НЕЪМАТГА ШУКР
14

Бу дунёда Аллоҳ таолонинг неъматларига ғарқ бўлмаган инсон топилмаса керак. Барча инсонлар Аллоҳ таолонинг неъматларидан ҳар куни баҳраманд бўладилар. Ҳар бир илоҳий неъматнинг баҳоси йўқдир. Саломатлик, хотиржамлик, уйқу, тинчлик-осойишталик, тоза ҳаво, мусаффо сув ва шунга ўхшаш минглаб неъматлар борки уларни баҳолаб бўладими?
Булардан ташқари бандаларининг баъзиларига иймон, тақво, чиройли хулқ, ихлос, ибодат каби тенгсиз неъматларни ҳам берган-ки, булар охират саодатига эриштирадиган энг муҳим омиллардир. Аллоҳ таоло Ўз каломи шарифида: “Аллоҳ таолонинг неъматларини саномоқчи бўлсаларинг, уларни ҳисоблай олмайсизлар”, деган. (Иброҳим, 34)
Аллоҳ таоло чексиз неъматлари эвазига бандаларидан фақатгина Ўзига ибодат қилишни ва берган неъматларига шукр қилиб яшашни талаб қилади холос. Чунки, Аллоҳ таоло бошқа нарсаларга муҳтож эмас. Аслида бандаларининг ибодати, уларнинг шукр қилишига ҳам ҳожати йўқ, бироқ эрта қиёмат кунига бахт саодатга эришиш учун ибодат ва шукр қилиш банданинг ўзи учун муҳимдир. Бу борада Қуръони каримда: “Албатта биз шукр этувчиларни мукофотлаймиз”, дейилган. (Наҳл, 17)
Пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васаллам кечалари кўп нафл ибодат қилар эдилар, ҳатто муборак оёқлари шишиб кетарди. Бу ҳолни кўрган Оиша онамиз: “Ахир Аллоҳ таоло сизнинг аввалги ва охирги гуноҳларингизни кечирмаганми?” дедилар. Шунда пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Шукр қилувчи банда бўлмайинми?” деб жавоб беридилар. (Имом Муслим ривояти) Ҳасан Басрий айтади: “Одам боласи бир куни ўтса, бу ҳақда фикр қислин, агар бугунги куни яхшилик келтирган бўлса, бунга эриштиргани учун Яратганга шукр қилсин, агар бунинг акси бўлса, тавба қилсин, кундузги камчиликларини тунда бартараф этишга азму қарор қилсин. Зеро, яхшиликлар ёмонликларни ювиб юборади”.
Инсон ўзига етган неъматга шукр қилмаса, у албатта заволга учрайди. Фузайл розияллоҳу анҳу айтадилар: “Сизларга неъматлар учун доимо шукр айтмоғингиз вожибдур. Қавмдан кетган бир неъматнинг яна қайтмоғи жуда мушкулдир”. Аллоҳ таолога бўладиган шукр қалб, тил ва бошқа аъзолар билан бўлиши керак. Қалб билан бўладиган шукр, шукр қилишни қасд қилиш ва бу неъматни барчага бўлишини исташдир. Тил билан бўладигани эса, бу неъматларни берган Зотга мақтовлар айтиш. Аъзолар билан бўладиган шукр, шу неъматларни берган Зотни рози қиладиган ишларни қилиш, турли гуноҳ ишлардан ўзини тийиш билан юзага чиқади.
Инсон ўзига бир назар солмоғи керак. Аллоҳ таоло уни жуда гўзал ва мукаммал тарзда яратган. Бир тасаввур қилиб кўринг. Инсон ўзига берилган биргина неъмат ҳақида ўйласа, фикр қилса нақадар бу неъматларнинг қадри улуғ ва беқиёс эканлигини ҳис қилиши қийин эмас. Биргина кўриш неъмати, агар шундан бебаҳра бўлсак бу ёруғ дунё ва ундаги ажоиботларни кўра олармидик? Тун ва кунни фарқлай олармидик? Ёки бу неъматни бизга Аллоҳ таоло бермаса, бошқа ким ҳам бера оларди.
Аллоҳнинг дўстлари Унинг сон-саноқсиз неъматлари учун қанча шукр қилсалар, шунча озлигини ҳис этиб, барча ҳолларида шукрни зиёда қилиш ҳаракатида бўлишган. Шукрнинг ниҳояси йўқ. Аллоҳнинг суюкли бандалари бўлган пайғамбар алайҳиссаломлар ва Унинг дўстлари ҳам чексиз даражадаги юксак фазилатларга эга эканликларига қарамай, доим шукр ҳаққини адо этолмаслик хавотирида яшашган. Ҳа азизлар, биз ҳам бу улуғ зотлардан ўрнак олиб, берилган неъматларга шукр қилиб, аҳл-иноқ, тинч-тотув ва дўст-биродар бўлиб яшамоғимиз лозим.
Ўткир Маҳмудов
“Хожа Бухорий” ислом таълим муассасаси ўқитувчиси
