ЯХШИЛИКНИНГ МЕВАСИ

Ўзгаларга яхшилик қилиш мўминнинг мўминлик хислати. Бу хислат Аллоҳ таолонинг розилигини топишнинг осон йўлларидан биридир. Яхшилик қилганларни Аллоҳ таоло ўз фазли билан бу дунёда ҳам охиратда ҳам мукофотлайди. Бу борада Аллоҳ таоло айтади: “Тақволи зотларга: “Роббингиз (Ўз пайғамбарига) нимани туширди?” дейилганида улар: “Яхшиликни”, дейишади”. Бу дунёда яхшилик қилганлар учун чиройли мукофот бўлур”. (Наҳл, 30)

Яхшиликни катта–кичиги, ози-кўпи бўлмайди. Одамларга озор етказмаслик ҳам аслида яхшилик, етим–мискинларни таомлантириш ҳам яхшилик, йўлдаги озор берувчи нарсаларни олиб ташлашлик ҳам яхшилик, хуллас, Аллоҳ таоло ва унинг расули  нимани яхшилик деб айтган бўлса, бари яхшиликдур. Анашу яхшиликни қилган одам икки дунё саодатига эришади.

Абу Зарр Ғифорийдан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ алайҳиссалом менга: “Яхшиликдан бирортасини паст санамагин, агар у биродаринга очиқ юз билан қараш билан бўлса ҳам”, дедилар. (Имом Муслим ривояти) Яна бошқа ҳадисда: “Ҳар бир яхшилик садақадир”, дейилган. (Имом Бухорий ривояти)

Яхшилик борасида жуда кўп ибратли сўзларни учратиш мумкин. Муҳаммад Зеҳний: Яхшилик кенг феълли, яхши ахлоқли бўлиш, илм олиш ва Аллоҳга ибодатда бошқаларга ўрнак бўлишдир. Одамларнинг яхшироғи ўз қалбида яхшиликка йўл очгани ва ёмонликни, очкўзликни ҳайдаб чиқарганидир” деган.

Яхшилик ва мулойимлик дарахтини эккан омонлик ва хотиржамлик мевасини териб олади. Ёвузлик уруғини сепган пушаймонлик ҳосилини йиғиб олади. Ким қилган яхшилиги ёки амали билан мақсанса, савобидан маҳрум бўлади. Зеро, яхшилик қилишдан кўзланган мақсад савоб олиш бўлиши керак.

Ҳусайн Воиз Кошифий айтади: “Гўзал феъл атворнинг нишонаси ўнтадир ва буларнинг биринчиси бошқаларга яхшилик қилишдир”. Саъди Шеърозий ёзадилар: “Бир шам бошқа бир шамни ёққани билан нуридан ҳеч нарса камаймайди”. Абдуллоҳ ибн Аббос бундай деганлар: “Яхшилик ҳақида ўйлаш, ўша яхшиликни қилишга ундайди, ёмонликка пушаймон бўлиш эса ўша ёмонликни тарк этишга чақиради”.

Яхшилик қилишга шошилиш керак, чунки Пайғамбар алайҳиссалом: “Кимга яхшилик қилиш эшиги очилса, фойдаланиб қолсин, зеро, унинг қачон ёпилишини билмайди”, деганлар. Бу дунё ҳаёти ўткинчи, ҳеч ким қачон вафот топшини асло билмайди, шунинг учун бугун ҳаёт эканмиз яхшилик қилмоғимиз даркор.

Ўткир Маҳмудов

“Хожа Бухорий” таълим муассасаси ўқитувчиси