Ислом динида ўзгага озор бериш йўқ
23

Барчамизга маълумки ислом тинчлик динидир. Динимиз ҳеч бир жонга ноҳақ озор бермасликка буюради. Ўзгаларга озор бериш улкан гуноҳлардан ҳисобланади.
Аллоҳ таоло ўз каломида шундай марҳамат қилади.
وَٱلَّذِینَ یُؤۡذُونَ ٱلۡمُؤۡمِنِینَ وَٱلۡمُؤۡمِنَـٰتِ بِغَیۡرِ مَا ٱكۡتَسَبُوا۟ فَقَدِ ٱحۡتَمَلُوا۟ بُهۡتَـٰنࣰا وَإِثۡمࣰا مُّبِینࣰا
«Мўмин ва мўминаларга, улар бирор нарса қилмасалар ҳам, озор берадиганлар, батаҳқиқ, ўз устларига очиқ бўҳтон ва гуноҳни олибдилар.»
(Аҳзоб сураси 58-оят)
Ояти карима ўзгаларга озор беришнинг барча турини ўз ичига олади. Бировнинг савдоси устига савдо қилишдан тортиб жонга озор беришгача. Ҳаттоки Имом Шофеий ушбу ояти каримани қачонки қалбига оғир ботса, таомланаётганда таомнинг шеригига яқин жойидан олиб ейишнинг ҳаром эканлигига далил қилган эканлар.
Фузайл ибн Иёз айтадилар: «Сенга ҳатто на итга ва на тўнғизга ҳам бекорга озор бериш жоиз эмас. Қолганику қўявер!»
Шуни ҳам билиб олишимиз керак-ки, азиятни тўсиш эса мўмин учун садақадир. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Зарр розияллоҳи анҳуга: » Инсонларга ёмонлик қилишдан тийиласан. Бу ўзингдан ўзинга садақадир!» дедилар.
(Муттафақун алайҳ)
Яҳё ибн Маийн айтадилар: «Сизда мўминнинг учта насибаси бўлсин. Агар фойдангиз тегмаса зарарингиз ҳам тегмасин. Агар ҳурсанд қила олмасангиз ҳафа ҳам қилманг. Уни мақтай олмасангиз мазаммат ҳам қилманг».
Кишилардан азиятни тўсиш жаннатга киришга сабабчи бўлиши мумкин.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Бир киши йўлнинг юзида ётган дарахт шохини олдидан ўтиб қолиб «Аллоҳга қасамки, буни мусулмонларга азият бермаслиги учун четга олиб қўяман» деди. Бас Аллоҳ уни жаннатга киргизди».
Азиятдан тийилиш ҳақиқий мусулмонликнинг нишонасидир. Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам «Қанқай мусулмон яхши?» деб сўралганларида «Мусулмонлар қўли ва тилидан саломат бўлгани» дея жавоб бердилар. (Бухорий ривояти).
Ҳикматуллохон ҲОМИДОВ
“Хожа Бухорий” ислом таълим муассасаси ўқитувчиси
