ЗУЛҲИЖЖА
20

Бошланган фазилатли Зулҳижжа ойи барчамизга, бутун мусулмон умматига хайр ва баракотга тўла ой бўлсин!
Зулҳижжа ойи Ҳаж ойи ҳисобланади. Бу ойда ислом арконларидан бири бўлган Ҳаж фарзи адо қилинади. Дунёнинг барча мамлакатларидан мусулмонларнинг Аллоҳ муяссар этганлари Макка шаҳрига йиғиладилар. Зулҳижжанинг аввалги ўн кунида Каъба тавофида, Сафо ва Марва саъийда, Замзам булоғи ёнида, кейин Минода, Арофатда, Муздалифада, Жамаротда, Мазбаҳда яна Каъба атрофида ибодат, тиловат ва дуолар билан машғул бўладилар. Ҳажга боролмаган мусулмонлар ўз юртларида ушбу ўн кунни ғанимат билмоқлари, ибодат ва дуолар билан ўтказишлари мақсадга мувофиқдир. Бу муборак кунларнинг Аллоҳнинг бандаларига манфаати кўпдир.
Пайғамбаримиз ﷺ айтадилар: “Бу ўн кун дунёнинг энг хайрли кунларидир. Солиҳ амалларнинг Аллоҳга маҳбуброғи мана шу кунларда қилинганидир”.
Пайғамбаримиз ﷺ айтадилар: “Аллоҳ наздида бу кунларда қилинган ибодатдан қадрли бир ибодат йўқдир. Имкон қадар бу кунларда Аллоҳни кўп зикр қилинг. Бу кунларда бир кун рўза тутиш бир йиллик рўза тутишга тенг. Зулҳижжанинг илк ўн куни ичида бир кун рўза тутиш бошқа кунларда бир йил рўза тутишдан ҳам фазилатлидир.”
“Аллоҳ наздида кунларнинг улуғи ва амалларнинг афзалроғи ўн кунликда қилинганларидир”.[1]
Зулҳижжа ойининг аввалги ўн кунлигида афзал бўлган амаллар:
- Қурби етган одам ҳаж қилиши.
- Аллоҳ зикрини кўпайтириш.
- Масжидни жамоатда иштирок этиш билан обод қилиш.
- Нафл намозларни кўпайтириш.
- Нафл рўза тутиш.
- Қуръон тиловати.
- Садақа.
- Тунги таҳажжуд намози.
- Қурби етса Қурбонлик қилиш.
- «Алҳамдулиллаҳ», «Лаа илаҳа иллаллоҳ», «Аллоҳу акбар» каби зикрларни айтишга машғул бўлиш.
Аллоҳ таборак ва таоло барчамизни ушбу фазилатли ойни ибодатда ўтказишдан ғафлатда қолиб кетмоқлигимиздан асрасин, омин!
Нилуфар БЕРДИЕВА
“Хожа Бухорий” ислом таълим муассасаси
Ўқув-услубий бўлим бошлиғи
[1] Муқаддас ойлар ва мустажоб дуолар. Тошкент – 2005.
