АЛЛОҲ ТАОЛОНИНГ АВЛИЁЛАРИ
32

Ҳар бир инсонни фосиқ эмаслигини кўрсанг уни авлиёлардан деб фараз қил. Бас уни авлиёлардан деб билганингдан сўнг унга нисбатан одобли бўлишинг лозим, акс ҳолда уларга нисбатан одобсизлик қилиб қўясан. Чунки авлиёлар кўпинча сендан беркитилган бўладилар.
Имом Бутий
Аллоҳнинг авлиёлари ўзларига хос бошқа одамлардан ажралган алоҳида бир сифатга эга жамоа эмаслар балки, Аллоҳнинг авлиёлари шундай кишиларки, улар Аллоҳга иймон келтирган ҳамда Аллоҳга бўлган тақво ва қўрқинчни кўз олдиларига жойлаб олганлардир. Эҳтимол улар ҳам йўлдан оғишлари мумкиндир, лекин улар тезда ўзларига келадилар. Эҳтимол нафслари ҳар-хил ҳавойи истакларда дарбадар кезар, лекин улар тезда тавба қиладилар.
Бандаларнинг ҳар бири Аллоҳнинг валий бандалари бўлиши мумкин. Ушбу ҳолат синалган жуда ҳам аниқ ва равшан нарса.
Лекин инсон доим ушбу икки нарсани ўзида жамлаши лозим. Унинг бири иймон, иккинчиси тақводир.
Тақво нима ўзи? Кўпчилик одамлар: “Тақводор инсон ҳеч қачон Аллоҳга гуноҳ қилмайди, улар гуноҳ қилишлари мумкин эмас”, деб ўйлайдилар. Йўқ ундай эмас. Аллоҳ субханаҳу ва таолонинг ушбу сўзига эътибор берилса:
“Роббингиздан бўлган мағфиратга ва кенглиги осмонлару ерча бўлган, тақводорлар учун тайёрлаб қўйилган жаннатга шошилинг” (Оли Имрон 133).
Оят давомида Аллоҳнинг ўзи тақводор ким эканини баён қилади: “Улар енгилликда ҳам оғирликда ҳам яъни (фақирликда ҳам, бой бадавлатликда ҳам) нафақа қиладиганлар, ғазабини ютадиганлар ва одамларни афв қиладиганлардир. Аллоҳ яхшилик қилувчиларни ёқтирадир. Ва улар фоҳиша иш ёки ўзларига зулм қилган чоғларида Аллоҳни эслаб, гуноҳларини мағфират қилишини сўрарлар, гуноҳларини Аллоҳдан ўзга ким ҳам мағфират қиларди? Ва улар билиб туриб, қилган гуноҳларида бардавом бўлмаслар” (Оли Имрон 134-135).
Демак тақводор инсон ҳам камчиликка йўл қўйиши ва Аллоҳга гуноҳ содир этиши мумкин. Аллоҳнинг фазлу карамига эътибор берилса, Аллоҳ тақводорларни улар шундай, шундай сифатга эгадирлар — деб, кейин: “Ва улар фоҳиша иш ёки ўзларига зулм қилган чоғларида Аллоҳни эслаб, гуноҳларини мағфират қилишини сўрарлар”— деди.
Ҳа, улардан ҳам гуноҳ содир бўлди. Улар: “Гуноҳларини мағфират қилишини сўрарлар, гуноҳларини Аллоҳдан ўзга ким ҳам мағфират қиларди”?
“Аллоҳ гуноҳларни мағфират қилмайди”, дейиш ақлга тўғри келадими? Аллоҳдан бошқа гуноҳларни мағфират қилувчи борми?
“Гуноҳларини Аллоҳдан ўзга ким ҳам мағфират қиларди? Ва улар билиб туриб, қилган гуноҳларида бардавом бўлмаслар”.
Демак, инсон чиройли хотима топиб Аллоҳнинг ҳузурига бораркан, Унинг ҳузурида дунёнинг лаззатлари ва унинг матоларини унуттирувчи ҳушхабарни кўради. У бир лаҳза ўз кўзи билан кўрган ўзининг охиратдаги қисматига назар солади.
Аллоҳнинг бу ҳақида айтган ушбу сўзига ҳам эътибор беринг!
“Албатта, “Роббимиз Аллоҳ” деган, сўнгра мустақийм бўлганларнинг устиларидан фаришталар: “Қўрқманглар, маҳзун ҳам бўлманглар, ўзингизга ваъда қилинган жаннат хушхабарини қабул қилинглар. Биз ҳаёти дунёда ҳам сизларнинг дўстларингиздирмиз. Сизга у(жаннат)да кўнглингиз иштаҳа қилган нарса бордир ва сизга унда орзу қилинган нарсангиз бордир. Бу ўта мағфиратли ва ўта раҳимли Зотдан зиёфатдир”, деб тушарлар (Фуссилат 30-32).
Ушбу фаришталар қачон тушади? Улар дунё ҳаётида ўлим вақтидан бир оз олдин тушадилар. Ушбу оятдан кейин бунга яна қўшимча сўз айтиш мумкинми?
Аллоҳ таолонинг Каломи инсон ҳаётини унга ўлим вақти яқинлашиб, ўлим тўшагига ётган вақтини ва унга жон талвасаси бошланган вақтдаги унинг ҳолатини бизга тасвирлаб бермоқда.
Биз инсонларни гуноҳдан ҳоли деб айтолмаймиз. Ҳеч бир инсон гуноҳдан ҳоли эмас. Лекин бу инсон қачон гуноҳ содир этиб қўйса Аллоҳ таолога мурожаат қилади. Қачон четга оғишса Унга қайтиб тавба қилади. Мана шунинг ўзи кифоя қилади. Аллоҳ у ҳақида нима дейди?
“Албатта, “Роббимиз Аллоҳ” деган, сўнгра мустақийм бўлганларнинг устиларидан фаришталар… тушарлар”.
Вафотларидан олдин раҳмат фаришталари тушади ва улар: “Қўрқманглар, маҳзун ҳам бўлманглар, ўлим сизлар ўйлагандек ва сизлар тасаввур қилганингиздек қўрқинчли эмас. Ўлим ўзларингиз интизор бўлган ва сизларни кутиб турган неъматларни қучишдир”— дейди.
Улар: “Биз ҳаёти дунёда ҳам сизларнинг дўстларингиздирмиз. Сизга у(жаннат)да кўнглингиз иштаҳа қилган нарса бордир ва сизга унда орзу қилинган нарсангиз бордир”…
Пайғамбарлар ва уларнинг ворислари – авлиёлар, яъни комил инсон бўлганлар башарият ниқоби билан ўралган қуёшлардир. Уларнинг ҳимоясида бўлки, сенга доим ёмонлик қиладиган нафсингнинг қўлидан қутуласан. Жалолиддин Румий
Манбаалар асосида Нилуфар БЕРДИЕВА тайёрлади
“Хожа Бухорий” ислом таълим муассасаси
“Ўқув-услубий” бўлим бошлиғи
