ҒОРДАГИ ДЎСТ
18

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.
«Биз ғорда яширинган эканимизда мушриклар тепамизда турар эди. Мен эса ваҳимага тушиб, уларнинг оёқ панжаларига қараб турардим. «Эй Аллоҳнинг Расули! Агар бирортаси икки оёғининг остига қарагудек бўлса, бизни аниқ кўриб қолади», дедим. У киши:»Эй Абу Бакр, учинчиси Аллоҳ бўлган икки киши ҳақида нима деб ўйлайсиз?!», дедилар».
Асъҳоблари ичида энг суюклиси, исломни биринчилардан бўлиб қабул қилган шарафли инсон, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳар қандай вазиятда ҳам ёнида турган, садоқатли дўсти шу ерда ҳам фақатгина Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга озор етишидан қаттиқ хавотирга тушади ва юқоридаги жавобларни олади. Бу воқеа билан Абу Бакр розияллоҳу анҳу ғордаги икки кишининг бири бўлиш шарафи ила яна бир бор шаърафланади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларидан сўнг ҳам умматни қайта оёққа турғазган, фитналарга барҳам берган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг халифаси номини олган, Умар розияллоҳу анҳу қанчалар ҳаракат қилса ҳам, Абу Бакр розияллоҳу анҳудан амал ва тақво борасида ўта олмаган, жаннатнинг барча эшикларидан кирадиган буюк саҳоба Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу билан охират кунида бир қаторда турмоғимизни барчамизга насиб қилсин.
Муҳаммад МИРМАХАМАТОВ
Хожа Бухорий ислом таълим муассасаси ўқитувчиси
