ИМОН

16

Ўтган мақоламизда аҳли сунна вал-жамоанинг асос хусусиятлари борасида тўхталиб, Аҳли Сунна вал Жамоанинг мазҳаби ўн икки эътиқодий хусусият устига барпо бўлганлиги ва алабатта шу ўн икки хусусиятларни санаб ўтгандик. Ана ўша 12 хусусиятнинг биринчисига Имоми Аъзам асарлари манбааси асосида қисқача тўхталмоқчимиз.

  1. Имон. У тилдан иқрор бўлиш ва дил билан тасдиқ қилишдир. Аллоҳга, фаришталарга, пайғамбарларига, китобларига, охират кунига ва тақдирни яхшиси ва ёмонига ишонишдир. Аммо иқрор бўлишликнинг ёлғиз ўзи имон эмас. Агар шундай бўлганида эди мунофиқларнинг барчалари мўмин бўлардилар. Шунингдек, ёлғиз маърифат (Аллоҳни таниш) ҳам имон эмас. Агар шундай бўлганида эди, аҳли китобларнинг ҳаммаси мўмин бўлган бўлардилар. Аллоҳ мунофиқлар ҳақида шундай баён қилади: “…Аллоҳ мунофиқларнинг ҳақиқатан ёлғончи эканликларига ҳам гувоҳлик берур” (Мунофиқун, 1-оят). Шунингдек, Аллоҳ аҳли китоблар хусусида: “Биз китоб берган ўша (золим) кимсалар уни (Муҳаммадни) худди ўз фарзандларини танигандек танийдилар…” (Бақара, 146-оят).

Имон зиёда ҳам бўлмайди ва камайиб ҳам қолмайди. Чунки имоннинг камайиши куфрнинг камайиши, дегани бўлади. Инсон бир вақтнинг ўзида ҳам мўмин ва ҳам кофир бўлиши ҳеч мумкинми?! Инсон ҳақиқий мўмин ёки ҳақиқий кофир бўлади. “Айнан ўшалар ҳақиқий мўминлардир…” (Анфол, 4-оят), “ана ўшалар ҳақиқий кофирлардир…” (Нисо, 151-оят), имонда шак бўлмаганидек, куфрда ҳам шак йўқ.[1]

Шу боис Муҳаммад ﷺ умматларидан гуноҳкорлари ҳам ҳақиқий мўминлардир, улар кофир эмаслар.

Амал имон эмас, имон амал эмас. Бунга далил шуки, кўп вақтларда мўмин одамдан амал кўтарилади. Бундай пайтда мазкур мўминнинг имони кўтарилди, деб айтилмайди. Масалан, ҳайз кўрган мўмина аёлдан Аллоҳ намоз амалини кўтаради, яъни бекор қилади. Бу вақтда биз, Аллоҳ аёлдан имонини кўтарди ёки унга имонни тарк қилишни буюрди дея олмаймиз. Шариат ҳайз кўрган аёлга, рўзани қўйиб тур, унинг қазосини кейин тутиб берасан дейди. Аммо шариат у аёлга, имонни қўйиб тур, уни қазосини кейин адо қилиб берасан демайди. Шунингдек, камбағал одам учун закот фарз эмас, дейиш жоиз. Аммо унга имон фарз эмас, дейиш жоиз эмас.

Тақдирнинг барча яхшилигию ва ёмонлиги Аллоҳ таоло томонидандир. Агарда бирор банда тақдирнинг яхшилик ва ёмонлиги Аллоҳдан ўзгага боғлиқ деса, у Аллоҳни инкор этувчи кофирга айланиб қолади ва унинг тавҳид ақидаси барбод бўлади.

Аҳли Сунна вал Жамоанинг мазҳаби ўн икки эътиқодий хусусиятларидан иккинчиси ва учинчи хусусиятлари, яъни “Биз амалларни уч хил, яъни, фарз, фазилат ва маъсият бўлишига иқрормиз” ҳамда “Биз Аллоҳни Аршга бирор ҳожат учун ёки қўним топиш учун “истиво” қилган, деб иқрор қилмаймиз” тўғрисидаги хусусиятларига қисқа ва аниқ ҳолатда манбаалар асосида қодир қилгани қадар тўхталамиз инша Аллоҳ.

Аллоҳ таоло барчаларимизни имонимизни гўзал ҳолатда бўлишини таъминласин. Омин.

 

 Манбаалар асосида Нилуфар БЕРДИЕВА тайёрлади

“Хожа Бухорий” ислом таълим муассасаси

“Ўқув-услубий” бўлим бошлиғи

 

[1] Имом Аъзам асарлари. “Movarounnahr” Тошкент — 2003