Таваккул
25

Арабча “таваккул” сўзи ўзбек тилига “таваккал” шаклида ўзлашган. “Таваккул” сўзининг луғавий маъноси вакил қилмоқ, бир ишни бировга ишониб топширмоқ, унга тўла суянмоқ. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:
وَعَلَى ٱللَّهِ فَتَوَكَّلُوٓاْ إِن كُنتُم مُّؤۡمِنِينَ
“Агар мўмин бўлсангиз, Аллоҳга таваккал қилингиз” (Моида сураси 23-оят). Ушбу оятда “таваккул қилиш” феъли “Аллоҳга суяниш” маъносида ифодаланган. Таваккул сифатини эгаллашдан олдин мўмин бўлиши кераклиги оятдан очиқ-ойдин англашиляпти. Демак, Яратувчи Зотнинг борлиги, бирлигига иймон келтириб, У Зотни Қуръони каримда, ҳадиси шарифда айтилган барча исму сифатлари билан таниб, сўнгра шу илм-маърифатнинг тақозоси ўлароқ амалга ўтиш ва бутун ҳаёт тарзини шу асосга қуриш “таваккул қилувчи” деган номни қозонишнинг шартидир. Яна бир оятда:
فَإِذَا عَزَمۡتَ فَتَوَكَّلۡ عَلَى ٱللَّهِۚ إِنَّ ٱللَّهَ يُحِبُّ ٱلۡمُتَوَكِّلِينَ
“Азму қарор қилганингдан сўнг Аллоҳга таваккал қил. Албатта, Аллоҳ таваккал қилувчиларни севадир” (Оли имрон сураси 159-оят). Бутун оламларни яратган Зотнинг муҳаббатига мойил бўлиш улуғ мақомдир. Бу улуғликдан насибадор инсоннинг мақоми шу даражада юксакки, у билан Яратувчиси ўртасида мустаҳкам алоқа бор, у доимо Аллоҳнинг паноҳида, ҳимоятида. Бундан ортиқ яқинлик, бундан мустаҳкамроқ алоқа бўлиши мумкинми?! Чунки у бутун оламларнинг Парвардигори бўлган улуғ ва қудратли Зот Аллоҳнинг суйган бандаси. Аллоҳ Ўзининг суюклисини азоблайдими, Ўзидан тўсадими, Ўзидан узоқлаштирадими?! Демак “таваккул қилувчи” деган номга сазовор бўлиш Аллоҳга суюкли бўлишдек туганмас саодатни топишдир.
Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом таваккул неъматининг самарасини шундай мисол билан изоҳлайди: “Агар Аллоҳга ҳақиқий таваккул қилганингизда эди, худди эрталаб оч ҳолда чиққан қуш, кечқурун тўқ ҳолда қайтганидек, Аллоҳ сизларни ҳам шундай ризқлантирган бўларди” (Термизий ривояти). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги ҳадиси эса таваккул тушунчасининг моҳиятини янада аниқ ва тиниқ баён этади: “Кимки одамларнинг энг бойи бўлиш билан ўзини хурсанд қилмоқчи экан, қўлидаги нарсадан кўра Аллоҳнинг ҳузуридаги нарсага ишончи кучлироқ бўлсин”. (Ҳоким ва Байҳақий ривояти).
Баъзилар ўзининг танбаллиги, журъатсизлиги, ҳатто қўрқоқлигини “таваккул қиляпмиз” деган маънода оқламоқчи бўлишади. Бу жоҳилликдан бошқа нарса эмас. Соғлом мўмин ўзига ўхшаган бандадан тамаъ қилмайди. Тер тўкиб ишлаш, касб-кор қилиш каби Мардликларга қодир бўлатуриб, ризқни тирик мурдадек ҳаракатсиз, номардларча кутиб ётиш шариатимиз манъ қилган феълдир. Таваккул қилувчиларнинг мақоми нақадар улуғлиги оятларда зикр қилинди. Шундай экан, бу улуғ мақомга динимиз қайтарган иш билан эришиб бўладими?! Балки, банда бир ишни ният қилиб, мақсади томон қадам босар экан, таваккулнинг таъсири мана шу ҳаракатда намоён бўлади. Демак банданинг саъй-ҳаракати таваккулнинг мавжудлик шаклидир.
Алимардон КАРОМАТОВ
“Хожа Бухорий” ислом таълим муассасаси талабаси
