Ёлғон – энг ёмон иллат
22Абу Умома Боҳилий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилдилар: “Гарчи ҳақли бўлсада, жанжаллашишни тарк қилган киши учун жаннатнинг четида уйи бўлишга, ҳазиллашиб бўлсада ёлғонни тарк қилган кишига жаннатнинг ўртасида уйи бўлишга ва чиройли хулқ соҳиби учун жаннатнинг энг юқорисида уйи бўлишга кафилман”. Абу Довуд ривояти.
Мазкур ҳадисни ривоят қилган саҳоба Абу Умома ал-Боҳилий розияллоҳу анҳунинг асл исмлари Судай ибн Ажлондир. Бу зот Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан 250 та ҳадис ривоят қилганлар. Абу Умома аввал Мисрда яшайдилар, кейин Шомга кўчиб ўтадилар. Ҳижратнинг 86-санасида ўша ерда вафот этадилар. Бу зот Шомда энг охирги вафот этган саҳоба эдилар.
Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам гарчи ҳақли бўла туриб, жанжаллашишни, тортишишни тарк қилган киши учун жаннатнинг четида ўз уйи бўлишига кафил бўлмоқдалар. Кўп ҳолларда оддий жанжаллар, ўзаро тортишувларнинг оқибати катта фожиа билан тугаши, ёмон ниҳоя топиши ҳаммага маълум. Айниқса, ҳақ бўла туриб, мен нима учун жим бўлишим керак, мен ҳақман-ку деб, ўзини ҳақ эканлигини кўрсатиш ёки ор-номуси учун жанжал қиладиган инсонлар бор. Шундай ўринда мумин банда жанжални тарк қилиб, жаннатда ўз уйига эга бўлиш пайидан бўлиш керак ва кечиримли бўлиш керак.
Ёлғон – энг ёмон иллат. Ёлғонни Аллоҳга ва охират кунига иймони йўқларгина гапирадилар. Ёлғон барча ёмонликларнинг онаси ҳисобланади. Ёлғонни гарчи ҳазиллашиб бўлсада гапириб бўлмайди. Ҳазиллашиб бўлсада, ёлғонни такр қилган инсонга жаннатнинг ўртасида уй ваъда қилинмоқда. Ҳазил аралаш ёлғоннинг оқибати ҳам ёмон тугаши, дўстлар ўзаро айрилиб кетишлари, оилада пароканда бўлиши мумкин ёки бунинг оқибатида бошқа салбий ҳолатлар юзага чиқиши учун бу ишдан қайтарилмоқда.
Ҳақ бўла туриб жалжал қилмаслик ва ҳазил бўлсада ёлғон гапирмаслик, чиройли хулқ эгаси эканлиги ҳадиснинг охирида баён қилинмоқда ва бу хусни-хулқ эгасига жаннатнинг энг юқорисида уйи бўлишининг кафили Расулимиз алайҳиссалом томонларидан ваъда қилинмоқда.
Ҳа, ислом дини мўмин кишини доимо салбий иллатлар, гарчи ўша иллатлар жуда кичкина ёки арзимас туюлсада четланишга ва доимо яхшиликка интилишга, чиройли хулқлар билан зийнатланишга чорлайди. Мўмин доимо одобли, ўзгаларга фойдаси тегадиган ва билган илмига амал қиладиган инсон бўлади.
Фойдаланилган манба: Имом Нававий. “Риёзус солиҳийн” асари, Ҳусни хулқ боби, 264-саҳифа.
Ўткир Маҳмудов
Китоб туманидаги “Хожа Бухорий” жоме масжиди имом ноиби
