ИСЛОМДА АТРОФ МУҲИТ ПОКЛИГИГА ЭЪТИБОР
7

Исломда инсоннинг вужуди, кийими ва унга хос нарсалар поклиги билан бирга, унинг атрофидаги барча нарсалари ҳам пок бўлишига катта аҳамият берилган. Турар жой, кўча-кўй, майдонлар, ишхоналар, таълим муассасалари, масжидлар, наклиёт воситалари, дам олиш жойлари, ҳамма-ҳаммаси пок бўлиши талаб қилинган.
Абу Молик Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Поклик иймоннинг ярмидир”, дедилар”. Муслим, Насаий ва Термизий ривоят қилганлар.
Поклик иймоннинг ярми, дейилиши бежизга эмас. Бу ҳадис иймонсиз ибодат асло қабул қилинмаслиги ва барча савоби бехуда кетиши эътиборидан келиб чиқиб айтилган ва поклик иймоннинг ярмига тенглаштирилган.
Исломда иймоннинг аҳамияти ва қадр-қиммати қанчалик юқори экани-ни яхши биламиз. Поклик иймоннинг ярмига тенглаштирилганидан ҳам Ислом дини озодалик, поклик ва тозаликка канчалар эътибор берганини билиб олса бўлаверади.
Яна бир Абу Хурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
“Иймон етмиш нечта ёки олтмиш нечта шуъбадан иборатдир. Унинг энг афзали “Ла илаҳа иллаллоҳ” дейиш ва энг кичиги – йўлдаги озор берадиган нарсани олиб ташлаш”. Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий ва Насаий ривоят қилганлар.
Мусулмонларнинг озор берадиган нарсаларни йўлдан олиб ташлашини иймон шуъбаси даражасига кўтарган Ислом дини уларни атроф муҳитдаги барча нарсаларни пок тутишга, бунинг учун зарур бўлган барча чораларни кўришга ҳам чақирган.
“Ижтимоий одоблар” асосида Тошмирзаев Фарҳодбек тайёрлади
“Хожа Бухорий” ислом таълим муассасаси ўқитувчиси
