НИЯТНИНГ АҲАМИЯТИ

30

Баъзан Аллоҳ таоло эришаётган ютуқларимизни, ҳаётдаги ўрнимизни ниятларимизга қараб бераётганини кўриб, қалбимиз жумбушга келади. Агар биз ўйлаганимиздан ҳам кўпроғини бераётган бўлса, демак, бу ота-онамиз ёки яқинларимизнинг эзгу ниятлари, дуолари самараси эканидан дарак беради.

Ният ҳам бир дуодир. Баъзан қалбда ўйлаган кечинмаларимиз ҳаётга кўчаётганини кўриб, ҳайрон бўламиз. Халқимизда “Яхши гапга ҳам, ёмон гапга ҳам фаришталар “омин” дейди”, деган гап бор. Демак, ният яхшими, ёмонми уни гоҳ қалбда, гоҳ тилда айтсак ҳам, ҳудди дуодек осмонга кўтарилиб, ижобат бўлиши мумкин. Уламоларимиз ниятни руҳга, амалларни эса жасадга ўхшатишган. Яъни, агар банда ҳар қанча амал қилсаю, нияти холис бўлмаса, бу амали жонсиз тана каби бефойда бўлади. Росули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда шундай марҳамат қиладилар:

“Амаллар фақат ниятларга кўрадир. Албатта кишига ният қилган нарсаси бўлади”. (Муттафақун алайҳ).

Шундай экан, ўй-ҳаёлларимизни, ният ва мақсадларимизни фақат ва фақат энг эзгусини қилмоғимиз, ўз келажагимизни бунёд бўлишида катта рўл ўйнайди.

Муҳаммад МИРМАХАМАТОВ

Хожа Бухорий ислом таълим муассасаси ўқитувчиси