РИЗҚНИ КЕНГ, УМРИНИ УЗОҚ ҚИЛУВЧИ ЯХШИЛИК

30

Анас разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимни ризқи кенг, умри узоқ бўлиш хурсанд этса, бас у силаи раҳм қилсин, (яъни қариндошлик ришталарини мустаҳкамласин), дедилар”.

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Насабларингизни билиб олинглар. Шу билан қариндошлик алоқаларини боғлайсизлар! Чунки силаи раҳм (қариндошлик алоқаларини боғлаш) аҳлига муҳаббат пайдо қилади, бойликни кўпайтиради ва умрни зиёда қилади”, дедилар. (Имом Термизий, имом Аҳмад ва Ҳоким ривоят қилган).

“Умри узоқ бўлиш”дан мурод эса, аввало банда умрининг баракали, манфаатли ва файзли бўлишидир, Баъзилар: “Умрнинг зиёда қилиниши солиҳ зурриётдир” деган. Чунки ортидан солиҳ зурриётлар қолиб, унинг ҳаққига истиғфор айтилса, фарзандлари Аллоҳнинг амрига мувофиқ ҳаёт кечирса, улар қилаётган яхши амаллар савоби камайтирилмасдан ота-оналарига етиб туради.

Демак, кимки дунёда ризқи кенг ва баракали, ҳаёти фаровон ва осуда, умри савобли ишларга тўла бўлиши, ортидан солиҳ ва солиҳа фарзандлар қолиши, вафотидан кейин ҳам кишилар томонидан яхши хотиралар билан эсланиши ва номаи аъмолига солиҳ амаллар ёзилиб турилишини хоҳласа, қариндош-уруғлари билан яхши муомалада бўлиши ва уларнинг ҳолларидан хабар олиб туриши, хоҳ моддий, хоҳ маънавий томондан бўлсин қариндошларига ёрдам қўлини чўзиши керак.

Муқаддас динимизда силаи раҳм алоқаларини боғлаш, мустаҳкамлашга ниҳоят даражада қаттик эътибор қилинган. Кўпла оят ва ҳадисларда бу мавзу эсга олинган. Силаи раҳмнинг фазилати, аҳамияти ва зарурати жаноби Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муборак ҳадисларида такрор-такрор айтилган. Мўъминларнинг асосий сифатлари баён қилинган оятларда уларнинг қариндош уруғлар билан алоқани боғлашлари ҳақидаги сифатларига алоҳида урғу берилади. Бунинг муқобилида эса бузғунчи бўлган қавмларнинг ёмон сифатлари зикр қилинганда, уларнинг Аллоҳ буюрган ришталарни узишлари ҳақида яъни силаи раҳм қилмасликлари ҳақида хабар берилади. Албатта, бу бежиз эмас. Динимизнинг силаи раҳмга бу қадар юксак аҳамият қаратиши унинг нечоғли аҳамиятга молик бир иш эканидан далолатдир.

Силаи раҳм қариндошлар билан муносабатлар чиройли бўлиш, уларнинг хурсандчиликлари билан қувониш, мусибат етганда ҳамдард бўлиш, муҳтож бўлсалар имкон қадар ёрдам бериш, уларни доимо ҳолидан хабар олиб  туриш, кўнгилларини олиш, дилларини оғритишдан сақланиш, улардан бирор ёмонлик етса ҳам кек сақламай кечириб юбориш, қалбида уларга нисбатан ҳасад ва адоват сақламасдан ўртада муҳаббат пайдо қилишни ўз ичига олади.

Бугунги кунда баъзи ҳолларда кўзга ташланадиган нохуш воқеалар динимиз кўрсатмаларига тўғри келмайди. Қариндошлар, ака-ука, опа-сингиллар ўртасида арзимаган мол-мулк, ерни деб келишмовчиликлар чиқиши ёки секин-секин муносабатлар ёмонлашиб, ўзаро узоқлашиб, бегоналардек бўлиб кетишлари, бир-бирларини йўқлаш, тез-тез хабарлашишни ҳам унутишлари ўта аянчли ҳолатдир. Бу ишларга мол-дунёнинг сабабчи бўлаётгани янада аянчлироқдир. Ваҳоланки, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам молу-мулк ҳақида бундай деганлар:

عن أبي هريرة رضي الله عنه؛ قال: قال رسول الله صلى الله عليه وسلم: «تقيء الأرض أفلاذ كبدها أمثال الأسطوان من الذهب والفضة». قال: «فيجيء السارق، فيقول: في هذا قطعت يدي! ويجيء القاتل فيقول: في هذا قتلت! ويجيء القاطع فيقول: في هذا قطعت رحمي! ثم يدعونه فلا يأخذون منه شيئًا.رواه  مسلم، والترمذي

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ер ўзининг олтин ва кумушдан бўлган хазиналарини устунлардек уюм-уюм қилиб чиқариб ташлайди. Шунда ўғри келади ва: “Мен шулар сабабли (ўғрилик қилиб) қўлим кесилганди”, дейди. Қотил келади ва: “Мен шулар сабабли (одам) ўлдиргандим”, дейди. Силаи раҳмни узган келади ва: “Мен шулар сабабли силаи раҳмни узгандим”, дейди. Кейин улар бу нарсаларни ташлайдилар ва ундан ҳеч нарса олмайдилар”, дедилар. (Имом Муслим имом Термизий ривояти).

Демак, барчадан қоладиган мол-дунёни деб Аллоҳ таолога осий бўлиш, у буюрган амрларни тарк этиш, хусусан силаи раҳмдек дунё ва охиратимиз учун ўта фойдали ишга бепарво бўлиш мўмин-мусулмонга ярашмайдиган иш ҳисобланади.

Аллоҳ таоло барчаларимизни силаи раҳмдек буюк ибодатга амал қиладиган ва унинг фазилатларига эришадиган бандалардан айласин.

Халиков Нурулло

“Хожа Бухорий” ислом таълим муассасаси

ўқитувчиси