БИДЪАТ МАСАЛАСИ
17

У қанчалар солиҳ бўлса ҳам бари бир инсон.
Нима учун мен қайтараман биласизми?!
Хатто масжидга кирган вақтимда мен учун ўринларидан турадиган кишиларга нисбатан баъзида жаҳл чиқадиган даражада танбеҳ бераман!
Уларни бу ишдан қайтаришимнинг сабаби биринчидан бу масжид, у менинг уйим эмас Аллоҳнинг уйи.
Иккинчидан бу иш Аллоҳ азза ва жаллага нисбатан беодоблик саналади.
Биз бу ўринда масжидда туриб намоз қоим қилиш учун Аллоҳдан бошқа кимсага ўрнимиздан турган бўлиб қоламиз.
Бу иш орамизга суқилиб кираётган бидъат бўлиб, биз бунга қарши курашмоғимиз лозим! Имом Бутий
Аллома ибн Ҳажар Маккий раҳимаҳуллоҳ ўзларининг “Фатҳул Мубийн” номли асарларида бидъатнинг луғавий маъносини қуйидагича келтирганлар:
“Бидъат сўзи луғатда – ўхшаши бўлмаган, янги нарсани пайдо қилиш”, деган маънони беради.
“Баҳрул Лайолий шарҳи Бадъул Амолий”да эса, бидъати луғавий маъносини “Аввал бўлмаган, ўхшаши йўқ нарсани пайдо қилиш” деб келтирганлар. Шундан келиб чиқиб, мазкур уламолар бидъат хоҳ ибодатларда бўлсин, хоҳ одатларда бўлсин, яхши бўлсин Қуръон ва суннатда мавжуд бўлмаган янги пайдо бўлган нарса деб қараганлар. Уламолар луғавий бидъатни беш қисмга бўлганлар.
Биринчиси: Вожиб бидъат. Наҳв илмини ўрганиш бидъатнинг шу турига киради. Чунки бу илмни билмасдан Қуръон ва Суннатни билиб бўлмайди. Бу икки манбаани ўрганиш вожиб. Вожибни бажаришга хизмат қиладиган нарса ҳам вожиб бўлади. Демак, Қуръон ва Суннатни ўрганиш учун наҳвни ўрганиш вожиб.
Иккинчиси: Ҳаром бўлган бидъат. Мўътазила, Жабария ва ҳозирги салафий ҳамда аҳли суннага зид бўлган турли фирқа ва оқимларни таъсис этиш. Чунки, булар ҳам Исломнинг илк даврларида бўлмай, кейинчалик турли мақсадларда ташкил қилинган бўлиб, асосан соф Ислом ақидасини нотўғри талқин қилиш, Исломга ва мусулмонларга зарар бериш билан танилган. Шунинг учун бундай фирқа ва оқимларга кириш ҳаром ҳисобланади.
Учинчиси: Мустаҳаб бидъат. Масжидларга миноралар қуриш, маъҳад ва мадрасалар барпо этиш ва Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларини ўрганиш учун турли мажлислар ташкил қилиш мустаҳаб бидъатлар сирасига киради.
Тўртинчиси: Макруҳ бидъат. Масжидларга ҳаддан ошиқ зийнат бериш.
Бешинчиси: Мубоҳ бидъат. Еб-ичиш, кийим-кечак, маскан-манзилларда кенгликка йўл қўйиш. Яъни агар ҳалолдан бўлса, киши ўзи яшайдиган манзилини ўта чиройли таъмирласа, фахр ва кибрдан ҳоли бўлиб, қимматбаҳо кийим кийган бўлса ва емоқ-ичмоғида кенгчиликка йўл қўйса, гуноҳкор бўлмайди. Чунки, шаръан бу пайтда мазкур ишлар мубоҳ саналади.
Шу ўринда баъзи уламоларни бидъатни ҳақиқий ва изофийга тақсимлаб, динда мутлақо асоси бўлмаган амалларни ҳақиқий бидъат десалар, динда асоси бор бўлиб, лекин унга турли қайдлар, қўшимчалар қўшилиши натижасида вужудга келган бидъатларга бўлганлигини айтиб ўтиш мақсадга мувофиқдир. Масалан, маййитга савоби етсин учун унинг номидан садақа қилиш. Бунинг асоси динда бор бўлиб, Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Қабрдаги маййит худди ёрдам сўраб ғарқ бўлаётган кишига ўхшайди. Отаси, ёки онаси, ёки туғишгани, ёки дўстидан унга етадиган дуони кутиб туради. Агар дуо унга етиб келса, бу унинг учун дунё ва ундаги нарсалардан кўра севимли бўлади. Аллоҳ таоло тирикларнинг дуоларини қабр аҳлига тоғдек қилиб етказади. Тирикларни ўликларга ҳадяси улар ҳаққига истиғфор айтишдир” дедилар” (“Мишкотул масобиҳ”, Имом Байҳақий ривояти).
Фойда: Ушбу ҳадисда тирикларнинг амаллари хоҳ дуо бўлсин, хоҳ молиявий тоат бўлсин, хоҳ баданий ибодат бўлсин вафот этганларга наф бериши ошкора баён этилган.
Тирикларни маййитга садақа қилишлиги ва унинг савоби етиши ҳақ бўлса-да, лекин садақани махсус кунларга қайдлаш, ўша кунларда қилиш керак деб билиш яна унга қўшимчалар қўшишни изофий бидъат деганлар.
Манбаалар асосида Алимардон КАРОМАТОВ тайёрлади
“Хожа Бухорий” ислом таълим муассасаси 3-курс талабаси
