ТАФРИҚАГА БЎЛИНИШНИНГ ЗАРАРЛАРИ  

21

Аллоҳ таоло инсонларни бир ота ва бир онадан пайдо қилиб, уларни Ер юзи бўйлаб турли хил миллат ва элатлар шаклида тарқатиб юборди. Инсонларнинг бу каби хилма-хиллиги фитрий бўлиб, Аллоҳ таоло уни илоҳий ҳикмат ила жорий қилди. Яъни, бу бўлиниш ажралиш учун эмас, балки бирлашиш ва ўзаро яқинлашиш учун эканлигини Қуръони каримда баён қилди:

“Эй, инсонлар! Дарҳақиқат, Биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳавво)дан яратдик ҳамда бир-бирларингиз билан танишишингиз учун сизларни (турли-туман) халқлар ва қабила (элат)лар қилиб қўйдик. Албатта, Аллоҳ наздида (энг азизу) мукаррамроғингиз тақводорроғингиздир. Албатта, Аллоҳ билувчи ва хабардор зотдир” (Ҳужурот сураси, 13-оят).

Динимизда мана шу ҳақиқатни баён қилиш орқали инсонларни бирликда ва  ҳамжиҳатликда яшашга даъват этилади.

Айни пайтда динимиз бизларни ўзаро ихтилоф қилишдан, тафриқага бўлинишимиздан қайтаради. Зеро, ихтилоф ва тафриқа инсонларни бир-биридан узоқлаштиради, ўртада адоват ва фитна пайдо бўлишига сабаб бўлади. Айниқса, динда тафриқага бўлиниш залолат саналиб, инсоннинг икки дунёсини ҳам барбод бўлишига олиб боради. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай деган: “Ҳаммангиз Аллоҳнинг “арқони”ни (Қуръонини) маҳкам тутинг ва фирқаларга бўлинманг ҳамда ўзаро адоватда бўлган пайтларингизда дилларингизни (туташтириб) ошно қилиб қўйган Аллоҳнинг неъматини ёдда тутинг! Унинг неъмати туфайли биродарларга айландингиз. Дўзах чоҳи ёқасида турганингизда, сизларни ундан қутқарди. Шояд ҳақ йўлни топгайсизлар, деб, Аллоҳ Ўз оятларини сизларга шундай баён қилади”  (Оли Имрон сураси, 103-оят).

Ушбу оятда Аллоҳ таоло Ўзининг каломи бўлмиш Қуръони каримни “маҳкам тутиш”га буюрмоқда. Шунчаки, уни “ушланг” демаяпти. Чунки, ушланган нарса гоҳида беҳосдан қўлдан тушиб кетиши мумкин. Аммо маҳкам тутилганда, уни ҳар қандай ҳолатда ҳам қўлдан қўйиб юбормасликка ҳаракат қилинади. Қолаверса, оятда бу ишни жамоат бўлиб, барча биргаликда қилишга буюрилмоқда. Акс ҳолда, ҳар ким ўз ҳолича бўлса, ўртада тафовут, келишмовчилик, тафриқа чиқиши табиий ҳолдир. Шунинг учун оятнинг давомида “фирқаларга бўлинманг!” дейилмоқда.

Ҳозирги кунда биз Аллоҳ таолонинг бу амрини тўғри тушуниб олишимиз керак. “Фирқаларга бўлинманг!” дедими, биз ўзаро низо ва адоватларни йиғиштириб, фирқаларга бўлинишни тўхтатишимиз керак.

Қачонки бизлар Қуръони Каримни маҳкам тутиш учун бирлашиб, ёнма-ён турар эканмиз, ораларимиздаги адоват ҳам йўқола бошлайди, ўзаро ҳамжиҳатлик ривож топади.  Қуръоннинг мўъжизаси ҳам шунда, аслида. Бир тарафдан Аллоҳ таолонинг “фирқаларга бўлинманг!” деган оятларини зикр қилиб турсагу, бошқа тарафдан олимларни, имомларни, мазҳабларни, бошқа мусулмонларни ва улар қилаётган ишларни танқид қилиб турсак, оятга зид иш қилган бўлмаймизми?! Дарвоқеъ, кейинги пайтларда ижтимоий тармоқлар орқали уламоларни, бошқа мўминларни, диний ташкилотларни танқид қиладиганлар кўпайиб кетди. Ҳолбуки, ояти каримада мўминларнинг биродар бўлиб яшашлари Аллоҳнинг неъмати эканлиги, айнан биродарлик туфайлигина дўзах чоҳи ёқасидан омон қолиш мумкин эканлиги эслатилмоқда.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам:  “Албатта Аллоҳ таоло сизлар учун уч нарсада рози бўлиб, уч нарсада норозидир. Аллоҳга бирор нарсани шерик қилмасдан ибодат қилсангиз, Аллоҳнинг арқони бўлмиш Исломни жам бўлиб маҳкам ушлаб, фирқаланиб кетмасангиз, рози бўлади. Аммо “деди-деди” деб, беҳуда гапни кўпайтирсангиз, кўп савол берсангиз ва мол-дунёни беҳудага сарф қилсангиз, сиздан норози бўлади”, – дедилар (Имом Муслим ривояти).

Анас ибн Молик разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Албатта мени умматим залолатга жамланмайди, шундай экан, қачон ихтилофни кўрсангиз, ўзингизга саводи аъзамни (яъни, энг улуғ жамоани)  лозим тутинг” (Имом Ибн Можа ривояти).

Қалбида Аллоҳдан қўрқуви бўлиб, ҳикмат эгаси бўлган киши ҳеч қачон Ислом дунёси уламолари Фирқатун ножия (нажот топувчи тоифа), деб ижмоъ қилган, аҳли суннат вал жамоатга қарши чиқиб, янги фирқалар тузмайди, бошқа фирқаларга эргашмайди! Бу ҳақда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Аллоҳ таоло менинг умматимни залолатга жамламайди. Аллоҳнинг қудрат қўли жамоат узрадир. Кимки жамоатдан ажралса, ажралиб жаҳаннамга киради” (Имом Термизий ривояти).

Ислом тарихида қанчадан-қанча мазҳаблар, фирқалар чиққан бўлса-да, уламолар уларнинг йўллари тўғрилигига ижмоъ қилмаганлигидан, тезда йўқолиб кетишди. Аҳли ножия деб эълон қилинган аҳли суннат вал жамоат ҳақ бўлганлиги сабабли ўн тўрт асрдан бери яшаб келмоқда.

Афсуски, баъзи ҳикмат илми берилмаган кимсалар ўзларини олиму доно фаҳмлаб, “шу йўлим тўғри” деб, турли-туман фирқалар ташкил қилмоқда. Уларга фаросат ва ҳикмат илми берилганида эди, исломнинг моҳиятидан хабардор бўлиб, асло фирқаларга бўлинмас эдилар.

Дин илмини билмай туриб, Ислом дини номидан тарғибот ва ташвиқот қилаётган ҳар қандай кимсага эргашиб кетавериш ярамайди! Айниқса, замонавий электрон воситалари, интернет тармоқлари орқали тарқатилаётган диний мавзудаги маълумотларнинг ҳаммаси ҳам соф ислом ғоясига, бизнинг ақидамизга тўғри келавермайди. Шунинг учун интернет тармоғидан фойдаланадиган фарзандларимиздан огоҳ бўлайликки, токи улар экстремистик оқимлар таъсирига тушиб, алданиб қолмасинлар.  Диний илми етарли бўлмаган кишининг илмсиз тарзда фатво бериши ҳам одамлар орасида тафриқага сабаб бўлувчи омиллардан бири саналади. Диний илми бўлмаган кишининг олимликни даъво қилиши такаббурликдир.

Демак, одамларга ваъз айтишга фақат мутасадди раҳбарнинг ёки у томонидан ижозат берилган олим кишиларнинг ҳаққи бор. Улардан бошқа ким воизлик қилса, демак, бу – унинг манманлигидан, ўзига бино қўйганлигидандир.

 

 

Музаффар Қосимов,

“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси

Ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат бўлими  бошлиғи