Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дейдилар:

“Мўминларнинг имон жиҳатидан комилроғи хулқи яхшироғидир.   Сизларнинг энг яхшиларингиз – аҳли аёлига яхшилик қиладиганингиздир”. (Имом Термизий ривояти).

Аёлларга гўзал муомала қилишда энг яхши ибрат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг айни ўзлари экани бу динни қанчалар мукаммал эканидан дарак беради. Инсон қанчалар кучли бўлмасин ўзидан ожиз ва ҳимоясиз бўлганларга лутф ила муомала қилиб, ҳурмат этмоғи нақадар олийжанобликдан саналади.

Аёл киши моддий эҳтиёжлардан ташқари маънавий эҳтиёжларга меҳр муҳаббатга ҳам муҳтождир. Чунки, Аллоҳ таоло эркакка ожиза бўлган қарамоғидаги аёлларни ҳимоя этмоғи учун ақл закот, куч ва қувват ато этган. Аёллар эркаклардан фарқли ақилларига эмас, ҳиссиётларига таяниб иш қилишлари сабаб, уларга гўзал муомала ва ширин сўзлар созламак буюрилган. Бунинг хилофида аёлни хўрламоқ, унга азият етқазиш Аллоҳ ҳузурида оқлаб бўлмас гуноҳ ҳисобланади. Чунки, Аллоҳ таоло ўзидан ожизларга зулм қилинишини мусулмон аҳлига харом қилган.

Бу ҳақда Аллоҳ таоло “Бақара” сурасида шундай деган:

وَلَا تُمْسِكُوهُنَّ ضِرَارًا لِتَعْتَدُوا وَمَنْ يَفْعَلْ ذَلِكَ فَقَدْ ظَلَمَ نَفْسَهُ وَلَا تَتَّخِذُوا آَيَاتِ اللَّهِ هُزُوًا

яъни: “…Уларга зулм қилиб, зарарлантириш ниятида ушлаб турманг! Ким шундай қилса, демак, ўзига зулм қилибди. Аллоҳнинг оятларини ҳазил билмангиз!..” (Бақара сураси, 231-оят).

Аллоҳ таоло ўз оятларида ҳам аёлга зулм қилишни ман этаётгани, ислом дини аёлни қанчалар эъзозлашидан дарак беради.

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам аёлларни уришдан қайтариб бундай деганлар:

«لَا تَضْرِبُوا إِمَاءَ اللَّهِ«

(رَوَاهُ الإمام أَبُو دَاوُدَ عن عبدِاللَّه بنِ أَبي ذُباب رضي الله عنه)

яъни: “Аллоҳнинг чўриларини (яъни, аёлларни) урманглар!” (Имом Абу довуд ривоятлари).

Аёлни уриш уни таҳқирлашдан Аллоҳ ва Расули қайтарар экан ҳали ҳам бу ишларни жиддий санамай ўз аҳлини хўрлаётган баъзи мусулмон эркакларга Аллоҳ таолодан инсоф ва тавфиқ сўраб қоламиз. Аллоҳ барчамизга Ўзи ҳидоят берсин.

 

 

Муҳаммад МИРМАХАМАТОВ

“Хожа Бухорий” ислом таълим муассасаси ўқитувчиси