Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

“Кимки менга бир бора салавот айтса, Аллоҳ унга у (салавоти) сабабидан ўнта салавот айтади. Кимки менга ўнта салавот айтса, Аллоҳ унга у(салавоти) сабабидан юзта салавот айтади. Кимки менга юзта салавот айтса, Аллоҳ унга у (салавоти) сабабидан мингта салавот айтади. Кимки менга мингта салавот айтса, унга дўзах ўти тегмайди”.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга саловат айтишлик ила Роббимиз бизга саловат айтмоғи қандай ҳам буюк шарафдир. Ҳеч қандай таҳорат ва жой талаб қилинмайдиган, фақатгина тилимиз ила қилинадиган бу амал қанчалик онсон туюлмасин, уни маромида адо етмоқ кўп ҳолларда ёдимиздан чиқади, ёки малол келади. Кун давомида тилимиздан бекорчи гаплар тушмасдан ҳеч ҳам чарчамай юрсакда, саловат ёки зикр айтишга келганда тиллар толиқандек гўё. Йўқ бу тиллар толиқишидан эмас балки қалблар хаста эканидан дарак. Нафсимизни енгмасдан туриб Аллоҳнинг беҳисоб ажру мукофотларига сазовор бўлмоқ албатта онсон иш эмас.

Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қиладилар: «Менга қиёмат кунида инсонларнинг энг яқини (яъни улар ичидан шафоатимга ҳақлироқ бўлгани), менга кўпроқ салавот айтган кишилардир”.

Шундай экан, У зотнинг шафоатларига эришмоқ учун тилимизни саловат ила зийнатлайлик. Зеро, шу ила Улуғ Роббимизнинг ҳам раҳмат ва барокатларига сазовор бўлсак.

Муҳаммад МИРМАХАМАТОВ

“Хожа Бухорий” ислом таълим муассасаси ўқитувчиси