Жамоат билан бирга бўлайлик!

23

Асри саодатда, ҳазрати пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳамда саҳобаи киромлар даврида ҳеч қандай мазҳаб бўлмаган, унга ҳожат ҳам йўқ эди. Чунки, у вақтда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳамда саҳобаи киромлар бор эдилар. Ҳар қандай масалада иккиланиш ёки шубҳа пайдо бўлса, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўраб ва дарҳол тўғри жавобни олардилар. Аммо, у зотдан кейин қисқа муддат ичида улкан футухотлар рўй бериб, ислом дунёси кенгайди, шаръий масалаларда ихтилофлар юзага чиқа бошлади. Исломни ичидан емирмоқчи бўлган мажусий, мусавий, исавий ва зардуштийлар мусулмонларнинг фикрларини чалғитиш, чалкаштириш учун шайтоний тарғиботлар юргизишган.

Ботил ақидали бидъатчи фирқалар кўпайгач, калом илми (ислом фалсафаси) фиқҳ илмидан ажралиб чиқиб, тафсир ва ҳадис илмлари каби асосий илмлардан бирига айланди. Бу илмнинг асосчи самарқандлик Ҳазрати Имом Абу Мансур ал-Мотуридий ва ироқлик Ҳазрати Имом Абул Ҳасан ал-Ашъарий ислом оламининг осмонида ёрқин юлдузлар каби порладилар. Калом илми билан биргаликда ҳадис ва фиқҳ илми равнақига улкан ҳисса қўшган аллома Абу Мансур алМотурудий ҳанафий мазҳаби фиқҳини мукаммал ўрганиб, ўз ақидавий таълимотларида унинг «АлФиқҳул-акбар» (Улуғ фиқҳ) китобига асосландилар. Имом Мотуридий яшаган даврда ислом оламида эътиқод масаласида бир-бирига қарама-қарши фирқалар ўртасида мунозаралар кучайиб, у баъзан қонли можаролар билан якунланар эди. Ана шундай зиддиятли даврда Имом Мотуридий ҳазратлари қиличлар ҳал қила олмаган, мусулмонларни тарқоқликка олиб бораётган эътиқодий оқимларга қарши ўз ақлу заковатлари, ояту ҳадислардан олинган, ҳар қандай ақлни таслим қиладиган далиллар асосида ўта муҳим муаммоларни ҳал этдилар. Ислом ақоидини парокандалик ва эътиқодий бузуқликлардан сақлаб қолгани учун «Мусаҳҳиҳу ақидатил-муслимин», яъни «Мусулмонлар эътиқодини тузатувчи» ва «Аъламул ҳудо», яъни «Ҳидоят йўлини, ҳақ йўлни билувчи зот» унвонларига мушарраф бўлдилар.

Ҳозирги пайтда дунёдаги барча мусулмонларнинг учдан икки қисми Мотуридий ақидасига, бир қисми Имом Ашъарий ақидасига амал қилади. Имом Аҳмад ривоят қилган ҳадисда: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам «Умматим 73 фирқага бўлинади, биттасидан ташқари барча фирқалар дўзахга киради», деганлар. Шунда саҳобаи киромлар: Ё Расулуллоҳ, нажот топадиган бу фирқаи ножия қайсидир!- деб сўрашганида, Пайғамбаримиз Муҳаммад салаллоҳу алайҳи ва саллам: «Улар менинг ва саҳобаларимнинг йўлини тутганлар», деб жавоб бердилар. Пайғамбаримиз хабар қилганларидек, ислом уммати тезда 73 фирқага бўлиниб кетди. Уламои киромлар мусулмонларни ботил, гумроҳ, бидъатчи фирқалардан асраш мақсадида уларга пайғамбаримиз хабар қилган ножия фирқа эътиқоди қандайлигини тушунтирдилар. Пайғамбаримиз ва саҳобаи киромларнинг эътиқод ва амаллари Қуръони карим, ҳадис таълимотларига мос эканини исботлаб, соф исломий ақидани вужудга келтирдилар. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўргатганларидек — ақидага эга бўлганларни ножия, яъни, аҳли суннат валжамоат деб ижмоъ (иттифоқ) қилдилар. Ана шу Суннат ва жамоатдан ажраб чиқиш бидъат ва адашишдир. Бу ҳақда Абу Шакур Муҳаммад ибн Абдуллоҳ Солимий Кешийнинг «Ат-тамҳид фи баёнит-тавҳид» китобида шундай келтирилади. Суннат ва жамоатдан ажраб чиқиш бидъат ва адашишдир ҳамда ажраб чиққан киши дўзах аҳлидандир. Бунга далил “Ҳужжатлар келгандан кейин ҳам бўлиниб, ўзаро ихтилофга берилган кимсаларга ўхшаманг! Ана ўшаларга улкан азоб бордир” (Оли Имрон сураси, 105-оят) ояти. Пайғамбардан (алайҳиссалом) ривоят қилинади: “Умматим мендан кейин етмиш уч фирқага бўлиниб кетади. Уларнинг биттасидан ташқари барчаси дўзахда бўлади”. Мана шу биттаси аҳли сунна вал жамоа бўлиб, уларга Пайғамбар (алайҳиссалом) жаннатий деб гувоҳлик бердилар. “Зеро шайтон бир киши билан бўлади, икки кишидан узоқроқ бўлади…”. Ибн Умар (розияллоҳу анҳумо) Пайғамбардан (алайҳиссалом) ривоят қилади: “Аллоҳ таоло бу умматни залолат устида жамламайди. Аллоҳ таолонинг яди жамоат билан бирга ва жамоат устида мана бундай. Катта жамоатга эргашинглар. Ким катта жамоатдан ажралиб, якка ҳолда бўлса, дўзахда ҳам якка ҳолда бўлади” (Ҳоким «Мустадрак»да ривоят қилган). Жамоат — бу катта қоралик (жамоат)га тўпланган кишилар.

Абдуллоҳ ибн Масъуддан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) битта тўғри чизиқ чизиб, айтдилар: “Бу Аллоҳ таолонинг дини”, деб кеин ушбу чизиқнинг ўнг ва чап томонига бир нечта чизиқлар чизиб, айтдилар: “Булар ҳам йўллар бўлиб, ҳар бир йўлнинг бошида унга даъват қиладиган шайтон бўлади”. Сўнг ушбу оятни тиловат қилдилар: “Албатта, мана шу (Менинг) Тўғри йўлимдир. Унга эргашинг! (Бошқа турли) йўлларга эргашманг! Акс ҳолда, улар сизларни Унинг йўлидан айириб қўяди…” (Анъом сураси, 153-оят).

Катта жамоат аҳли — булар Абу Саид Худрий, Ҳасан ибн Абу Саид Басрий, Суфён Саврий, Авзоъий, Алқама, Асвад, Иброҳим Нахаъий, Шаъбий, Молик, Ҳаммод, Ибн Абу Лайло, Абу Ҳанифа каби саҳобалар, тобеинлар ва таба тобеинлар ҳамда уларнинг издошлари ва шогирдларидан Қози Абу Юсуф, Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбоний, Зуфар, Ҳасан ибн Зиёд, Довуд Тоий, Муҳаммад ибн Идрис Шофиъий,бу Абдуллоҳ Музаний, Хуросон фақиҳларидан Абу Мутеъ Балхий, Абу Сулаймон Жузжоний, Абу Ҳафс Жаъфар Кабир Бухорий, Шақиқ ибн Иброҳим ва Иброҳим ибн Адҳам кабилар. Буларнинг барчаси Жаъфар Содиқ ва Абу Ҳанифанинг шогирдларидир. Улардан кейин издошлари, яъни Пайғамбар (алайҳиссалом) вақтидан бошлаб ҳозирги кунга қадар мусулмонлардан иборат дин фақиҳлари ва жамоати катта жамоат аҳли ҳисобланади. Булар динни саҳобалар ва бошқалардан иборат жамоанинг оғизлари ва қўлларидан олганлар ва бу нарса ҳеч қандай низосиз ва инкорсиз нақл қилинган.

Али суннат вал жамоа аҳли мазкур саҳобалар ва имомлар ҳамда уларнинг издошлари бўлган мусулмонлар ва имомлардан иборат эканига далил — ҳавои нафс ва бидъат аҳли етмиш иккита фирқага бўлинди. Улардан бир фирқа бирор масалада бизга хилоф қилса, қолган етмиш битта фирқа биз билан ҳамфикр бўлса, мана шу битта фирқа ўз сўзида хато қилувчи ва динида бидъатчи бўлади. Шунингдек, иккинчи фирқа бирор масалада бизга қарши бўлса, биринчи фирқа унинг хатоси ва бидъатида бизга ҳамфикр бўлса, мана шу иккинчи фирқа ўз сўзида хато қилувчи ва динида бидъатчи бўлади. Шунингдек, барча бидъатчи фирқалар умматга ва жамоатга бирор-бир масалада хилоф қила олмайдилар. Балки ўзларидан бирортасига хилоф қилиши мумкин, бошқага хилоф қилолмайди. Бирор-бир масалада улардан битта фирқанинг хилофи эътиборга олинмайди ва ўзига қайтарилади. Бундан маълум бўладики, жамоат ва суннат саҳобалар, тобеинлар ва таба-тобеинлар ҳамда қиёмат кунигача бўладиган уларнинг издошлари бўлган фақиҳлар ва мусулмонлар билан бирга бўлган.

Ҳақиқатда сунна ва жамоатга эргашиш ва улар билан ҳамфикр бўлиш юқорида зикр қилинган имомлар ва саҳобаларда мавжуд. Хуросон ва Мовароуннаҳр, Ғазна шаҳарлари ва Турк диёрларидан иборат Шарқ ва Хитой шаҳарларидаги тўғри йўл имомлари — машойихларимиздан ҳам бу нарса амалга ошган. Улар Аллоҳ таолонинг китоби, Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) суннати ва юқорида зикр қилинган саҳобалар ва тобеинлар сийратидан иборат ҳужжатлари ва далиллари билан дин қоидалари ва рукнларини ягона йўл ва суннатга кўра исбот қилдилар. Бу Аллоҳ таолонинг, мурсалин ва мусулмонларнинг йўлидир. Аллоҳ таоло бу ҳақда: “Айтинг: Менинг йўлим — шу! Мен ва менга эргашганлар аниқ ҳужжат билан Аллоҳга даъват этамиз…” (Юсуф сураси, 108-оят) деб марҳамат қилади. Мазкур оят: “Айтинг: Бу — ҳужжат, ривоят, далил, нур, зиё ва аниқ ҳужжат билан бўлган менинг диним. Мен ва менга эргашганлар аниқ ҳужжат билан Аллоҳга даъват этаман” маъносига далолат қилади. Сўнг ким ҳужжатсиз бирор йўлни танласа, адашган бўлади ҳамда хато қилувчи ва бидъатчи бўлади.

Ҳақиқатда сунна ва жамоатга эргашиш ва улар билан ҳамфикр бўлиш юқорида зикр қилинган имомлар ва саҳобаларда мавжуд. Хуросон ва Мовароуннаҳр, Ғазна шаҳарлари ва Турк диёрларидан иборат Шарқ ва Хитой шаҳарларидаги тўғри йўл имомлари — машойихларимиздан ҳам бу нарса амалга ошган. Улар Аллоҳ таолонинг китоби, Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) суннати ва юқорида зикр қилинган саҳобалар ва тобеинлар сийратидан иборат ҳужжатлари ва далиллари билан дин қоидалари ва рукнларини ягона йўл ва суннатга кўра исбот қилдилар. Бу Аллоҳ таолонинг, мурсалин ва мусулмонларнинг йўлидир. Аллоҳ таоло бу ҳақда: “Айтинг: Менинг йўлим — шу! Мен ва менга эргашганлар аниқ ҳужжат билан Аллоҳга даъват этамиз…” (Юсуф сураси, 108-оят) деб марҳамат қилади. Мазкур оят: “Айтинг: Бу — ҳужжат, ривоят, далил, нур, зиё ва аниқ ҳужжат билан бўлган менинг диним. Мен ва менга эргашганлар аниқ ҳужжат билан Аллоҳга даъват этаман” маъносига далолат қилади. Сўнг ким ҳужжатсиз бирор йўлни танласа, адашган бўлади ҳамда хато қилувчи ва бидъатчи бўлади.

Аллоҳ таоло барчамизни турли хил адашишликлардан сақлаб, Ўзининг ҳақ йўлида бардавом қилсин!

 

Манбалар асосида “Хожа Бухорий” ислом таълим муассасаси 2-курс талабаси Файзуллаев Солихжон манбалар асосида тайёрлади