ГЎЗАЛ ЎРНАК!

22

Уст бошинг шу даражада яхши бўлсинки,

 кўзлар сени унутмасин.

 Хулқ одобинг шу даражада гўзал бўлсинки,

 қалблар сени унутмасин.

Ҳақиқатни айтганда, бугунги кунда яхши ҳодисалар кўп бўляпти. Аммо одамлар уларни кўришмаяпти, кўришса ҳам, эътиборга олишмаяпти, уларни одамларга етказишмаяпти. Кўпроқ шумхабарларга, салбий воқеа-ҳодисаларга эътибор беришяпти, хунук ҳолатларни келтириб чиқаришга уринишяпти, уларни имкон қадар кўпроқ одамларга етказишяпти. Бу ниҳоятда афсусланарли, ачинарли ҳолдир.

Ҳусни хулқ динимизнинг энг улкан ғояларидан биридир!

Набий ﷺ гўзал хулққа ҳидоят этишини сўраб ушбу  дуони ўқирдилар: “Аллоҳуммаҳдиний лиаҳсанил аҳлаақ, лаа яҳдий лиаҳсаниҳаа илла анта. Васриф ъанний саййиаҳаа, ва лаа ясрифу ъанний илла анта”, эди. Имом Муслим ривояти.

Маъноси: “Аллоҳим, мени гўзал ахлоққа ҳидоят қил. Сендан ўзга унинг гўзалига мени ҳидоят қилолмайди. Аллоҳим, мендан ёмон аҳлоқни кетказгин, Сендан ўзга унинг ёмонини мендан кетказолмайди”.

Расулуллоҳ ﷺ: “Сенга Аллоҳ таолодан қавмингдаги солиҳ бир кишидан ҳаё қилиб, уялганинг каби ҳаё қилишингни тавсия қиламан”, дедилар. Имом Табароний ривояти.

Изоҳ: Ҳаё сўзи луғатда уятсизликнинг тескарисини англатади. Бошқача қилиб айтганда “Ҳаё айбдан ва ёмонланишдан қўрқиб ўзини паст олиш ва ўзгаришдир”. Ҳаёнинг таърифида, Журжоний: “У нафснинг бир нарсадан тортиниши ва маломатдан ҳазир бўлиб уни тарк қилишидир”, деган. Ибн Муфлиҳ Ҳанбалий: “Ҳаёнинг ҳақиқати у бир хулқ бўлиб гўзал нарсани қилишга, ёмон нарсани тарк этишга боисдир”, деган.

Уч нарса уч нарса биландир:

Агар муаллим уч нарсани ўзида жамласа, ўқувчида неъмат мукаммал бўлибди: Сабр, тавозеъ ва гўзал хулқ.

Агар ўқувчи уч нарсани ўзида жамласа, муаллимда неъмат мукаммал бўлибди: Ақл, одоб ва гўзал фаҳм.

Ҳасан Басрий айтдилар:

Тақво аҳлининг ўзига хос аломатлари бўлиб, ўша аломатлар орқали улар танилади.

Улар: Рост гапириш, аҳдга вафо қилиш, қариндошлар билан алоқани тиклаш, заифларга раҳмдил бўлиш, фахрланиш ва такаббурнинг озлиги, яхшиликни баҳам кўриш, одамларга мақтанишнинг озлиги, гўзал хулқ ва Аллоҳ таолога яқинлаштирадиган амалларда жидду жаҳд қилишдир.

Гўзал ахлоқнинг аломатлари:

 

Баъзилар ҳусну хулқнинг аломатларини қуйидаги тарзда жамлашган: Ҳусну хулқ – ҳаёси кўп бўлиш, озори кам бўлиш, ислоҳи кўп, рост гапирувчи, оз сўзловчи, кўп амал қилувчи, тойилиши кам, ортиқча нарсаси оз, яхшилик қилиб ришталарни боғловчи, виқорли, сабрли, шукр қилувчи, рози бўлувчи, ювош, мулойим, иффатли, шафқатли, лаънатловчи эмас, сўкувчи ҳам эмас, чақимчи бўлмаган, ғийбатчи эмас, шошқалоқ бўлмаган, гиначи эмас, бахил бўлмаган, ҳасадчи эмас, очиқ юзли, очиқ чеҳрали, Аллоҳ йўлида яхши кўриб, Аллоҳ йўлида ёмон кўрадиган, Аллоҳ йўлида рози бўлиб, Аллоҳ йўлида ғазаб қилишдир.[1]

Мана шу хулқга эга бўлган кишиларни ҳусну хулқ соҳиби деб аталади.

Кимки гўзал хулқ ила зийнатланар экан, унинг хушбўй иси тупроқ остидан ҳам уфуриб туради.

Иброҳим ибн Адҳам роҳимаҳуллоҳ: “Ким одамларга маблағи, овқати ва ичимлиги билан кўмак бера олмаса, ҳеч бўлмаса табассум ва гўзал хулқ билан ёрдам берсин”, деганлар.

Аллоҳ билан алоқангда “Қаерда бўлсанг ҳам, Аллоҳдан қўрқ”.

Нафсинг билан алоқангда “Ёмонликка яхшиликни эргаштир, ёмонликни ўчириб юборади”.

Одамлар билан алоқангда “Одамларга гўзал хулқ билан муомала қил”.

Бу курраи заминда бир марта яшайсан. Шундай экан, хатога йўл қўйсанг узр сўра, шод бўлсанг мамнуният изҳор қил, одамларга гўзал хулқ билан муомалада бўл.

 

 

 

 

Манбаалар асосида Нилуфар БЕРДИЕВА тайёрлади

“Хожа Бухорий” ислом таълим муассасаси

Ўқув-услубий бўлим бошлиғи

[1] Абу Ҳомид Ғаззолийнинг «Иҳёу улумиддин» китобидан.