“Бахтли бўлишни истамаган бахтли эмасдир”.

30

Бир яхши одам бир аёлга уйланмоқчи бўлибди. Аёл ҳам рози бўлибди. Никоҳ пайтида ҳалиги одам:

— Лекин менинг бир айбим бор, ғазабланган пайтимда бадхулқ бўлиб кетаман, — дебди.

— Сизни ғазабланишингизгача олиб борган одам сиздан-да бадхулқроқдир, — дея жавоб берибди зукко аёл.

Бу оқилона жавобдан лол бўлган ҳалиги одам аёл гапини тугатар-тугатмас:

— Мен орзу қилган аёл сизсиз. Менга сиздан бошқаси керак эмас, — деб юборган экан.

Турмуш қуриш билан тугайдиган муҳаббатдан кўра, турмуш қуриш билан бошланадиган муҳаббат яхшидир. Айман Ёғий

… Бугун ўз аёли билан саодатли фаровон ҳаёт кечираётган қанча-қанча эркаклар уйларида оёқларини чўзиб, “ижтимоий тармоқ” балосига ўзини таслим қилиб, ҳаёлида бошқа оламда яшай бошлагач, ўзининг тўсиқ ҳаётини кўриб ўзи билан аёли ўртасидаги муносабатлардан афсусланишни бошлади. Ушбу кўриниш ортидан келиб чиққан қанча-қанча низо ва жанжаллар талоққача бориб етди…

Фикру ҳаёли ҳамда қалби ҳотиржам ва рози бўлган қанча-қанча аёллар ушбу “дўзахий ойнадан” ўзи билган оламдан бошқа оламга мўралаб боққач, ўз ҳаётидан дили оғриб, кўзи ва кўнглини тўлдириб турган эри унинг назарида аҳамиятсиз нарса бўлиб қолди. Натижада унинг бахтли ҳаёти жаҳаннамга айланди…

Инфоқда юмшоқ бўлиш, яшашда ўртача бўлмоқ, қаноатнинг аслидир. Ҳадисда айтилади: “Тадбир – яшашнинг ярмидир”.

Аёл киши ўз уйида “чиройли” ўрнашмоғи лозим бўлган ва синиши тез бўлган идиш кабидир. Ўзгаларга озор беришдан ўзини тиймоғи ҳамда оиласи учун юлдуз юз каби ёрқин бўлмоғи керакдир. Ўзига яқинлашаётган қайғу мусибатлардан қўрқмайдиган, ўзини шарқликман ёки ғарбликман деб эмас, балки мен муслима аёлман деб қараши лозимдир.

Ғарблик аёлларга ўзини таққос қилган аёл соғлом фикрдан йироқ, ёлғон гапиришдан ҳаё қилмайдиган, мол-давлатни севганидан оиласига ва атрофидагиларга ҳаттоки динига нисбатан пасткаш бўлиб қоладиган аёлдир.

Ислом, инсоннинг оилавий интизоми, аёлнинг шароитига мувофиқ келади. Чунки аёлнинг табиатида уйда ўрнашмоқ бордир. Нега дейсизми?

Аллоҳ таоло эркакни аёлдан чидамлилик, ақл-фаросат, жисман қувватда кучли қилиб яратди. Аёлни эса ҳис-ҳаяжонга бой қилиб яратди-ки, у эркаклардек жисмий тоқатга эга эмас. Демак, эрини, фарзандларини севган аёл ҳеч бир сабабсиз ўз уйини тарк этмайди.  Эркакларга аралашмайди. Ғарбли аёлларнинг тўқсон фоизи ўзлари етган емирилишга фақатгина ўз нафсларини сотиш оқибатидагина етганлар. Чунки уларнинг қалбида Аллоҳдан қўрқиш туйғуси йўқдир.

Ғарбий оламда аёлларнинг бу тариқа ҳаёт кечиришлари чиқишлари эркак аёлнинг ўрнини эгаллашига туртки бўлади. Энди у эркак уйда ўтириб идишларни ювади, болаларга қарайди, ароқ ичади…

Аслида Ислом дини эркак киши аёл кишига уй ишларида ёрдам беришига тўсқинлик қилмайди. Балки бунга тарғиб қилади, лекин мана бундай ўринлар алмашинувида эмас!

Аллоҳ таоло айтади: “Ким менинг Эслатмамдан юз ўгирса, бас, албатта унинг учун танг – бахтсиз ҳаёт бўлур ва Биз уни Қиёмат Кунида кўр ҳолда тирилтирурмиз” (Тоҳа сураси, 124-оят).

Агар ҳар бир инсон хоҳи эркак бўлсин ёки аёл мақсади Аллоҳ раҳматини топиш бўлиб, Унинг розилиги йўлида турмуш қурмоқни ният қилган инсонларга Аллоҳ таоло ҳар томонлама уларни Ўз ҳифзида қилиб, бахтли ҳаёт беради, саодатга эриштиради. Саодат – худди ўзи экилган бўлса ҳам, ҳануз гули кўринмаган атиргул кабидир. Аммо унинг кўриниши аниқдир.

 

Нилуфар БЕРДИЕВА

“Хожа Бухорий” ислом таълим муассасаси

Ўқув-услубий бўлим бошлиғи