Ота-онага яхшилик қилишнинг ажри.
38

Ота-онага яхшилик қилиш жаннатга олиб борувчи йўллардандир.
Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: “Расулуллоҳ ﷺдан ушбу сўзларни эшитдим: “Хор бўлсин! Хор бўлсин! Хор бўлсин!” “Ким у, ё Расулуллоҳ?” деб сўрашди. “Ота-онасининг бирини ёки иккаласини қарилик чоғида топиб, уларга яхшилик қилиб жаннати бўлиб олмаган”, дедилар».
Ҳасан Басрий (раҳматуллоҳи алайҳ): “Ота-онага яхшилик қилиш Аллоҳга маъсият бўлмаган барча нарсада уларга итоат қилишдир. Ота-онага оқ бўлиш уларни қарилик чоғида қаровсиз ташлаб қўйиш ва яхшиликдан маҳрум қилишдир”, деди.
Пайғамбар ﷺ ҳузурларига жиҳод қилиш учун рухсат сўраб келган бир киши қиссасини эслайлик.
Расулуллоҳ ﷺ ундан: “Ота-онанг тирикми?” деб сўрадилар. У: “Ҳа”, деди. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): “Сен жидду жаҳд билан хизматларини адо эт”, дедилар.
Ҳар бир инсонга ота-онасига яхшилик қилиш ҳам фарз, ҳам қарздир. Ота-онага яхшилик қилиш ҳеч қачон уларга қарши чиқмаслик, хизматларидан бўйин товламасликдир. Баъзилар ота-онага яхшилик фақат ўзига ёқадиган ишларда ва хоҳишига мувофиқ келган ўринларда деб ҳисоблайди. Ҳақиқатда эса, бундай эмас. Яхшилик фақат яхши амалларда, банданинг ҳавойи хоҳишларига хилоф нарсаларда бўлади. Агар уларнинг ҳавойи майлларига тўғри келадиган нарсада бўлганида эди, у яхшилик деб номланмасди.
Қатодадан ривоят қилинади: “Бир кишининг онаси унга фақат фарз намозларини ўқийсан ва фақат Рамазон рўзасини тутасан, деб қасам ичирди. Шундай ҳолатда у онасига итоат қилади! Чунки онага итоат қилиш нафл ибодатлардан афзалдир.
Ҳишом ибн Ҳассон айтади: “Мен Ҳасанга: “Кечаси Қуръондан таълим оламан. Онам кечқурунги овқатда мени кутиб қолади”, дедим. Ҳасан: “Кечқурунги овқатни онанг билан егин, чунки онанг ёнида бўлиб, уни қувонтиришинг нафл ҳаж қилишингдан яхшидир”, деди».
Ибн Умар (розияллоҳу анҳу) онасини елкасида кўтариб, Каъбани тавоф қилаётган кишини кўрди. У киши: “Эй Ибн Умар, онамнинг ҳақини адо қилдимми?” деб сўради. Ибн Умар: “Сени туғишдаги тўлғоқларидан биттасининг ҳақини ҳам адо қилганинг йўқ. Лекин сен яхши иш қиляпсан. Аллоҳ камига ҳам кўп савоб беради”, деди.
Агар биров бизга бир-икки бор яхшилик қилса, уни мақтаб, яхшиликларини эслаб юрамиз. Ота-онамизга эса баъзан итоатсизлик ва қўпол муомала билан жавоб берамиз. Бошқаларнинг кўнглини олишга уринамиз-у, аммо не-не машаққатлар билан бизларни улғайтирган ота-онамизнинг кўнглини кўтариш, дилини шод қилишга эътибор бермаймиз. Бирор фарзанд отаси ёки онаси вафот этганида касал бўлиб қолганини кўрганмисиз? Ёқуб (алайҳиссалом) қиссасини бир эслайлик. Ўғли Юсуфдан айрилиш отага қандай таъсир қилганини хотирлаб, хулоса чиқарайлик.
Ота-онага яхшилик қилиш фарзанд гуноҳларига каффорат бўлади. Ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг ёнига бир киши келиб: “Мен бир аёлга совчи қўйдим. У мен билан никоҳланишдан бош тортди. Бошқа бир киши совчи қўйган эди, у билан никоҳланишни маъқул кўрди. Рашким келиб, ўша аёлни ўлдириб қўйдим. Менга бирор тавба қилиш (имкони) борми, деди. Шунда у киши: “Онанг ҳаётми?” деди. У: “Йўқ”, деди. У зот: “Аллоҳ азза ва жаллага тавба қил ва Унга яқин бўл”, деди. У киши кетди. Ато айтади: “Ибн Аббосдан унинг онаси ҳақида нима учун суриштирганини сўрадим”. У зот: “Мен онага яхшилик қилишдан кўра, Аллоҳга яқинроқ бирор амални билмайман”, деб жавоб берди” (Имом Бухорий ривояти).
Ота-онага яхшилик қилиш фарзанднинг ризқи кенг ва умри узоқ бўлишига сабаб бўлади. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимки Аллоҳ таоло умрини узоқ, ризқини зиёда қилишини хоҳласа, ота онасига яхшилик қилсин, қариндошлик алоқаларини боғласин”, дедилар” (Имом Байҳақий ривояти).
Абдуллоҳ Ибн Муборак шундай деганлар: “Агар ота-онанг сен билан муроса қилишни бошласа, сенга гапирганда, безовталанишингдан, ғазабинг чиқишидан қўрқиб, эҳтиёткорлик билан, сўзларни саралаб гапира бошлашса билиб қўйки, ота-онангга оқ бўляпсан!”.
Афсуски, гоҳида ота- онасига юқорида зикр қилингани каби нолойиқ муомала қиладиган фарзандлар ҳам учраб туради. Улар Аллоҳ таолога астойдил тавба қилиб, ота-онасидан кечирим сўраб, қайтадан уларни рози қилишга ҳаракат қилишлари керак.
Аллоҳ таоло барчамизни ота-онасини рози қиладиган фарзандлардан қилсин! Ота-оналаримизни тани-жонларини саломат қилиб, узоқ йиллар дуогўйимиз бўлиб юришларини насиб қилсин!
Ҳусниддин Бойқобилов
Хожа Бухорий ислом таълим муассасаси ўқитувчиси
