Устозга эҳтиром
22

Барча машҳур олиму-уламолар ҳаётига назар ташлайдиган бўлсак, уларни бу мартабаларга эришишларида устозларининг хизматлари беназир эканини кўришимиз мумкин. Устозни эҳтиром қилиш, буйруқларига бўйсуниш ва дуосини олиш келажакда талабанинг буюк чўққиларни эгаллашига замин яратади. Бунинг хилофида устозни беҳурмат қилмоқ, дилини оғритмоқ инсонни униб ўсмаслигига, бирор бир мақсадига этиша олмаслигига сабаб бўлади.
Ҳазрати Али р.а. айтадилар: «Менга бир дона ҳарф ўргатган кишининг қулиман. Ҳохласа социн, ҳохласа қулликдан озод қилсин, ҳохласа қул қилиб ишлатсин». Шундан кўриниб турибдики, бир ҳарф таълим берган устознинг иззат-икромини ўрнига қўйиш динимиз буюрган эзгу ишлардан саналади.
Толиби илмнинг бирор илм турини ўзи ихтиёр қилмоғи дуруст эмас. Шайхулислом Бурҳониддин Марғиноний роҳимаҳуллоҳ айтадилар:
«Аввалги замон толиби илмлари мазкур ишларни устозга топширар эдилар. Шу сабаб ўз мақсаду муродларига эришар, устозларининг илму ирфонларидан ўзлари ҳам, ўзгалар ҳам баҳраманд бўлар эдилар. Ҳозир эса талабалар қайси илмни ўқишни ўзлари ихтиёр қиладилар. Ҳудди танлаган илму китоблари уларга кўпроқ фойда ва наф беришини ўзлари яхшироқ биладигандек, бу соҳани ўргатинг деб илм навини танлайдилар. Шунинг учун ҳам илм ва фиқҳ соҳасида мақсадлари ҳосил бўлмайди. Илмлари фойда берувчи, манфаатли бўлмайди».
Бунга мисол ўлароқ буюк ватандошимиз Имом ал-Бухорий ҳазратлари машҳур фиқҳ олими имом Муҳаммад ибн Ҳасан ҳазратларидан фиқҳ илмидан таълим олганлар. Намоз аҳкомлари баёни қилинган китобга келганларида, устозлари:
-Сиз ҳадис илмини ўқинг, ҳадисга оид илмларни ўрганинг! -деган эканлар.
Устозининг маслаҳатига қулоқ тутиб, ҳадис илмини ўрганган Имом Бухорий келажакда буюк муҳаддис, ҳадис илмининг амири бўлиб тарихда қолдилар. Бундан хулоса қиладиган бўлсак, муаллим шогирдининг иқтидоридан келиб чиқиб, уни қай соҳага йўналтиришни ва келажакда юксак марраларга эришишини унинг ўзидан кўра кўпроқ ва яхшироқ билади.
Шундай экан ҳар бир талаба устозининг маслаҳатларига риоя қилмоғи ва рози этмоғи лозимдир.
Муҳаммад МИРМАХАМАТОВ
“Хожа Бухорий” таълим муассасаси ўқитувчиси
