МАЗҲАБСИЗЛИК

14

 МАЗҲАБСИЗЛИК

Бугунги кунда мутаассиб оқимлар томонидан илгари сурилаётган ғоялардан яна бири – бу мазҳабсизлик ғояси бўлиб, у ислом дини моҳиятини тўғри тушунишга хавф солаётган хатарли омиллардан биридир. Мутаассиб гуруҳларнинг мафкурасига кўра, фиқҳий мазҳаблар ишлаб чиққан категориялар шариатни тўғри тушуниши метадологияси сифатида тан олинмай, тўғридан-тўғри шариат аҳкомларини амалда татбиқ этиш энг тўғри йўл, деб ҳисобланади.

Мантиқан ўйлаб кўриб мушоҳада қилиб кўрилса, мазҳабсизлик ғояси ўтган минглаб олимларимизнинг қилган меҳнатларини, қанча машаққат билан умр сарфлаб яратилган манбааларни бекорга чиқаради. Асрлар давомида барча мусулмонлар амал қилиб келган анъаналар нотўғри, шунча мусулмонлар адашган экан, деган хулосага олиб келади. Энг ачинарлиси, мусулмонларни бирлаштириб, жамлаб турган тўғри йўлга путур етказади. Бунинг натижасида эса, мусулмонлар орасида ўзаро парокандалик, беқарорлик ва тараққётда тўхташ юзага келади. Бундай даъват мазҳаблар моҳияти ва қийматини умуман билмасликдан келиб чиқади. Гарчи аҳли сунна ва жамоада мазҳаблар тўртта бўлса ҳам, улар ягона аҳли сунна ва жамоанинг йўналишлари сифатида эътибор қилинади ва мусулмон умматини бир жойга жамлайди, бирлаштиради.

Шундай қилиб, жамиятда аста-секин кишиларга диний ҳукмларни ўргатадиган, уларнинг саволларига жавоб бера оладиган, муайян илмларга эга инсонларга эҳтиёж тоборо ортиб борди. Шу тариқа турли диёрларда олимлар етишиб чиқа бошладилар. Имом Абу Ҳанифа, Имом Молик, Имом Шофеъий ва Имом Аҳмад каби олимлар бугунги кунда мавжуд бўлган тўрт фиқҳий мазҳбга асос солдилар. Улар ибодатлар ва бошқа барча масалаларни Қуръони карим ва Ҳадиси шарифга кўра маълум қоидаларга солиб чиқдилар.

Маълумки, асрлар давомида мусулмонлар мазкур тўрт мазҳабдан бирига амал қилиб келганлар. Ҳеч ким буни инкор қилмаган. Қанча-қанча фақиҳ, муҳаддис, мутакаллим ва мутасаввуф олимлар ҳам шу мазҳабларга асосан ўз фаолиятларини олиб борганлар.

Мазҳабсизлик ғояси ўзида миллатни ортга тортиш, қолоқликка маҳкум қилиш хавфини мужассамлайди, тараққиётдан четга чиқиб қолишга олиб келади. Чунки турли соҳа мутахассислари мазҳабсизлик ғоясига эргашса, унда умрларини ўз касбий маҳоратларини юксалтириш, изланишлар олиб боришга эмас, балки тубсиз диний масалаларга ўралашиб қолиб, ҳаётларини фақат ўзлари учун диний ҳукмлар чиқаришга сарфлайдилар. Натижада турли соҳалардаги мутахассислар ҳам тез ўзгарувчан глобаллашув шароитида ўзларини йўқотиб қўядилар, яхши мутахассис ҳам, етук уламо ҳам бўла олмайдилар.

Хулоса ўрнида, бугунги кунда энг замонавий технологиялардан ва кишилар учун муқаддас ҳисобланган туйғулардан фаол фойдаланган ҳолда инсон онги ва қалби учун олиб борилаётган кураш ўта нозик тус ва хатарли кўлам касб этмоқда. Турли мутаассиб кучларнинг ислом дини асосларини, Қуръони карим оятлари ва ҳадисларнинг асл моҳиятини бузиб талқин қилиши, жамият ҳаётига таҳдид соладиган ишларни ислом билан боғлашга уринаётгани ҳам шундай хулоса чиқариш имконини беради.

 

Музаффар Қосимов,

“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси

Ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат бўлими  бошлиғи