоҳ таоло билгувчидир”, деб марҳамат қилади. ( Оли Имрон. 92-оят)

Пайғамбаримиз Муҳаммад солаллоҳу алайҳи васаллам замонларида ушбу оят нозил бўлганда саҳобалар энг яхши кўрган боғлари ёки мол-дунёларини садақа қилган эканлар.

Дунёда Аллоҳ таоло ато этган мол-дунё ва имкониятлардан фойдаланиб, халққа хизмат қиладиган иншоотлар қуриш, боғу-роғлар яратиш, камбағал ва муҳтожларга кўмак бериш, қаровсиз қолган қариялар ва болаларни қарамоғига олиш каби ишлар яхши ишлардан ҳисобланади.  

       Яхшилик фақатгина молу-дунё билангина қилинмайди балки унинг турлари кўп. Хафа бўлиб турган инсонни кўнглини кўтариш, қийналиб турган кишига чиройли маслаҳат бериб, тўғри йўл кўрсатиш, оғир юки бўлган қари кишиларга ёрдам бериш, ожиз кишиларни йўлдан ўтказиб қўйиш, дарс тайёрлашда қийналган курсдошига ёрдам бериш, таътил кунлари ота-онага ёрдам бериш, халқ учун манфаатли бўлган хайрия ва жамоат ишларида фаол иштирок этиш, кишилар билан кўришганда очиқ юз ва чиройли муомала билан саломлашиш каби ишлар ҳам яхшиликлар жумласидандир. Инсонларга манфаат келтирадиган ва фойдали бўлган барча ишлар яхшиликдир.

    Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳар бир мусулмон учун садақа лозим”, – дедилар. “Эй Расулуллоҳ! Агар садақа қилишга нарса топа олмаса-чи?” – дейишди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Касб-кор қилиб, ўзига ҳам манфаат келтиради, ортганини садақа қилади”, – дедилар. “Агар бунга ҳам қодир бўлмаса-чи?” – дейишди. “Қийналиб қолган бечораҳолга ёрдам беради”, – дедилар. “Ёрдам ҳам беролмаса-чи?” – дейишди. “Яхшиликка буюради”, – дедилар. “Бу ишни ҳам қилмаса-чи?” – дейишди. “Ёмонликдан тийилади. Мана шу ҳам унинг учун садақадир”, – дедилар”. Бухорий ва Муслим ривояти

     Хулоса ўрнида, қўлимиздан бирор бир яхшилик қилиш келмаса, ҳеч бўлмаганда одамларга ёмонлик қилмайлик, зарар етказмайлик, бировларнинг яхшилик йўлларига  ғов бўлмайлик, биз сабаб яхшилик йўллари беркилиб қолмасин. Инсондан қоладигани яхшиликдир. Ортимиздан ёмонлик қолмасин!

 

Музаффар Қосимов,

“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси

Ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат бўлими  бошлиғи