Намозда икки қўлни ташлаб туриш бидъати
23

Намозда икки қўлни ёнга ташлаб туришни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобаи киромлар ҳам қилмаганлар. Шундай экан, шубҳасиз бу ҳам бидъатдир. Моликийлардан баъзилари бу бидъатни намознинг мустаҳабларидан деб эътибор қилиб, қўлни боғлаб туришни эса макруҳларидан деб эътибор қилишлари жуда ажиб ишлардан саналади. Бу қараш уламолар ижмосига хилофдир. Чунки аҳли сунна вал жамоа уламолари бир овоздан намозда қўлни боғлаб туриш суннат амал эканига ижмо қилишган. Ҳатто улардан баъзилари қўлни боғлаб туришни вожиб ҳам дейишган. Ушбу суннатга шиъа ва моликийлардан айримлари тескари бўлиб, авлоддан-авлодга ривоят қилиб келинган суннат бўлмиш, намозда икки қўлни боғлаб туришни макруҳ деб биладилар.
Шиъалар аҳли суннага хилофлик билан машҳурдирлар, шунинг учун уларнинг шаръий амалларда тескари бўлишлари эътиборсиз саналади. Аммо моликийларни суннат амални макруҳ дейишга олиб борувчи ҳужжатлари йўқдир. Ажабланарлиси шундаки, уларнинг имомлари (Имом Молик) намозда қўлни боғлаш ҳақидаги ҳадисни “муватто” номли ҳадис тўпламларида ривоят қилиш билан бирга амалда ҳам шундай қилар эдилар. У кишининг шогирдлари ҳам устозларига то вафот қилгунларича эргашганлар. Бу маслада хилоф қилмаганлар. Уларнинг намозда қўлни ёнга ташлаб туришга келтирган далиллари Ибн Қосимнинг “мудаввана”сидаги бир ривоят бўлиб, у ҳам шоз[1] ва ботил ривоятдир. Унинг ботиллиги бир неча жиҳатдан ҳисобланаиб, қуйидагилар:
Биринчидан, ушбу ривоят имом Молик ўз қўллари билан ёзган “Муватто” асари ва у кишидан юзлаб шогирдлари келтирган ривоятларга хилоф бўлгани.
Иккинчидан, имом Моликдан Мадина аҳли ривоят қилган ҳадисга хилофлиги.
Учинчидан, имом Моликдан Ибн Қосимдан бошқа Мисрлик шогирдлари қилган ривоятга хилофлиги.
Тўртинчидан, имом Моликнинг ўзлари бажариб кўрсатган ишга ҳам хилофлиги. Чунки имомнинг ўзи ҳам намозда қўлни боғлаб ўқиганлар.
Бешинчидан, намозларида қўлларини боғлаб ўқиган Мадина аҳлининг ишига хилофлиги. Мадина аҳлидан бўлган саҳобалардан тўрт халифа (Абу Бакр, Умар, Усмон ва Али), Саъд ибн Абу Ваққос, Абдураҳмон ибн Авф, Ибн Умар, Абу Ҳурайра, Жобир, Суҳайл ибн Саъд ва мўминларнинг оналари (розияллоҳу анҳум)лар ҳамда тобеъийн ва табаъа тобеъийнлардан уларнинг ичида имом Моликнинг шайхлари ва ҳамдарслари ҳам бўлиб, улар, Хорижа ибн Зайд, Қосим ибн Муҳаммад, Солим ибн Абдуллоҳ ибн Умар, Урва ибн Зубайр, Ибн Умарнинг мавлоси[2] Нофеъ, қорилар имоми Нофеъ, Зайд ибн Аслам ва у кишининг икки фарзанди Абдуллоҳ ва Абдураҳмон, Сулаймон ибн Ясор, Ҳишом ибн Урва, Робиъа, Зуҳрий, Ибн Абу Зуайб ва бошқа зотларнинг барчаси шулар жумласидан, яъни юқорида келтирилган улуғ ва машҳур зотлар намозда қўлларини боғлаб турганлар.
Олтинчидан, аҳли сунна вал жамоа ижмосига ҳам хилофлиги. Буни олдин саҳоба ва тобеъийнларнинг амалини келтириб ўтиш билан батафсил баён қилдик.
Еттинчидан, авалоддан-авлодга оғизма-оғиз мутавотир[3] тарзда бизгача йетиб келган суннатга хилофлиги.
Саккизинчидан, Ибн Қосим келтирган биргина ривоят, намозда икки қўлини боғлагандан кейин шу қўлига суяниб турган киши ҳақида қайдланиб келган, мутлоқ шаклда келмаган. Чунки Ибн Қосим бу ривоятни ўзининг “Мудаввана”сининг “Намозда суяниб туриш” деган мавзу остида келтирган.
Демак, намозда қўлни ташлаб туриш суннат амали бўлмиш қўлни боғлаш ва бутун уммат ижмосига ҳатто, буни даъво қилаётганларинг имомлари ишига ҳам хилоф экани келиб чиқди. Шунинг учун буни бидъат деса бўлади. Қўлни боғлаб туриш эса, суннат саналади.
Ибн Қосим кўпчиликлдан ажраб, ўзи ёлғиз ҳолатда, қолган уламолар ижмосига хилоф тарзда, имом Моликдан қўлни ташлаб туриш ривоятини келтириши, шубҳани келтириб чиқаради, шубҳадан эса йироқ бўлиш зарур.
Саидмуҳаммадхон МУҲИБУЛЛАЕВ
“Хожа Бухорий” ислом таълим муассасаси ўқитувчиси
[1]Ҳадис илмида шоз ривоят деб, бир ишончли ровийни ўзидан кўра кучли бир ровийга ёки бир неча ровийга хилоф ҳолатда ҳадис ривоят қилишига айтилади. Шоз ҳадис қарама-қарши бўлганда қабул қилинмайди.
[2] Озод қилган қули.
[3] Ҳадис ривоят қилувчиларининг ҳар бир табақада камида ўнта бўлиши, кўпини чегараси йўқ бўлган ҳадис тури.
