Аллоҳнинг хос бандалари

36

Жаноб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Инсонлар ичида Аллоҳнинг хос бандалари бор», дедилар. «Улар кимлар?» деб сўрашди. У зот: «Қуръон аҳли — Аллоҳнинг аҳли ва хос бандаларидир«, деб жавоб бердилар.

Қуръон ходимининг Роббиси олдидаги даражасини ва улкан ажру мукофотларини ушбу ҳадислардан яхши англаган ҳар бир банда, Аллоҳнинг каломига бепарво бўлмоғи ақли расо кишининг иши эмас албатта. Зеро, яна бир ҳадиси шарифда айтиладики: «Қуръон Аллоҳга ер-у осмонлар ва ундаги барча нарсалардан севимлироқдир».

Дунёга келишимиздан мақсад ҳам Яратувчимизни розилигини олиш экан, бунда унинг каломини ҳаққини адо этмоғимиз энг мақбул ишлардан саналади.

Имом Бухорийнинг саҳиҳларида ривоят қилинган ҳадисда шундай дейилади: «Енг яхшиларингиз Қуръонни ўрганиб, уни ўргатганингиздир».

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Ё Али, Қуръонни ўрганиб, уни ўргатгин. Шунда вафот қилсанг, инсонлар худди Аллоҳнинг Байтини тавоф қилганлари каби, фаришталар қабринг атрофини тавоф қилади».

Ҳар бир мўмин мусулмонга Аллоҳнинг каломини ўрганиш, ҳадисда келган сифатлар ила сифатланиб Аллоҳ таолонинг розилигига эришиш насиб этсин.

 

Муҳаммад МИРМАХАМАТОВ

“Хожа Бухорий” ислом таълим муассасаси ўқитувчиси