МЎМИНГА ХОС СИФАТ…
26

Cropped shot of a businessman extending his arm for a handshake
Инсондаги улуғ сифат ва фазилатлардан бири – бу кечиримли бўлишдир. Аллоҳ таоло инсонларнинг ташқи кўринишини гўзал қилиб яратган. Агар инсон сийрати ва ички дунёсини ҳам чиройли қилса, шунда у комиллик даражасига етиши мумкин. Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг бир қанча ояти карималарида бандаларини бир-бирларининг хато камчиликлари ва айб-нуқсонларини кечиришга буюрган. Жумладан:
وَإِنْ تَعْفُوا وَتَصْفَحُوا وَتَغْفِرُوا فَإِنَّ اللَّهَ غَفُورٌ رَحِيمٌ
яъни: “Агар сизлар афв этсангиз, койимасангиз ва кечирсангиз, у ҳолда, албатта, Аллоҳ (ҳам сизларга нисбатан) мағфиратли ва раҳмлидир” (Тағобун сураси 14-оят).
Демак, киши биродарини кечириши билан Аллоҳ таоло ҳам унинг гуноҳини кечирар экан.
Яна бир ояти каримада кечирган кимсага ажр бериш Аллоҳ таолонинг зиммасида эканлиги баён қилинган:
فَمَنْ عَفَا وَأَصْلَحَ فَأَجْرُهُ عَلَى اللَّهِ إِنَّهُ لَا يُحِبُّ الظَّالِمِينَ
яъни: “Бас, кимки афв этиб (ўртани) тузатса, бас, унинг мукофоти Аллоҳнинг зиммасидадир. Албатта, У золим (тажовузкор)ларни севмас” (Шўро сураси 40-оят).
Бошқа ояти каримада Аллоҳ таоло жаннатий бандаларини сифатларини баён қилиб шундай деган:
(Улар) ғазабларини ютадиган, одамларни (хато ва камчиликларини) афв этадиганлардир. Аллоҳ эзгулик қилувчиларни севар” (Оли Имрон сураси 134-оят).
Дарҳақиқат, турли-туман хулқ-атворли одамлар орасида яшар эканмиз, албатта, улардан бир қанча озор-азиятлар кўришимиз мумкин. Агар ҳар бир шундай кўнгилсизлик бизга қаттиқ таъсир этиб, ғамга ботириб қўяверса, шубҳасиз, бутун ҳаётимиз азобга айланади. Шу боис имкон қадар ён-атрофимиздагиларнинг хатолари, билиб-билмай етказган озорларига сабр қилиб, кечиришга ҳаракат қилишимиз керак бўлади. Шунда бир-биримизга меҳр-муҳаббатимиз зиёда бўлади.
Барча яхши хулқ ва сифатларни ўзларида мужассам қилган Зот – Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам кечиримли бўлиш фазилатида ҳам энг гўзал намуна эдилар.
Оиша разияллоҳу анҳо онамиздан Пайғамбаримизнинг хулқлари ҳақида сўралганда шундай жавоб берганлар:
яъни: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам фаҳш ишларни қилувчи, фаҳш сўзларни сўзловчи ва бозорларда бақир-чақир қилиб юрувчи инсон эмасдилар. Ёмонликка ёмонлик билан жавоб қайтармас эдилар, балки афв этиб, кечириб юборар эдилар” (Имом Термизий ва Имом Аҳмад ривоятлари).
Ислом тарихидан маълумки, Пайғамбарликларининг ўнинчи йиллари ўтиб ҳам қурайшликлардан ижобий натижа чиқмагач, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам Зайд ибн Ҳориса разияллоҳу анҳу ҳамроҳлигида Тоифга бордилар. У Зот шояд Тоифда дин ишлари юришиб кетса, деган умидда қабила оқсоқоллари билан учрашиб, уларни Исломга чақирдилар. Аммо улар унашмади. Аксинча, Пайғамбаримиз алайҳиссаломни масхара қилдилар. Бу ҳам етмагандай, ўзларининг эси паст, бебош болаларини Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ортларидан қичқиришга, сўкиб, тош отишга юбордилар. Тоифликлар йўлнинг икки четида туриб, У Зот ўтаётганларида аёвсиз тошбўрон қилишди. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг оёқлари қонади ва ғамгин бўлиб, қувватлари озлиги ва заифликларидан Аллоҳга илтижо қилдилар. Шунда Аллоҳ таоло У Зотнинг ҳузурларига фариштани юборди. У келиб, икки тоғни Тоиф аҳли устига бостириб, уларни ҳалок қилишга изн сўради. Лекин Аллоҳ таоло томонидан оламларга раҳмат этиб юборилган Зот мушриклардан энг шиддатли азиятни Тоиф халқидан кўрганларига қарамасдан, бу ишга изн бермадилар ва шундай дедилар:
“Уларнинг сулбидан Аллоҳнинг ёлғиз Ўзига ибодат қиладиган, Унга ҳеч нарсани ширк келтирмайдиган кишилар чиқишини умид қилурман” (Имом Ибн Хузайма ривоятлари).
Шундай экан, кечиримли бўлиш ва ғазабини ютишда барчаларимиз Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламдан ўрнак олишимиз керак бўлади.
Киши ғазабини ютиб, биродарини кечирса, унга жаннатда ҳури ъийнлар ваъда қилинган. Бу ҳақда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:
“Кимки қодир бўла туриб, ғазабини ютса, Аллоҳ таоло Қиёмат куни уни чақириб, бутун халойиқ олдида шаҳло кўзли ҳурлардан хоҳлаганича олишга ихтиёр беради” (Имом Термизий ва Имом Абу Довуд ривоятлари).
Одамларнинг хато ва камчиликларини кечириш – ғазабни ютишнинг давомидир. Яъни, ҳақиқий тақводор фақатгина ғазабини ютмайди, балки ана шу ғазабини қўзғаган одамдан ўч олишга кучи етса ҳам, уни кечиради.
Кечиримли бўлиш улкан савоб ва жаннатга кириш учун сабабдир. Бу ҳақда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:
“Қиёмат куни бўлганда бир жарчи нидо қилади: “Одамларга кечиримли бўлганлар қаерда? Парвардигорингизни ҳузурига келинглар ва савобингизни олинглар! Қайси бир мусулмон кечиримли бўлса, жаннатга киришликка ҳақлидир” (Имом Ибн Мурдавайҳ ривоятлари).
Динимизда ёмонликка доимо яхшилик билан жавоб қайтариш фазилатли амаллардан саналади. Албатта, ёмонликка яхшилик билан жавоб қайтариш фақат сабр тоқатли, икки дунёда ҳам улуғ насибага эга бўладиган кишиларнинг феълидир. Билиб билмай айб-нуқсон ва хато-камчиликларни қилган кишиларга бир имконият бериб, уларни кечиришимиз – инсоний ва мусулмонлик бурчимиздир.
Маълумки, Уҳуд жангида Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг олд тишлари синиб, юзлари қонга беланди, бу ҳолат асҳобларига жуда оғир ботди. Ҳатто айримлари: “Уларни дуойи бад қилсангиз-чи?” дейишгача борди. Шунда У Зот:
إِنَّ اللهَ لَمْ يَبْعَثْنِى طَعَّانًا وَلاَ لَعَّانًا وَلَكِنْ بَعَثَنِى دَاعِيًا وَرَحْمَةً اَللَّهُمَّ اهْدِ قَوْمِى فَإِنَّهُمْ لاَ يَعْلَمُونَ
яъни: “Мени Аллоҳ таоло лаънатловчи ва таъна қилувчи қилиб юбормади, балки яхшиликка чақирувчи ва оламларга раҳмат қилиб юборган. Эй Аллоҳ! Уларни тўғри йўлга бошла, албатта улар билмайдилар”, – дедилар (Имом Байҳақий ривояти).
Афсуски, ҳозирда кундалик ҳаётда ўта қаттиққўл, мутакаббир инсонлар учраб туради. Улар бировларни айб-нуқсонларини, хато-камчиликларини қидириб, уларни ёмонлашни, танбеҳ беришни яхши кўрадилар. Ҳеч ким камчилик ва хатодан холи эмас. Инсоннинг олижаноблиги, иззату шарафи унинг кечиримлилигида намоён бўлиши билан бирга, бу унинг мартабаси янада зиёда бўлишига сабаб бўлади.
Ушбу ўринда яна бир нарсага эътибор қилиш зарур. Ҳар қандай зулм ёки тажовузкорлик Аллоҳ белгилаган чегаралардан ошмаслиги керак. Акс ҳолда ўч олинади. Бу ҳақда Оиша разияллоҳу анҳо онамиз шундай деганлар:
“Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳнинг ҳадларидан бирор ҳад оёқости қилинмагунча, Ўзлари учун ҳеч қачон ўч олмасдилар. Агар Аллоҳнинг ҳадларидан бирор нарса оёқости бўлса, инсонларнинг энг ғазаблисига айланар эдилар” (Имом Бухорий ривоятлари).
Муқаддас ислом динимиз инсонларни кечиримли бўлишга тарғиб қилади. Чунки кечиримли бўлишда инсонлар учун кўп манфаатлар бор. Аввало, кечирган инсон ўзини енгил тортиб, Аллоҳдан бўладиган ажрга лойиқ бўлса, кечирилган инсон эса кечиргувчига нисбатан бўлган адовати кетиб, қалбида унга нисбатан илиқлик ва меҳр пайдо бўлади.
Аллоҳ таоло барчаларимизни кечиримли, сабрли ва хушмуомала бандаларидан айлаб, ўзгаларга нисбатан бағрикенг бўлишимизни насиб айласин!
Оллоёр ОМОНОВ
“Хожа Бухорий” ўрта махсус таълим муассасаси
ўқитувчиси
