ҚУРЪОНИ КАРИМНИНГ ЁШ АВЛОД ТАРБИЯСИ ВА УНИНГ ТАРАҚҚИЁТИДАГИ ЎРНИ

23

Диний китобларнинг тарбиявий аҳамияти.

Қуръони Карим – ахлоқий-фалсафий

таълимотлар манбаи.

Илм кишиларга наф келтириши лозим. Олимлар илм ўрганиб бошқалар йўлини ёруғ қилишлари, уларга раҳномо бўлишлари жоиз. “Илм икки хилдир, бири қалбда бўлади – уни илми нофеъ (фойдали) дейилади, иккинчиси тилда бўлади – у одам боласига юборган Аллоҳ таолонинг хужжатидир” (95-ҳадис). Илм фойдали бўлиши учун у одамларга ўргатилиши лозим. Илмли киши садоқатли бўлиши, кишиларга яхшиликни ўргатиши керак. Илм билимли киши учун фазилат бўлса, бу ҳолатни у бошқаларга сингдириши зарур.

“Одамларга яхшиликни ўргатиб, ўзини эсидан чиқарган олим, кишиларга ёруғлик бериб, ўзини қуйдирадиган шамчироққа ўхшайди” (106-ҳадис) ёки “Илмни ўрганиб уни ҳеч кимга айтмаётган одам бойликни тўплаб уни ҳеч (нарсага) сарф қилмаётган бахилга ўхшайди” (106-ҳадис).

Илму хикмат ўткинчи эмас, у абадий. Шунинг учун мўмин кишига вафотидан кейин етиб турадиган савоб нарса унинг тарқатган илмдир.

Ҳадисларда илмли киши мевали дарахтга ўхшатилади. Лекин илмли кишининг айтадиган фикрлари бошқаларга хуш келиши, тушунарли бўлиши даркор. Пайғамбаримиз Муҳаммад ﷺ ўз ҳадисларида ваъз айтганда кишиларни зериктирмаслик, айтилаётган фикрни тушунарли бўлишини таъкидлаган: “Осонлаштирингиз, қийинлаштирмангиз! Хушхабар айтингиз, нафратлантирмангиз (ўзингиздан бездирмангиз)!” (121-ҳадис).

Илмни ўрганиш шахсий манфаат учун бўлмаслиги даркор. “Бир киши Аллоҳ илмини (Исломни) теран ўрганадир, теран тушунадир ва ундан манфаатланадир ва Аллоҳ юборган ҳидоятни ўзи ўрганиб, ўзгаларга ҳам ўргатадилар. Иккинчи бир киши илм ўрганиб, одамларга ўргатадилар. Аммо ўзи амал қилмайди. Учинчи бир киши мутакаббирлик қилиб ўзи ҳам ўрганмайдир, ўзгаларга ҳам ўргатмайдир. Булардан биринчиси мўъмин, иккинчиси фосиқ, учинчиси кофирдир” (26-ҳадис).

Илм кишиларни одиллик ва инсонпарварликка ундайди. Илмли кишиларни ҳадисларда унумдор тупроққа ўхшатиладики, ундан унган ўсимликлар, гиёҳлар инсонларни озиқлантиради. Сув ерларга ҳаёт бағишлаганидек, илм ҳам кишиларга эзгулик, яхшилик келтиради: “Илм кўп ёққан ёмғирга ўхшайдир. Баъзи ер соф унумдор бўлиб, ёмғирни ўзига сингдирадир-да, ҳар хил ўсимликлар ва кўкатларни ўстирадилар ва баъзи ер қурғоқ, қаттиқ бўлиб, сувни эммасдан ўзида тўплайдир. Ундан Аллоҳ таоло бандаларини фойдалантиргайдир. Одамлар сувдан ичгайдир, ҳайвонларни ва экинларни суғоргайдирлар. Баъзи ер эса текис бўлиб, сувни ўзида тутиб қолмайдир, кўкатни ҳам кўкартирмайдир”, – дейилади ҳадисларда.

Илм, ҳикмат ўрганмоқ мўминнинг энг юксак фазилатидир. Чунки илм кишиларга таянч, раҳнамо, зебу-зийнат, мўмин учун илм ҳаётининг йўлдоши ва душманларга қарши курашда қуролдир. “Илм эгалланг! — деб хитоб қилган пайғамбаримиз ﷺ. – Илм саҳрода дўст, ҳаёт йўлларида таянч, ёлғизлик дамларида – йўлдош, бахтиёр дақиқаларда – раҳбар, қайғули онларда – мададкор, одамлар орасида – зебу-зийнат, душманларга қарши курашда – қуролдир”. Шунинг учун илм олиш йўлида ҳар қандай риёзат бўлса ҳам киши ундан қайтмаслиги керак. Илм-ҳунар ўрганиш машаққатдир. Аммо инсон ўз иродаси, ақл-заковати билан унга интилмоғи лозим. Пайғамбаримиз Муҳаммад ﷺ “Илму ҳунарни Хитойдан бўлса ҳам бориб ўрганинглар”, дейди (126-ҳадис).

Илм – бу маърифат, фазилат. Илм жамият мусаффолигининг белгисидир. Илм- маърифат бор жойда диёнат бор. Агар илм сусайса – жаҳолат, нодонлик кучаяди. Илмсиз мамлакатда фитналар кучаяди, қотиллик авж олади. Илм сусайса нопоклик, фоҳиша зўраяди. Бу борада ҳадисларда: “Илмнинг сусаймоғи – жаҳолатнинг кучаймоғи, зинонинг авж олмоғи, хотинларнинг кўпаймоғи – эркакларнинг озаймоғи”, – дейилади (36-ҳадис).

Илм – хикмат, жамиятдаги маънавият манбаи. Шунинг учун илм ўрганиб уни тарқатиш авж олса фитналар, ҳараж (қотилликнинг) олди олинади. Ҳадисларда уламолар илм ўрганиб, илм тарқатишга киришсинлар, билмаганларга ўргатсинлар. Зеро, илм сир тутилса, ҳалокат бошланади, деб айтилган. Шу билан бирга илм фақат бировлар мулки эмас, у бутун мўминларнинг маънавий мулкидир. Илмни сир тутиш, уни тарқатмаслик жамиятни ҳалокатга олиб келади. Ҳадисларнинг ўзидек илм, хикмат ҳам умумбашарият мулки бўлмоғи лозим.

Ҳадисларнинг қимматли, инсоний ва ахлоқийлиги шундаки, уларда барча масалалар ҳолисона ифодаланган. Уларда таълимнинг ҳозирги кўп муаммолари ўзига хос тарзда баён этилган. “Ҳар бир мусулмонга илмга интилиш фарздир”. Бу фикр таълимнинг умумий мажбурийлигига ишора эмасми? Бу фикрлар Я.А. Каменскийнинг “Буюк дидактика”си  ёзилмасдан бир неча аср аввал айтилган.

Умуман ҳадислардаги фикрларнинг қимматли томони яна шундаки, улар умумбашарийдир. Улар бирон бир ижтимоий гуруҳ манфаати нуқтаи-назаридан ёзилмаган. Бундан ташқари улар инсоният маънавияти, ахлоқи, маданияти тараққиётининг сарчашмалари, улар ривожининг пойдеворини ташкил қилганлиги билан ҳам ардоқлидир. Қолаверса, ҳадисларнинг ўзи ҳам хикмат, ҳам илмдир.

Шундай қилиб, Қуръони Карим ва Ҳадисларда инсонни ўқиб-ўрганишга, илм воситаси билан дунёдаги воқеа-ҳодисаларнинг туб мазмун-моҳиятини англаб етишга тарғиб қилинади….. давоми бор

Акбар АСҚАРОВ,

“Хожа Бухорий” ислом таълим муассасаси

“Қуръони карим ва тажвид” фани ўқитувчиси