ФИРҚАЛАРГА БЎЛИНИШНИНГ ЗАРАРЛАРИ
16

Аллоҳ таоло инсонларни бир ота ва бир онадан пайдо қилиб, уларни Ер юзи бўйлаб турли хил миллат ва элатлар шаклида тарқатиб юборди. Инсонларнинг бу каби хилма-хиллиги фитрий бўлиб, Аллоҳ таоло уни илоҳий ҳикмат ила жорий қилди. Яъни, бу бўлиниш ажралиш учун эмас, балки бирлашиш ва ўзаро яқинлашиш учун эканлигини Қуръони каримда баён қилди:
“Эй, инсонлар! Дарҳақиқат, Биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳавво)дан яратдик ҳамда бир-бирларингиз билан танишишингиз учун сизларни (турли-туман) халқлар ва қабила (элат)лар қилиб қўйдик. Албатта, Аллоҳ наздида (энг азизу) мукаррамроғингиз тақводорроғингиздир. Албатта, Аллоҳ билувчи ва хабардор зотдир” (Ҳужурот сураси, 13-оят).
Динимизда мана шу ҳақиқатни баён қилиш орқали инсонларни бирликда ва ҳамжиҳатликда яшашга даъват этилади.
Айни пайтда динимиз бизларни ўзаро ихтилоф қилишдан, тафриқага бўлинишимиздан қайтаради. Зеро, ихтилоф ва тафриқа инсонларни бир-биридан узоқлаштиради, ўртада адоват ва фитна пайдо бўлишига сабаб бўлади. Айниқса, динда тафриқага бўлиниш залолат саналиб, инсоннинг икки дунёсини ҳам барбод бўлишига олиб боради. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай деган: “Ҳаммангиз Аллоҳнинг “арқони”ни (Қуръонини) маҳкам тутинг ва фирқаларга бўлинманг ҳамда ўзаро адоватда бўлган пайтларингизда дилларингизни (туташтириб) ошно қилиб қўйган Аллоҳнинг неъматини ёдда тутинг! Унинг неъмати туфайли биродарларга айландингиз. Дўзах чоҳи ёқасида турганингизда, сизларни ундан қутқарди. Шояд ҳақ йўлни топгайсизлар, деб, Аллоҳ Ўз оятларини сизларга шундай баён қилади”
(Оли Имрон сураси, 103-оят).
Ҳозирги кунда биз Аллоҳ таолонинг бу амрини тўғри тушуниб олишимиз керак. “Фирқаларга бўлинманг!” дедими, биз ўзаро низо ва адоватларни йиғиштириб, фирқаларга бўлинишни тўхтатишимиз керак.
Қачонки бизлар Қуръони Каримни маҳкам тутиш учун бирлашиб, ёнма-ён турар эканмиз, ораларимиздаги адоват ҳам йўқола бошлайди, ўзаро ҳамжиҳатлик ривож топади. Қуръоннинг мўъжизаси ҳам шунда, аслида. Бир тарафдан Аллоҳ таолонинг “фирқаларга бўлинманг!” деган оятларини зикр қилиб турсагу, бошқа тарафдан олимларни, имомларни, мазҳабларни, бошқа мусулмонларни ва улар қилаётган ишларни танқид қилиб турсак, оятга зид иш қилган бўлмаймизми?! Дарвоқеъ, кейинги пайтларда ижтимоий тармоқлар орқали уламоларни, бошқа мўминларни, диний ташкилотларни танқид қиладиганлар кўпайиб кетди. Ҳолбуки, ояти каримада мўминларнинг биродар бўлиб яшашлари Аллоҳнинг неъмати эканлиги, айнан биродарлик туфайлигина дўзах чоҳи ёқасидан омон қолиш мумкин эканлиги эслатилмоқда.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Албатта мени умматим залолатга жамланмайди, шундай экан, қачон ихтилофни кўрсангиз, ўзингизга саводи аъзамни (яъни, энг улуғ жамоани) лозим тутинг” (Имом Ибн Можа ривояти).
Қалбида Аллоҳдан қўрқуви бўлиб, ҳикмат эгаси бўлган киши ҳеч қачон Ислом дунёси уламолари Фирқатун ножия (нажот топувчи тоифа), деб ижмоъ қилган, аҳли суннат вал жамоатга қарши чиқиб, янги фирқалар тузмайди, бошқа фирқаларга эргашмайди
Ислом тарихида қанчадан-қанча мазҳаблар, фирқалар чиққан бўлса-да, уламолар уларнинг йўллари тўғрилигига ижмоъ қилмаганлигидан, тезда йўқолиб кетишди. Аҳли ножия деб эълон қилинган аҳли суннат вал жамоат ҳақ бўлганлиги сабабли 14 асрдан давомида яшаб келмоқда.
Дин илмини билмай туриб, Ислом дини номидан тарғибот ва ташвиқот қилаётган ҳар қандай кимсага эргашиб кетавериш ярамайди! Айниқса, замонавий электрон воситалари, интернет тармоқлари орқали тарқатилаётган диний мавзудаги маълумотларнинг ҳаммаси ҳам соф ислом ғоясига, бизнинг ақидамизга тўғри келавермайди. Шунинг учун интернет тармоғидан фойдаланадиган фарзандларимиздан огоҳ бўлайликки, токи улар адашган оқимлар таъсирига тушиб, алданиб қолмасинлар.
Музаффар Қосимов,
“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси
Ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат бўлими бошлиғи
