МУСТАҲКАМ ОИЛА – САОДАТ КАЛИТИ
42

Оила – инсоният тарихининг ҳамма даврларида жамиятнинг негизи ҳисобланган. Шу маънода, оилани кичик жамият дейиш мумкин. Ҳар бир инсон ахлоқ-одоб ва ижтимоий муносабатларни оилада ўзлаштиради ҳамда шунга мувофиқ инсоний фазилатларни намоён этади. Баркамол инсонни шакллантириш, уни ҳаётга тайёрлаш ва эзгуликка йўналтириш оиланинг муқаддас вазифасидир. Оила мустаҳкам, тинч, ҳалол ва пок бўлса, жамият ҳам осойишта ва фаровон бўлади. Бахтли оилалар туфайли бахтли жамият вужудга келади. Динимизда оила қуриб яшаш савобли амаллардан бири ҳисобланиб, уни қандай ташкил қилиш, унинг бошлиғи ким бўлиши, аъзоларининг ҳуқуқлари, фарзандлар тарбияси, аъзолари ўртасида чиқадиган келишмовчиликларни муолажа қилиш каби оилавий ҳаётнинг барча масалаларига жавоб берилгандир. Аллоҳ таоло оила қуриб яшаш инсоний фитратга мувофиқ эканини эслатиб, шундай марҳамат қилган:
وَمِنْ كُلِّ شَيْءٍ خَلَقْنَا زَوْجَيْنِ لَعَلَّكُمْ تَذَكَّرُونَ
яъни: “Сизлар эслатма олишларингиз учун Биз ҳар бир нарсани жуфт-жуфт қилиб яратдик” (Зориёт сураси, 49-оят).
Демак, Аллоҳ таоло борлиқдаги барча нарсаларни жуфт-жуфт қилиб яратган. Масалан, эркак-аёл, кеча-кундуз, иссиқ-совуқ ва ҳоказолар.
Яна бир ояти каримада оила қуришга тарғиб қилиб, шундай дейилган:
وَأَنْكِحُوا الْأَيَامَى مِنْكُمْ وَالصَّالِحِينَ مِنْ عِبَادِكُمْ وَإِمَائِكُمْ إِنْ يَكُونُوا فُقَرَاءَ يُغْنِهِمُ اللَّهُ مِنْ فَضْلِهِ وَاللَّهُ وَاسِعٌ عَلِيمٌ
яъни: “Сизларнинг орангиздаги тул (эркак ва аёл)ларни ҳамда қул ва чўриларингиздан яроқлиларини уйлантирингиз! Агар (улар) камбағал бўлсалар, Аллоҳ уларни ўз фазли билан бойитур. Аллоҳ (фазлу карами) кенг ва доно зотдир” (Нур сураси, 32-оят).
Аллома Муҳаммад Мутаваллий Шаъровий раҳматуллоҳи алайҳ мазкур оятнинг тафсирида бундай деганлар: “Оятда қарамоғида бўйдоқ йигит ёки бўйига етган қизлари бор кишиларга: “Уларни никоҳлаб, сарф-харажатларига ёрдам беринглар, шунда ўғил-қизларингизнинг иффатларини сақлаб қолурсизлар!” деб буйруқ берилмоқда”.
Ҳанафий мазҳабимизда киши уйланиб, ҳаётини иффат ва покизалик билан ўтказиши уйланмасдан умрини нафл ибодатда ўтказишидан кўра афзалдир дейилган.
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам оила қуришга тарғиб қилиб, шундай деганлар:
النِّكَاحُ سُنَّتِي فَمَنْ لَمْ يَعْمَلْ بِسُنَّتِي فَلَيْسَ مِنِّي وَتَزَوَّجُوا فَإِنِّي مُكَاثِرٌ بِكُمُ الأُمَمَ يَوْمَ الْقِيَامَةِ
яъни: “Никоҳ менинг суннатимдир. Ким мени суннатимга амал қилмаса мендан эмас. Турмуш қуринглар! Зеро, мен қиёмат куни сизларнинг кўплигингиз билан фахрланаман” (Имом Ибн Можа ривоятлари).
Ким авратини ҳаромдан сақлаш ҳамда шариат буюрган ишларни амалга ошириш мақсадида оила қурса, Аллоҳ таоло унга мададкор бўлади. Бу ҳақда ҳадиси шарифда шундай марҳамат қилинган:
“Уч тоифа кишиларга ёрдам бериш Аллоҳнинг зиммасидадир”, … (улардан бири), “ўз иффат-покдомонлигини сақлаш истагида уйланиб-турмуш қилувчидир” (Имом Аҳмад ривоятлари).
Фузайл ибн Иёз раҳматуллоҳи алайҳ: “Бахтсизликнинг нишонаси қуйидаги нарсаларда кўринади деганлар: бешарм ва беҳаё бўлиш, кўнгли қаттиқ ва дағал бўлиш, молу дунёга ҳаддан ортиқ муккасидан кетиш”, – дер эдилар.
Маст қилувчи ичимликлар, гиёҳвандлик, беҳаёлик ва зино каби шариатимиз қаттиқ қайтарган ишларни қилиш оқибатида ҳам жуда кўп оилалар бузилмоқда. Баъзи эркаклар ичкиликбозлик ёки гиёҳвандликни одат қилиб, оила тинчлигига путур етказади, охири талоқ вужудга келиб, оила пароканда бўлади. Натижада хотин бева, болалар эса тирик етимга айланади. Гуноҳ устига гуноҳ бўлиб, оила бузилиши қариндошлар нотинчлиги, жамият заифлашувига олиб келади.
Шундай экан, барчамиз биргаликда ушбу омилларнинг олдини олишимиз лозим. Фарзандларимизга оила маданияти ва оилавий муносабатларни ёшлик пайтиданоқ ўргатиб боришимиз керак. Шунда оилаларимиз тинч, ҳаётимиз фаровон, юртимиз обод ва жамиятимиз маънан соғлом бўлади.
Аллоҳ таоло барчамизга чиройли хулқлар билан хулқланишни барча оилаларимизга насиб қилсин!
Оллоёр ОМОНОВ
“Хожа Бухорий” ўрта махсус таълим муассасаси
ўқитувчиси
