Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:
«Албатта, Аллоҳ азза ва жалла ҳаром билан озиқланган жасадни жаннатга киришини ҳаром қилди», деганларини эшитдим.
Еяётган луқмамизга эътиборли бўлиш, ҳалолдан топиб, ҳаромдан қайтиш динимиз буюрган ишлардан саналади. Мусулмон халқининг энг кўзга кўринган фазилатларидан бири ҳам айни шу ҳалол ва ҳаром масалаларида бошқалардан ажралиб туришидир. Минг афсуски, барча мусулмонман деганлар ҳам пулини ҳалолдан топавермайди. Ҳалолдан топса ҳам луқмасига эътибор бериб, ҳалолга сарфламайди. Энг ачинарлиси, ҳаром луқмани оиласи ва фарзандларига ҳам едириши билан уларни ҳам ҳадисда келган сифат билан сифатланишига ҳисса қўшиб қўяётгани, бу билан ўзи ва бошқаларни жарликка отаётгани, кўнгилни маҳзун этади.
Бу иллатларнинг асл сабаби, бугунги кун мусулмонлари эътиқодида баъзи камчиликлар борлигидир. Мусулмонлар ризқни берувчи Аллоҳ экани, ҳалол касб қилса ҳам, ҳаром касб қилса ҳам Аллоҳ белгилаб қўйган ризқдан бошқасига эриша олмасликлари ҳақида ўйлаб ҳам кўрмай қолишди. Шу сабабли озгина мол-дунё топиш мақсадида кўпдан-кўп ҳаром ишларга қўл уришмоқда. Аллоҳдан барчамизни ҳалол ризқ билан ризқлантиришини сўраймиз.

Муҳаммад МИРМАХАМАТОВ
Хожа Бухорий ислом таълим муассасаси ўқитувчиси